Закот – унга қодир бўлган инсонлар учун фарз ибодатдир. Закотни адо этмаган ёки уни инкор этган инсонларнинг оқибати қуйидаги оят ва ҳадисларга биноан хайрли бўлмайди:
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
(“Тавба” сураси, 34-35-оятлар)*.
“Эй, имон келтирганлар! (Насроний) дин пешволари ва роҳибларнинг кўпчилиги одамларнинг молларини ноҳақлик билан ейдилар ва (одамларни) Аллоҳ йўлидан тўсадилар. Олтин ва кумушларни кон (махфий хазина) қилиб олиб, уларни Аллоҳ йўлида сарф қилмайдиганларга аламли азоб «хушхабари»ни беринг! (Мазкур олтин-кумушлар) жаҳаннам ўтида қизитилиб, улар билан пешоналари, ёнлари, орқалари куйдирилган куни: «Бу ўзларингиз учун сақлаган хазинангиздир. Сақлаган хазинангиз (мазасини) тотингиз!» (дейилади).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий сoллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким туяси кўп бўлатуриб, закот бермаган бўлса, қиёмат куни энг семиз туяси келиб, уни тепкилайди, агар қўйи кўп бўла туриб, закот бермаган бўлса, энг семиз (бақувват) қўйи келиб, уни туёқлари билан тепкилаб, шохлари билан сузади», дедилар.
Расулуллоҳ алайҳиссалом яна бундай дедилар: «Қиёмат куни бирингиз елкангизда маъраб турган қўй кўтариб келиб: «Эй, Муҳаммад!» – дейсиз. Шунда мен: «Сен учун ҳеч нарса қилолмайман, мен илгари айтгандим»,- дейман. Кейин, биттангиз елкангизда бўкириб турган туя кўтариб келиб: «Эй Муҳаммад!» – дейсиз. Шунда мен: «Сен учун ҳеч нарса қилолмайман, мен илгари айтгандим»,- дейман».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан яна ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ сoллаллоҳу алайҳи ва саллам: Кимга Аллоҳ таоло мол-дунё берган бўлса-ю, у закот бермаган бўлса, жамғарган бойлиги қиёмат куни илон шаклига кириб, эгасининг танасига ўралиб олиб, чақади, сўнг: «Мен мол-дунёингман, мен хазинангман» — деб айтади»,— дедилар.
Юқоридаги фикрлар закотни бериш кераклигини биладиган, лекин зиқналик (хасислик) қилиб бермасдан юрганлар учун тегишлидир. Закотни бутунлай инкор қилувчилар учун эса бутунлай бошқача ҳукм чиқарилади. Ислом фиқҳига оид китобларнинг Закот бобида келтирилишича, ким закотни инкор этса, кофир бўлади, бордию уни адо этмаса, осий бўлади.
Аллоҳ таолонинг буйруқ ва кўрcатмаларига “лаббай” деб жавоб берадиган, уларни ўз вақтида адо этадиган бандалардан бўлишимизни насиб этсин.
*Шайх Абдулазиз Мансур томонидан таржима қилинган.