Ушбу муборак Рамазоннинг 25 куни замонавий Ислом молиясининг пешқадамларидан бўлган Солиҳ Абдуллоҳ Комил 79 ёшида вафот этди. У Саудия Арабистонилик миллиардер тадбиркор, Яқин Шарқдаги йирик “Ал-Барака” конгломерати асосчиси ҳисобланади. Йиллар давомидаги меҳнат ва сайъ-ҳаракатлари сабаб, у кишини кўпчилик “замонавий Ислом молиясининг отаси” дея эътироф этади.
Шайх Солиҳ 1969 йилда кичик тадбиркорлик корхонаси ташкил қилиб иш бошлаган бўлса, ҳозирда ушбу корхона 40 дан ортиқ мамлакатида фаолият олиб борувчи йирик конгломератга айланган. “Ал-Барака” гуруҳи сўнгги йиллар мобайнида Саудия Арабистонининг 100 та энг йирик корхоналари рўйхатида 5-ўринни эгалаб келмоқда.
Шунингдек, Шайх Солиҳ Баҳрайнда жойлашган Ислом банклари ва молия муассасалари умумий кенгашининг ва Жидда савдо палатининг раиси сифатида фаолият юритган. Ал-Барака гуруҳи ва савдо палатасининг раиси сифатида Саудия Арабитонидаги йирик портлар, эркин иқтисодий ҳудудлар, темир йўллар, замонавий аэропортлар қурилишида фаол иштирок этган.
У Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида савдони ривожлантириш учун катта ҳисса қўшган, ҳамда хайрия ва Ислом динининг ижтимоий-иқтисодий қўллаб қувватлаш усулларини ривожлантириш тарафдори бўлиб ҳаракат қилган инсон эди. Хусусан, Саудия Арабистонида 1 триллион риёл (бу 266 миллиард АҚШ долларига тенг) закот йиғиш имконияти борлиги ва бу билан кўплаб ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш мумкинлигини таъкидлаган. “Закот тўлашдаги иқтисодий ҳикматни тушунишимиз лозим. Агар закотни тўғри йиғиб, тўғри сарф қилишни йўлга қўйганимизда эди, иқтисодий ҳолатимиз сезиларли даражада яхшиланган бўларди”, – деган эди Шайх.
“Аллоҳ бирор бандасини яхши кўрса, унга берадиган яхшиликлардан бири солиҳ фарзандлардир, алҳамдулиллаҳ, Аллоҳ менга бу неъматни берди”, – деганди Шайх.
Шайх Солиҳ Абдуллоҳ Комилни Аллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин. Омин!