Келиб чиқиши Саудиялик бўлган Муҳаммад Абдуллоҳ Фарис – интернетда миллиондан ортиқ издошларига эга, профессионаллар, турли жамоалар ва оддий инсонларга иймон-эътиқодга асосланган самарадорликни ўргатишга ихтисослашган The Productive Muslim Company асосчиси ҳамда “Самарали мусулмон: иймон ва самарадорлик учрашганда” номли машҳур китоб муаллифи.
У 15 дан ортиқ мамлакатларда семинар ва тренинглар ўтказган, шунингдек, халқаро оммавий ахборот воситалари ва ТЕДх саҳнасида чиқиш қилган мураббий.
У мунтазам равишда дунёнинг етакчи 500 компанияси ва йирик халқаро ислом ташкилотларида, жумладан, Google, American Airlines, PWC ва Ислом тараққиёт банки гуруҳи таркибига кирувчи ташкилотларда маъруза қилади.
Бутун дунё бўйлаб унинг семинарларида 25.000 дан ортиқ одам қатнашган ва у интернетда миллионлаб издошларини илҳомлантиришда давом етмоқда.
2014-йилда у дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони рўйхатига киритилган.
Бугундан бошлаб биз Муҳаммад Фариснинг юқорида номи тилга олинган “Самарали мусулмон: иймон ва самарадорлик учрашганда” номли машҳур китобидан парчаларни сизларни эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз.
I – БОБ. САМАРАДОРЛИК НИМА?
Оддий қилиб айтганда, самарадорлик олти соатда бажарилиши керак бўлган вазифани уч соат ичида бажаришдир. Самарадорликни қуйидаги формула асосида таърифлаш мумкин:
САМАРАДОРЛИК = ДИҚҚАТ/ЭЪТИБОР (Focus) + ҚУВВАТ (Energy) + ВАҚТ (Time) |
Демак, самарадор бўлиш учун сизга учта нарса керак бўлади: диққат/эътибор, куч/қувват ва вақт. Агар сизда диққат ва вақт бўлсада, лекин кучингиз бўлмаса, сиз ўз вазифангизни бажаришда сусткашлик қилишингиз мумкин. Агар сизда кўп қувват ва вақт бўлсада, лекин диққат етишмаса, сиз доимо чалғишингиз ва бир ишдан иккинчи ишга сакраб қўлингиздаги вазифангизни бажара олмаслигингиз мумкин. Агар сизда куч ҳам, диққат ҳам бўлсада, аммо вақт бўлмаса, сиз шунчаки самарали бўла олмайсиз. Шундай экан, самарадорлик ушбу уч омилнинг натижасидир. Ушбу таъриф сизга нима учун самарасиз эканлигингизни англашга ёрдам беради. Ўзингизга савол беринг, сизга нима етишмаяпти? Сусткашмисиз, кўп чалғияпсизми, шошиляпсизми, балки қувватингизни тўғри тақсимламаётгандирсиз… Жавоб сизга самарадорликни ошириш учун қувват, диққат ёки вақт устида ишлашингиз кераклигини кўрсатиб беради.
Кичик огоҳлантириш…..
Тасаввур қилинг, сиз видео ўйинлари ишқибозисиз, сизда диққат бор, куч ва албатта вақт ҳам бор! Шунга қарамай, сиз бу ишингизни самарали деб ҳисоблайсизми? Йўқ албатта! Шундай экан, юқоридаги таърифга кичик бир огоҳлантириш, яъни ФОЙДАЛИ МАҚСАДни қўшиш керак, шунда САМАРАДОРЛИК = ДИҚҚАТ + ҚУВВАТ + ВАҚТ + ФОЙДАЛИ МАҚСАД формуласи чиқади. Сиз эришмоқчи бўлган нарса албатта фойдали нарса бўлиши керак, бу мақсадсиз изланиш ёки натижа бўлиши керак эмас.
Демак, самарадорлик – бу сизнинг салоҳиятингизни максимал даражада ошириш ва фойдали натижаларга эришиш учун ўзингизнинг кучингиз, диққатингиз ва вақтингиз билан ақлли танловлар (доимий равишда) қилишингиздир.
Таржимон: Мирзоҳид Низамиддинов
Муҳаррир: Жаҳонгир Имамназаров