Биз аввалроқ самарадорликни САМАРАДОРЛИК = ДИҚҚАТ/ЭЪТИБОР x ҚУВВАТ (Energy) х ВАҚТ (яъни мақсадга эришиш учун керак бўлган муддат) эканлигини айтиб ўтган эдик, мана энди самарадорликка ислом дини нуқтаи назаридан қараб, унга берилган таърифни қайта кўриб чиқамиз ва уни бироз ўзгартирамиз:
САМАРАДОРЛИК = ДИҚҚАТ/ЭЪТИБОР + ҚУВВАТ + ВАҚТ (Охиратдаги мукофотнинг энг юқори даражасига эришиш учун) |
Охиратдаги мукофотнинг энг юқори даражасига эришишга қаратилган саъй-ҳаракат – қадриятларга асосланган ва қалбни озиқлантирувчи мақсадли ҳаётнинг моҳияти бўлиб, у самарадорликни аниқроқ белгилайди.
Китобнинг қолган қисмида биз қувват диққат/эътибор ва вақтнинг ҳаётимизнинг руҳий/маънавий, жисмоний ва ижтимоий жабҳаларидаги ўрни ва аҳамиятини кўриб чиқамиз, зеро улар ҳаётимизнинг уч асосий жабҳаси ҳисобланади.
Руҳий/маънавий
Бу бизга исломда мавжуд бўлган мукаммал маънавий ғоя ва қадриятлар, анъана ва маросимлар ҳамда юксак ибрат намуналари орқали қувват, диққат/эътибор ва вақтимиз самарасини қандай ошириш мумкинлигини ўрганамиз. Булар ProductiveMuslim.com сайтида тарғиб қилинадиган асосий тушунчалар бўлиб, айнан улар ушбу китобнинг катта қисмини ташкил қилади. Бу ерда тасвирланган кўплаб тушунчалар “моддий” бўлмаслиги мумкин, чунки уларнинг ўлчови руҳият оламига тегишли. Лекин, биз буни имкон қадар мисоллар ва расмлар ёрдамида тушунтиришга ҳаракат қиламиз.
Жисмоний
Бу ерда гап бугунги кунда кўпчилигимиз самарадорликни ўрганувчи фан деб биладиган физика ҳақида. Бунда ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида биздаги мавжуд салоҳиятни имкон қадар юқори даражада рўёбга чиқариш учун қувватимиз ва вақтимизни қандай бошқариш, диққат-эътиборимизни қандай жамлаш ўрганилади.
Ижтимоий
Бунда биз шахсимиз доирасидан жамият доирасига чиқамиз. Aтрофимиздагилар билан мулоқот/муомала давомида қувватимиз, диққатимиз ва вақтимизни қандай бошқаришимиз ва яхшилашимиз мумкин? Биз оиламиз, қўшниларимиз, қариндошларимиз, жамиятимиз ва умуман инсоният ривожига ҳисса қўшиш учун улар билан муносабатларимизни қандай ташкил қилишимиз керак? Афсуски, бундай ёндашув, йиллар давомида биз худбинлашиб кетганлигимиз оқибатида йўқолган. Aммо умматимиз ва инсоният бу ёндашувни тиклашга жуда муҳтож, шу сабабли биз ҳаётимизнинг бу жабҳасига ҳам эътибор қаратамиз.
Ушбу китобни ўқиётганингизда, қуйидаги расм кўз олдингизда туришини истаймиз. Унинг марказида исломнинг самарадорликка бўлган муносабати акс этган (мақсад, қадриятлар ва руҳ/қалб). Ундан эса, охират мукофотининг энг юқори даражасига эришишга қаратилган муносабат келиб чиқади, бу эса бизнинг барча ният-мақсадларимиз ва саъй-ҳаракатларимиз мазмунидир.
Таржимон: Мирзоҳид Низамиддинов
Муҳаррир: Жаҳонгир Имамназаров