Музорабанинг барча имомлар тарафидан иттифоқ қилинган тижорий тури барчага маълум ва машҳурдир. Яъни маблағ эгаси сармоя киритади, музориб эса унга нарса сотиб олиб, бозор ёки дўконларда сотиш билан шуғулланади ва тушган фойда икковлари ўртасида келишувга биноан фоизларда тақсим қилинади.
Ҳозирги кунимизга келиб музорабанинг яна бир тури кенг тарқалди. Уни халқ тилида “хизматлар музорабаси” дейилади. Унинг сурати шуки, сармоя эгаси нақд пул тикиш ўрнига музорабачига тикув машиналари, меҳмонхона, ошхона, ижарага бериладиган автоуловлар каби сотилмайдиган нарсаларни беради. Шуларни ишга солиб, иш юритиб, фойда кўриб, топилган маблағ тақсимлаб олишга битим тузилади. Музорабанинг бу тури аввалги туридан кўра кенг тарқалган. Уламоларимиз ўртасида бу турдаги Музораба борасида ихтилоф мавжуд. Чунки, юқоридаги каби нарсалардан тушган ҳақ сармоя эгаси билан музорабачининг ўртасида фуқаҳолар тили билан айтганда “ъала сабийлиш шуюуъ” (шериклик тарзида топилган ҳақ) эканлигида ихтилоф бор.
Бу борада уч имомнинг тутган йўллари
Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳим “музорабанинг бу турини жоиз эмас “ дейишган. Бу музорабага энг содда мисол шуки, автоулов соҳиби бир кишига “бу уловни олиб кира қилинг. Бир ойда тушган фойданинг ярми сизники, ярми меники” деб келишиш. Уччала имом “Бундай келишув жоиз эмас. Чунки бундай келишув Музораба остига кирмайди. Мабодо шундай битим тузилган бўлиб, фойда топилган бўлса ҳам фойданинг барчаси автоулов эгасиники бўлади. Ҳайдовчига эса ажри мисл (одатда шундай ишни қилгувчига бериладиган ҳақ) берилади. Шунинг учун битимдаги “ярми сенга, ярми менга деган келишув тўғри бўлмайди” дейишган.
Имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳнинг бу борада тутган йўллари
Аҳмад ибн Ҳанбал роҳматуллоҳи алайҳ музорабанинг бу турини жоиз дейди. Имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳ мужтаҳидлардан Маъмар ибн Рошиднинг мазҳаби ҳам шу эканлигини нақл қилганлар. Ҳозирги кунимизда йирик бизнес лойиҳалари музорабанинг шу шаклида фаолият юритади. Бугунги кунда кимдир меҳмонхона сотиб олиб ёки ўн-ўн бешта улов сотиб олиб бирор кишига топшириб, “меҳмонхонани ёки шу уловларни юритасиз ва тушган фойдани иккимиз бўлишамиз” дейди. Бу тарздаги иш юритиш кенг тарқалган бўлиб, уни ножоизга чиқариш бир қанча қийинчиликлар келтириб чиқаради ва одамлар қийинчиликда қоладилар. Шу билан бирга, бундай музорабанинг ножоизлигига бирор насс (оят ёки ҳадис) ҳам йўқ. Музорабанинг бу шаклини “ширкат ас-саноиъ” (икки киши иш олиб, фойдани бўлиб олиш) турига ҳам қўшиш мумкин. Агарчи бир қанча масалаларда унга тушириш қийинчилиги бўлса-да. Одамлар заруратини эътиборга олиб, Аҳмад ибн Ҳанбал қавлига амал қилишнинг имкони бор”.
МУҲАММАД ТАҚИЙ УСМОНИЙ замонавий масалалар китоби
Манба: https://fiqh.uz/maqola/620