Савдо битими тўғри бўлиши учун унда савдонинг 4 рукни (шарти) топилиши керак, ушбу рукнлар қуйидагилардан иборат:
1. Ийжоб ва қабул (таклиф ва розилик).
2. Сотувчи ва харидор (яъни уларнинг бор бўлиши).
3. Ўзаро келишилган нарх (араб тилида саман – ثمن)*.
4. Савдога қўйилаётган нарса (араб тилида мабеъ).
Мазкур рукнлардан бирортаси топилмаса, савдо тўғри ҳисобланмайди.
Нарх – саман ҳақида алоҳида айтиб ўтиш лозим деб ҳисоблаймиз, чунки буни яхши билмаган одам рибога кириб қолиши мумкин. Демак, сотувчи ва харидор келишган нарх – саман ҳар қандай нарсада бўлиши мумкин. Масалан ҳар қандай валюта ёки гуруч, цемент ва автомашина каби бирор-бир мол ҳам сотиб олинаётган нарса учун тўлов (яъни унинг нархи) сифатида қўлланиши мумкин.
Келинг буни қуйидаги мисоллар орқали кўриб чиқамиз:
Сотувчи ўзининг сигирини сотмоқчи, лекин харидорда уни сотиб олиш учун нақд пул йўқ, шунда у автомашинани сотиб олиш учун ўзидаги бор бўлган гуручни сигир учун тўлов сифатида таклиф қилади. Томонлар сигирни 1000 кг. гуручга баҳолашди. Шу ҳолатда сигир сотилаётган мол, унинг нархи (самани) эса 1000 кг. гуруч бўлади.
Мана энди рибо ҳақида яна бир бор эслаб оламиз, чунки биз кўриб чиқаётган масаланинг рибога алоқаси бор.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Тиллага тилла, кумушга кумуш, буғдойга буғдой, арпага арпа, хурмога хурмо, тузга туз, ўхшашга ўхшаш, тенгма-тенг, қўлма-қўл. Қачон ушбу жинслар турлича бўлса, агар қўлма-қўл бўлса, қандай хоҳласангиз, сотаверинглар», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Бас, ким зиёда қилса ёки зиёда қилишни талаб қилса, батаҳқиқ, рибога йўл қўйибди. Уни олувчи ҳам, берувчи ҳам барибир», дейилган. Бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда зикр этилган моллар рибовий моллар ҳисобланади. Уларнинг жинси бир хил бўлганда алмаштиришда миқдори ҳам бир хил бўлиши ва қўлма-қўл айрибош қилиниши шарт, акс ҳолда рибога айланиб қолади. Мазкур молларни алмаштиришда зиёда (яъни бири кўп, бири кам) бўлишига ва кейин берилишига йўл қўйиб бўлмайди. Навининг яхши ёки ёмонлигига қараб ёки кейин бериш шарти билан бирининг миқдорини ўзгартириб бўлмайди, чунки рибовий молларнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам баробар. Бир хил жинсдаги рибовий молнинг яхшисидан озроқ, ёмонидан кўпроқ бериш мумкин эмас. Бу иш ҳам рибонинг олдини олиш учун қилинган. Чунки одатда одамлар иккита бир-бирига тенг нарсани алмаштирмайдилар. Фақат орасида фарқ бор нарсаларгина алмаштирилади. Агар ушбу ишга рухсат берилса, рибога олиб бориши турган гап.
Бироқ, рибовий моллар фақат ушбу ҳадиси шарифдаги 6 маҳсулот билан чегараланмас экан. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифларида зикр қилинган рибавий молларни ўрганиш орқали тўрт мазҳаб фақиҳлари унинг қоидасини ишлаб чиққанлар. Хусусан ҳанафий мазҳабига кўра рибо ҳосил бўлиши учун муомаладаги моллар кайл – идишда ўлчанадиган ёки вазн – тарозида тортиладиган бўлиши ва иккиси бир жинсдан (яъни бир турдаги) бўлиши керак. Шу қоидага тушган ҳар қандай мол рибавий мол бўлаверади. (бугунги кунда нарсалар вазн – тарозида ўлчанадиган бўлиб, кайл – идишда ўлчанадиган нарсалар деярли йўқ бўлиб кетган бўлсада, ушбу қоида амалда қолган).
Агар савдодаги нарсанинг жинси ҳар хил бўлса (масалан бири хурмо, иккинчиси эса туз), қўлма-қўл бўлиши шарт, акс ҳолда рибо бўлади. Аммо миқдори бир хил бўлиши шарт эмас. Мисол учун, туз билан хурмони алмаштириш ёки сотиш, қўлма-қўл бўлса жоиз. Вазни бир хил бўлиши шарт эмас. Табиийки, бундай бўлиши мумкин ҳам эмас, чунки икки жинсдаги нарса икки хил қийматга эга (масалан бир кг. хурмонинг нархи 100 минг сўм, бир кг. тузнинг нархи эса 5 минг сўм). Шунинг учун уларнинг қиймати ва миқдори икки тарафнинг ўзаро розилиги билан бўлади.
Бундай жинси икки хил нарсаларни қўлма-қўл алмаштиришни шарт қилишда ҳийла билан рибонинг эшиги очилишига йўл қўймаслик ҳикмати ётади. Демак, агар алмаштириладиган нарсаларнинг жинси икки хил бўлса, ортиқ-камига келишилсин, аммо дарҳол қўлма-қўл берилсин. Чунки, «кейинроқ берса ҳам бўлади», дейилса, бу билан рибога йўл очилган бўлади. Мисол учун, бир одам бошқасидан тиллани кумушга айирбошлашга келишди, лекин тиллани олиб, кумушни кейинроқ олиб келиб берадиган бўлди. Бироз вақт ўтгандан кейин эса кумушнинг тиллага нисбатан нархи тушди, энди тиллани кумушга айирбошлаган (сотган) томон кўпроқ кумуш талаб қилади. Агар тилла олган томон кўпроқ кумуш берадиган бўлса, у ҳолда рибо ҳосил бўлади, агар бермайдиган бўлса тилла сотган одамга зулм бўлади. Демак, бу ҳолатда икки жинсли маҳсулотни қўлма қўл алмаштириш кераклиги ҳақидаги (юқорида келтирилган) ҳадисга зид иш қилинди ва шундай жиддий муаммолар пайдо бўлди. Бундай рибовий ишларда олувчи ҳам, берувчи ҳам баробар гуноҳкор бўлади.
Бироқ, сон, узунлик ўлчови билан ўлчанадиган нарсалар рибовий моллар ҳисобланмайди. Шу маънода бир ғиштни иккита ғиштга, ёки бир метр матони ўз жинсидаги бир ярим метр матога алмаштирса бўлади.
Юқорида айтиб ўтилганлардан хулоса қиладиган бўлсак, ҳар қандай нарса (агар у шаръий нуқтаи назардан ҳаром бўлмаган нарса бўлса албатта) сотиб олинаётган нарсанинг нархи – самани бўлиши мумкинлигини ва шу билан бирга, баъзи маҳсулотлар рибовий ҳисоблангани учун (улар кайл ёки вазн билан ўлчанишини ёдимизда сақлаймиз), уларни сотиб олинаётган нарсанинг нархи этиб белгилашда рибога оид қоидаларни (тенгма-тенг ва/ёки қўлма-қўл) эсдан чиқармаслигимиз керак бўлар экан. Валлоҳу аълам!
Манба: fiqh.uz ва islom.uz даги рибога оид мақолалар асосида тайёрланди.