Келинг, ҳар йили Рамазон ойида дуч келинадиган одатий ҳолатлардан бирини кўриб чиқамиз:
Рамазонни ундан унумли фойдаланаман ва янги маънавий чўққиларни забт этаман деган эзгу ниятлар билан бошлайсиз. Орадан бир неча кун ўтади ва сиз кундалик ифторларга “зўрға” етиб олишга эришасиз холос. Рўза пайтида сиз жисмоний, ақлий ва руҳий қувватингизни йўқотмасликка ҳаракат қилиб юрасиз. Шу тарзда Рамазоннинг охири ҳам етиб келади ва сиз Рамазондан унчалик унумли фойдалана олмаганингизни англаб, ўзингизни айбдор ҳис қиласиз. Кейин қатъият билан ўзингизга, “кейинги йил мен рамазонни яхшироқ ўтказаман!”, дейсиз.
Келгуси йил яна Рамазон келади … ва бу ҳолат яна такрорланади… Ундан кейинги йил ҳам Рамазон келади … ва у ҳам худди аввалги йиллардек ўтади. Шундай қилиб 5, 10, 15 йил ҳам ўтади… лекин ҳар йилги Рамазонингиз аввалги йилгилардан деярли фарқли қилмайди.
Сиз ҳанузгача саҳарликка уйғонишга қийналасиз, ишда эътиборингизни жамлай олмайсиз, Қуръон ўқишга вақт ажрата олмайсиз, ёки хатто вазн ҳам ташлай олмайсиз. Рамазон ойида ҳам бошқа ойлардаги каби осонгина асабингиз бузилади… иш ёки мактабдаги фаолиятингизни муҳокама қилмай ҳам қўя қоламиз.
Шу ўринда Эйнштейннинг ажойиб бир гапини эсласак ўринли бўлса керак: “Ақлсизлик – бу бир хил ишни қайта-қайта қилиш ва турли натижалар кутишдир”.
Ҳақиқатан ҳам, агар сиз ҳар йили бир хил тарзда ҳаракат қилсангиз, қандай қилиб Рамазонни яхшироқ ўтказишингиз мумкин?!
Ўзгариш вақти
Фақат яхши ниятнинг ўзи етарли эмас. Яхши ният қилишдан ташқари, ўтган вақт давомида ўрганган ва ўзлаштирган билим ва кўникмаларингизга асосланган ҳолда ақл билан ҳаракат қилишингиз керак. Ҳар йили Рамазон ойида дуч келадиган амалий муаммоларни ҳал қилиш учун танангиз, онгингиз ва руҳингиз қандай ишлашини англашингиз керак.
Рамазон машаққатлари
Қуйидаги рўйхатда инсон Рамазон ойи давомида дуч келадиган қийинчиликлар келтирилган:
• уйқунинг камлиги
• ланжлик
• чарчоқ аломатлари
• диққатнинг тарқоқлиги
• вақт етишмаслиги
• меъёрни ушлаш муаммоси
• жисмоний ҳаракатларнинг камлиги
• овқатланиш тартибининг ўзгариши билан боғлиқ муаммолар (яъни нотўғри овқатланиш)
Биз бу муаммоларни барчасини китобнинг аввалги қисмларида кўриб чиққанмиз, лекин бу сафар, биз уларни Рамазонга боғлиқ қолда кўриб чиқамиз. Хўш, қандай қилиб бу қийинчиликларни енгиб ўтиш ва бу ойда самарадорликни таъминлаш мумкин?
Руҳий самарадорлик
Биз руҳият ва самарадорлик орасидаги боғлиқлик бу баракага (буни илоҳий хайр дейиш ҳам мумкин) алоқадор эканлигини айтиб ўтганмиз. Шунингдек, айтиб ўтгандик-ки, қанча вақтингиз (умр) ва бойлигингиз бўлишидан қатъий назар, агар уларда барака бўлмаса, сиз ўзингизда бор заҳира ва имконият (ресурс)лар билан кўп нарсага эриша олмайсиз. Масалага шу нуқтаи назардан қаралганда, Рамазон – барака ойи! Рўза тутганимда, мен вақтим, уйқум, молим, оилам ҳамда уйимда баракани ҳис қиламан. Рўза тутганингиз учунгина Аллоҳнинг иродаси ила ҳаётингизга барака киради. Худди шунингдек, Рамазон ойида қилинадиган бошқа яхши амаллар, масалан Қуръон ўқиш, дуо ва садақалар қилиш билан ҳам баракага эришиш мумкин.
Жисмоний самарадорлик
Рамазонда танага қийинчилик туғдириши мумкин бўлган икки нарса бу: уйқу ва овқатланиш. Китобнинг уйқуни бошқаришга бағишланган бўлимида биз уйқумизни таровиҳ, таҳажжуд ва саҳарлик орасида тўғри тақсимлашни билиб оламиз. Шунингдек, кундуз кунлари қайлула (кундузги енгил уйқу) қилиб олиш қувватсизликни енгишга ёрдам беришини ҳам тушуниб оламиз. Овқатланишга келадиган бўлсак, биз нима ейишимиз бизнинг тутаётган рўзамизга бевосита таъсир кўрсатади. Саҳарлик учун секин ҳазм бўлувчи овқатлар, ифторлик учун эса соғлом (яъни турли фаст фудлар эмас) ва мўтадил овқат ейиш тавсия этилади. Шу ерда овқатланиш билан боғлиқ бир афсусланарли ҳолатни мисол тариқасида айтиб ўтамиз. Аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлган бир давлатдаги ҳолат таҳлил қилинганда шу нарса маълум бўлганки, Рамазон ойида овқатланишга кетадиган вақт икки баравар қисқарганига қарамасдан, овқат истеъмоли ҳажми бошқа ойларга қараганда 80% га кўпайган! Одамлар ортиқча вазн йиғишган ва Рамазон улар учун руҳий покланиш ойи эмас, балки таомланадиган ойига айланиб қолган. Бу ҳолатни биз олдинги бобларда айтиб ўтганимиз ироданинг етишмаслиги билан изоҳлаш мумкин. Рўза тутиш биз оғиз очгунимизча шунчалик кучли ирода талаб қиладики, ифторлик пайтида биз ўзимизни меъёрсиз овқатланишдан тия олмаймиз, чунки бунга қатъият ва иродамиз етмай қолади.
Диққатни бошқариш
Рамазонда биз рўза тутиш сабабли дуч келадиган яна бир қийинчилик бу диққатимизни жамлаш билан боғлиқ. Очлик бизнинг қувватимизни кетказади ва бунинг натижасида бизни қувват даражамиз қисқаради. Чекланган қувват сизни энг муҳим ишларни бажаришга асосий эътиборингизни қаратишга ундайди. Рўза тутишни бошлаганингизда, сиз энг муҳим ишларни эрта тонгда бажариб олиш кераклигини тушуниб қоласиз, чунки куннинг охирига бориб сиз бирор иш бажаролмай қоладиган даражада чарчаб қоласиз. Демак, рўза диққатимизни бир жойга жамлашга, вақтимиз ва қувватимизни иккинчи даражали нарсаларга эмас, балки муҳим ишларга сарфлашга ўргатади.
Вақтни бошқариш
Рўза пайтида қувват етишмовчилиги бўлишини инобатга олган ҳолда сиз ўзингизни мижозингизни тушуниб олишингиз керак, яъни сиз кунни қайси пайтида кўпроқ фаол/самарали, қайси пайтида эса камроқ фаол/самарали бўласиз.. (кимдир саҳарда самарали ишлайди, кимдир эса кечаси). Агар сиз ўзингизни яхши тушуниб олсангиз, энг фаол/самарали бўлган пайтингизга энг муҳим ишларни, электрон почта қутингизни текшириш каби оддийроқ ишларни эса бошқа пайтга қўясиз.
Албатта, иш вақти сизга мосланавермайди, сиз доим ҳам ўзингизга мос келган вақтда ишлаб, мос келмаган вақтда дам ололмайсиз, лекин ҳарқалай бу нарса (яъни ўзингизни тушуниб олишингиз) инобатга олинса сиз анча яхши натижаларга эришишингиз мумкин.
Шахсам ўзим, Рамазон ойида сахардан ишлашни тажриба қилдим ва ушбу китобимни ёзиш доирасида ўзимга ўзим шу ойда ҳар саҳар 1000 тадан сўз ёзаман деб ваъда бердим. 30 кун давомида мен 30 000 дан зиёд сўз ёзишга муваффақ бўлдим, ваҳоланки бундан олдин бир йил давомида китобимни якунлай олмай қийналган эдим. Вақтингизни тўғри бошқаришни яна бир муҳим омили – Рамазон кунларини мижозингиз/самарадорлигингизга мувофиқ равишда соатма-соат режалаштириб чиқиш. Ана шунда сиз Рамазонни анча самарали ўтказишга эришасиз, иншааллоҳ.
Ижтимоий жиҳатдан самарали бўлиш
Рамазон – ижтимоий жиҳатдан самарали бўлиш ойи. Бу ой нафақат ибодат ва ифторликларни биргаликда ўтказувчи мусулмонларнинг ижтимоий қувватидан манфаат олиш, балки бошқа инсонларга ёрдам беришга қаратилган ижтимоий лойиҳаларда иштирок этиш имкониятини берувчи ой ҳамдир. Жуда кўп хайрия ташкилотлари маблағ йиғиш ва бу маблағларни мусулмонлар манфаати йўлида ишлатиш мақсадида кўнгилли фаолларни жалб қилишади. Сиз ҳам шундай кўнгиллилар сафига қўшилишингиз ёки дўстларингиз ва оила аъзоларингиз билан биргаликда шундай ижтимоий лойиҳа ташкил қилишингиз мумкин.
Самарали/фойдали одатларни ўзлаштириш ва ривожлантириш
Рамазон – синов ойи, шу сабабли бу ойни одатларингизни ўзгартириш йўлида турли тажрибалар ўтказиш учун ҳам жуда мос давр дейиш мумкин. Мен одатда одамларга Рамазон ойининг руҳияти ва шукуҳидан турли янги (фойдали) кўникма/одатларни ўзлаштириш ёки эски (ёмон/кераксиз) одатлардан қутулиш учун фойдаланишни маслаҳат бераман.