“Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни излама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас, дедилар.”
Қорун номли бир одам Мусо алайҳиссаломнинг қавмидан эди. Аллоҳ Қорунга шу қадар ҳазиналар ато қилган эдики, у ҳазинанинг калитларини бир жамоа қувватли одамлар машаққат билан кўтарар эдилар. Бир пайт Қоруннинг қавми унга айтдилар: «Бу мол ва дунёларингга мағрур бўлма. Мағрур бўлганларни Худо дўст тутмайди. Худо берган молларингни сарф қилиб охиратни талаб қилгин. Ўладиган вақтингда дунёдан олиб кетадиган нарсангни фаромуш қилма. Бир кафандан ортиқ нарсани олиб кетолмайсан. Бу дунёни Худо сенга эҳсон қилди. Сен ҳам Худонинг халқига эҳсон қилгин. Ер юзида фасод ишларни қилмагин. Албатта Аллоҳ таоло муфсидларни дўст тутмайди».
Аллоҳ таоло берган молу дунёга қандай муносабатда бўлиш кераклиги ушбу ояти каримада ўз аксини топган. Мусулмон банда қўлига молу дунё тушганда ўзини худди шу оятга тутмоғи лозим.
“Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин…»
Мусулмон одам, аввало, Аллоҳ берган молу дунё билан охиратни излашга интилади. Яъни, молу мулкини шариатда кўрсатилган, охиратда фойда берадиган жойларга сарфлайди. Ҳаром-ҳариш, гуноҳ, фисқу фужур ва беҳуда ишларга сарф этмайди. Чунки, беҳуда ишларга сарфланган молу дунё бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам фойда бермайди. Аксинча, икки дунёда ҳам зиён келтиради. Лекин мусулмон одам охиратни ўйлаб, бу дунёсини тарк қилиб, унутиб ҳам юбормайди.
“…бу дунёдаги насибангни ҳам унутма.»
Бу дунёда ҳам яхши яшаб, Аллоҳ берган молу дунёдан ҳалол йўл билан, такаббурлик қилмай фойдаланади. Чунки, Аллоҳ таоло ҳалол- пок ризқларни бандалар фойда, ҳузур ва лаззат олишлари, сўнгра уларни берган Зотга шукр қилишлари учун яратган. Ана шунда тавозуъли, ширин ва бахтли-саодатли ҳолга эришилади.
“Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил.»
Ҳалол-пок молу дунё Аллоҳнинг бандасига берган ҳадяси ва яхшилигидир. Ўша илоҳий неъматдан баҳраманд бўлган ҳар бир банда бошқа одамларга ҳам яхшилик қилиши керак. Турли сабабларга кўра ноқулай иқтисодий ҳолатга тушиб қолган биродарларига ёрдам бериши, бева-бечора, фақир-мискинларнинг ҳолидан хабар олиши, мусулмонлар манфаати йўлида хайру эҳсонлар қилиши шу жумладаги ишлар қаторига киради.
Манба: “Тафсири ҳилол” ва https://www.islamonline.uz/quran/content?id=1664