Мақоламизнинг аввалги қисмида айтиб ўтганимиздек марҳумнинг ортидан қолган ота-онаси ва бобо-бувилари фарз эгалари қаторига киради ва улар мерос илмида “асллар” деб номланади.
Ота-онанинг меросдаги улушлари бўйича кўрсатма “Нисо” сурасининг 11-оятида қуйидагича келган:
﴾وَلِأَبَوَيْهِ لِكُلِّ وَاحِدٍ مِنْهُمَا السُّدُسُ مِمَّا تَرَكَ إِنْ كَانَ لَهُ وَلَدٌ فَإِنْ لَمْ يَكُنْ لَهُ وَلَدٌ وَوَرِثَهُ أَبَوَاهُ فَلِأُمِّهِ الثُّلُثُ فَإِنْ كَانَ لَهُ إِخْوَةٌ فَلِأُمِّهِ السُّدُسُ﴿
“Агар у(маййит)нинг боласи бўлса, у тарк қилган нарсадан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир. Агар унинг боласи бўлмаса ва ота-онаси меросхўр бўлса, онасига учдан бир. Агар унинг ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир…”.
Ушбу ояти каримага мувофиқ ота-онанинг меросдаги улушлари қуйидагича бўлади:
2. Онанинг меросдаги ҳолатлари
Она ҳам худди ота сингари ҳар доим меросга ҳақдор инсон ҳисобланади. Она ҳам фарз эгаларидан бўлиб, унинг меросдан қанча улуш олишини қуйида кўриб чиқамиз:
а) марҳумнинг зурриёти (фарзанди ёки фарзандининг фарзанди) бўлса (!) ёки икки ва ундан ортиқ ака-укаси, опа–синглиси бўлса (!!), она мероснинг олтидан бир (1/6) қисмини олади
(!) Марҳумнинг ортидан зурриёти меросхўр сифатида қолса, она “Агар у(маййит)нинг боласи бўлса, у тарк қилган нарсадан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир…” (“Нисо” сураси, 11-оят) оятига кўра тарика (марҳум қолдирган жами мол-мулк) нинг олтидан бир (1/6) қисмини олади.
**Зурриёт деганда ўғил, қиз, ўғилнинг ўғли (қанча пастласа ҳам, ўғилнинг ўғлининг ўғли каби), ўғилнинг қизи (ўғилнинг ўғлининг қизи ва ҳкз) лар тушунилади.
Мисол. Бир инсон вафот этди. Ортидан онаси ва ўғли меросхўр сифатида қолди. Тарика (маййит қолдирган мол-мулклар)нинг жами миқдори 12 млн. сўм бўлса, мерос тақсимоти қуйидагича бўлади:
Тақсимот: Она фарз эгаси сифатида олтидан бир (1/6) улуш олади, қолган мерос эса асаба (марҳумга энг яқин эркак қариндош) ўлароқ ўғилга берилади. Демак, масаланинг асли 6 улушга тенг. Меросни 6 та бўлакка тақсимлаймиз, бир бўлаги онага, қолган беш бўлаги эса ўғилга бўлади.
Меросхўрлар | Меросхўр сифатидаги мавқеси ва меросдаги ҳақи | Меросдаги улуши | Оладиган мерос миқдори |
она | Фарз эгаси – 1/6 | 1 | 2 млн. |
ўғил | Асаба – қолган мероснинг ҳаммаси | 5 | 10 млн. |
(!!) Марҳумнинг фарзандлари бўлмаса, лекин ака-ука ва опа-синглиси икки ёки ундан ортиқ бўлса, “Агар унинг ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир…” (“Нисо” сураси, 11-оят) оятига кўра она тарика (марҳум қолдирган жами мол-мулк)нинг учдан бир (1/6) қисмини олади.
Мисол. Бир инсон вафот этди. Ортидан онаси ва 2 та акаси меросхўр сифатида қолди. Тарика (маййит қолдирган мол-мулклар)нинг жами миқдори 24 млн. сўм бўлса, мерос тақсимоти қуйидагича бўлади:
Тақсимот: Она фарз эгаси сифатида олтидан бир (1/6) улуш олади, қолган мерос эса асаба (марҳумга энг яқин эркак қариндош) ўлароқ икки ака ўртасида тенг тақсимланади. Демак, агар меросни 6 та бўлакка тақсимласак, онага бир улуш, икки акага эса беш улуш тегиши керак, аммо бешни иккига бўлиб бўлмайди (яъни яхлит сон чиқмайди), шу сабаб меросни 6 эмас, 12 бўлакка бўламиз. Шунда она 12 нинг (1/6) қисмини – 2 улушни олади, ортиб қолган 10 улушни асаба сифатида 2 ака тенг бўлиб олишади.
Меросхўрлар | Меросхўр сифатидаги мавқеси ва меросдаги ҳақи | Меросдаги улуши | Оладиган мерос миқдори | |
она | Фарз эгаси – 1/6 | 2 | 4 млн. | |
ака | Асаба – қолган мероснинг ҳаммаси | 5 | 10 млн. | |
ака | Асаба – қолган мероснинг ҳаммаси | 5 | 10 млн. |
б) марҳумнинг зурриёти (фарзанди ёки фарзандининг фарзанди) ёки икки ва ундан ортиқ ака-укаси, опа–синглиси бўлмаса, она мероснинг учдан бир (1/3) қисмини олади
Бунга далил: “Агар унинг боласи бўлмаса ва ота-онаси меросхўр бўлса, онасига учдан бир…” (“Нисо” сураси, 11-оят).
Мисол 2. Бир инсон вафот этди. Ортидан отаси ва онаси меросхўр сифатида қолди. Тарика (маййит қолдирган мол-мулклар)нинг жами миқдори 12 млн. сўм бўлса, мерос тақсимоти қуйидагича бўлади:
Тақсимот: Она фарз эгаси сифатида учдан бир (1/3) улуш олади, қолган мерос эса асаба (марҳумга энг яқин эркак қариндош) сифатида отага берилади. Демак, меросни 3 та бўлакка тақсимлаймиз, бир бўлаги онага, қолган икки бўлаги эса отага бўлади.
Меросхўрлар | Меросхўр сифатидаги мавқеси ва меросдаги ҳақи | Меросдаги улуши | Оладиган мерос миқдори |
она | Фарз эгаси – 1/3 | 1 | 4 млн. |
ота | Асаба – қолган мероснинг ҳаммаси | 2 | 8 млн. |
в) марҳумнинг ота-онаси ва эри (ёки хотини) бўлса, аввал эр (ёки хотин) ўз улушини олади, ундан қолганининг учдан бир (1/3) қисмини она фарз эгаси сифатида олади .
Мерос илмида “Умария масаласи” деб номланадиган машҳур масала бор. Бу масаланинг ечимини Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу топганлари учун уни шундай номлашади.
Масала баёни қуйидагича: бир аёл вафот этди, ортидан отаси, онаси, эри қолди. Эри фарз эгаси сифатида мероснинг ярмини олади (эр-хотин мероси бўйича кейинги қисмда батафсил танишамиз), қолганининг учдан бир (1/3) қисмини она – фарз эгаси сифатида, учдан икки (2/3) қисмини ота – асаба (марҳумга энг яқин эркак қариндош) сифатида олади. Бунда меросни 6 (олти) бўлакка бўламиз, эр 3 улушни олади, қолган 3 улушнинг (1/3) қисмини она, (2/3) қисмини эса ота олади:
Меросхўрлар | Меросхўр сифатидаги мавқеси ва меросдаги ҳақи | Меросдаги улуши | Оладиган мерос миқдори (агар мероснинг қиймати 12 млн.сўмга тенг деб олсак) |
Эр | Фарз эгаси – 1/2 | 3 | 6 млн. |
Она | қолганининг – 1/3 қисми | 1 | 2 млн. |
Ота | қолганининг – 2/3 қисми | 2 | 4 млн. |
Агар вафот этган инсон эркак киши бўлса, хотини фарз эгаси сифатида мероснинг тўртдан бир (1/4) қисмини олади, қолганининг учдан бир (1/3) қисмини она – фарз эгаси сифатида, учдан икки (2/3) қисмини ота – асаба (марҳумга энг яқин эркак қариндош) сифатида олади. Бунда меросни 4 (тўрт) бўлакка бўламиз:
Меросхўрлар | Меросхўр сифатидаги мавқеси ва меросдаги ҳақи | Меросдаги улуши | Оладиган мерос миқдори (агар мероснинг қиймати 12 млн.сўмга тенг деб олсак) |
хотин | Фарз эгаси – 1/4 | 1 | 3 |
она | қолганининг – 1/3 қисми | 1 | 3 |
ота | қолганининг – 2/3 қисми | 2 | 6 |
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу онага жами мероснинг учдан бир (1/3) қисмини эмас, балки эр меросдан ўз улушини олиб бўлгач, ундан қолган мероснинг учдан бир (1/3) қисмини олади, деган ҳукмларининг сабабларидан бири сифатида уламолар онанинг улуши отанинг улушидан кўпайиб кетишини келтирганлар. Чунки меросни жами 12 бўлакка бўлсак ва эрга ярми – 6 улуш, онага учдан бири – 4 улушни берсак, у ҳолда отага 2 улуш қолади. Яъни она 4 улуш, ота 2 улуш олишига тўғри келган бўларди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу берган ечимга кўра эса она 1 улуш, ота 2 улуш олмоқда. Иккинчи масала ҳам биринчисига қиёс қилинган.