“Мерос илми”нинг бундан аввалги (9) қисмида айтиб ўтилганидек “ҳавоший” атамаси арабча “ҳошия” (чет, охир, ҳошия) сўзидан олинган бўлиб, вафот этган инсоннинг ака-ука, опа-сингилларини англатади.
Умумий ҳолда, ҳавошийларга қуйидагилар киради: туғишган ака-ука ва опа-сингиллар; ота бир ака-ука ва опа-сингиллар; она бир ака-ука ва опа-сингиллар.
Ҳавошийлардан фарз эгаси сифатида мерос олишга қуйидагилар ҳақли: туғишган опа-сингиллар, ота бир опа-сингиллар, она бир ака-ука ва опа сингиллар.
Қуйида ота бир опа-сингилларнинг меросдаги ҳолатларига тўхталиб ўтамиз.
Ота бир опа-сингиллар мероси
Ота бир опа-сингиллар мерос олишда туғишган опа-сингиллардан бир поғона пастда турадилар. Чунки туғишган опа-сингиллар марҳумга ҳам ота томондан, ҳам она томондан яқин ҳисобланади. Ота бир опа-сингиллар эса марҳумга фақат бир томондан – ота томондан боғланган ҳисобланади. Уларнинг меросдаги улушлари бироз мураккаб бўлиб, қўшимча диққат-эътибор талаб этади:
а) Меросдан тўсилиб қолишадиган ҳолат
Марҳумнинг ўғил фарзандлари, отаси, туғишган ака-укаси ёки икки ва ундан ортиқ туғишган опа-сингиллари бўлса, ота бир опа-сингиллар меросдан ҳеч нарса олишмайди. Чунки юқорида санаб ўтилган меросхўрлар ота бир опа-сингиллардан юқори даражада туради.
Мисол 1. Бир инсон вафот этди. Ортидан ўғли, хотини, ҳамда ота бир опаси қолди. Мерос тақсимоти қуйидагича бўлади: хотин – фарзанд борлиги учун мероснинг саккиздан бир (1/8) қисмини олади (фарзанд бўлмаганда эди, тўртдан бир (1/4) қисмини оларди). Қолган (7/8) қисмини ўғил асаба (марҳумга энг яқин эркак қариндош) сифатида олади. Ота бир опа эса меросдан ҳеч нарса олмайди. Чунки марҳумнинг ўғил фарзанди борлиги учун меросдан тўсилиб қолади.
Мисол 2. Бир инсон вафот этди. Ортидан отаси, хотини, икки нафар ота бир синглиси қолди. Мерос тақсимоти қуйидагича бўлади: хотин – фарзанд мавжуд бўлмагани сабабли мероснинг тўртдан бир (1/4) қисмини олади (фарзанд бўлганда эди, саккиздан бир (1/8) қисмини оларди). Қолган (3/4) қисмини ота асаба (марҳумга энг яқин эркак қариндош) сифатида олади. Ота бир сингиллар эса меросдан ҳеч нарса олмайди. Чунки марҳумнинг отаси сабаб меросдан тўсилиб қолади.
б) Мероснинг ярмини олади
Юқоридаги ҳолатни акси – марҳумнинг ўғил фарзандлари, отаси, туғишган ака-укаси ва опа-сингиллари, шунингдек ота бир ака-укалар ҳам бўлмаса, ота бир опа ёки сингил (битта бўлса) мероснинг ярмини олади.
Мисол 1. Бир аёл киши вафот этди. Ортидан эри, ота бир синглиси қолди. Мерос тақсимоти қуйидагича бўлади: эр – фарзанд бўлмагани учун мероснинг ярмини фарэ эгаси сифатида олади. Ота бир сингил эса “Агар бир одам ўлса-ю, унинг боласи бўлмаса, синглиси бўлса, унга марҳумдан қолганнинг ярми берилур…” (“Нисо” сураси, 176-оят) оятига кўра мероснинг қолган ярмини олади.
Мисол 2. Бир инсон вафот этди. Ортидан ота бир синглиси ва амакиси қолди. Мерос тақсимоти қуйидагича бўлади: ота бир сингил “Агар бир одам ўлса-ю, унинг боласи бўлмаса, синглиси бўлса, унга марҳумдан қолганнинг ярми берилур…” (“Нисо” сураси, 176-оят) оятига кўра мероснинг ярмини олади. Қолган ярмини эса амаки асаба сифатида олади.
в) мероснинг учдан икки қисмини олади
Марҳумнинг ўғил фарзандлари, отаси, туғишган ака-укаси ва опа-сингиллари, шунингдек ота бир ака-укалар ҳам бўлмаса, ота бир опа-сингиллар икки ва ундан ортиқ бўлишса, улар мероснинг учдан икки (2/3) қисмини ўзаро тенг тақсимлаб оладилар. Бунга далил: “Агар сингил иккита бўлса, улар марҳумдан қолганнинг учдан иккисини олурлар…” (“Нисо” сураси, 176-оят). Уламолар ушбу оятда туғишган ва ота бир опа-сингиллар назарда тутилган, дейишади. Она бир опа-сингиллар бу қоидага тушмайди.
Мисол 1. Бир инсон вафот этди. Ортидан 2 нафар ота бир синглиси ва амакиси қолди. Мерос тақсимоти қуйидагича бўлади: 2 нафар ота бир сингиллар мероснинг учдан икки (2/3) қисмини тенг тақсимлаб олади. Қолган учдан бир (1/3) қисмни эса амаки асаба сифатида олади.
г) мероснинг олтидан бир қисмини олади
Марҳумнинг фарзандлари, отаси, бобоси, ака-укалари бўлмаса, ортидан битта туғишган опаси (ёки синглиси) ва ота бир опа сингиллари қолган бўлса, туғишган сингил “Агар бир одам ўлса-ю, унинг боласи бўлмаса, синглиси бўлса, унга марҳумдан қолганнинг ярми берилур…” (“Нисо” сураси, 176-оят) оятига кўра мероснинг ярмини (1/2 қисмини) олади. Ота бир опа-сингиллар эса олтидан бир (1/6) қисмни олишади. Шунда уларнинг улушлари йиғиндиси ½+1/6=2/3 бўлади, бу эса икки ва ундан ортиқ сингиллар меросига – жами мероснинг 2/3 қисмига тенг бўлади.
Мисол 1. Бир инсон вафот этди. Ортидан туғишган синглиси, ота бир синглиси ва амакиси қолди. Мерос тақсимоти қуйидагича бўлади: туғишган сингил мероснинг ярмини, ота бир сингил эса 1/6 қисмини олади. Қолган учдан бир (1/3) қисмни эса амаки асаба сифатида олади.
Мисол 2. Бир инсон вафот этди. Ортидан туғишган опаси, 2 нафар ота бир синглиси ва амакиси қолди. Мерос тақсимоти қуйидагича бўлади: туғишган опа мероснинг ярмини, ота бир сингиллар эса 1/6 қисмини олади. Қолган учдан бир (1/3) қисмни эса амаки асаба сифатида олади.
д) ота бир ака-укалар билан бирга асаба сифатида мерос олади
Аввалги қисмларда таъкидланганидек, асабалар – яъни марҳумга яқин эркак қариндошлар ўзлари билан бирга опа-сингилларини ҳам асабага айлантиради ва бир эркакка икки аёл ҳиссаси берилади, деган қоида бор. Масалан, марҳумнинг фақат қиз фарзандлари бўлса, улар фарз эгаси сифатида мерос олишади. Лекин фарзандлар ўғил-қиз аралаш бўлса, ўғиллар қизларни ҳам ўзлари билан бирга асабага айлантиради, яъни қиз фарзандлар фарз эгаси даражасидан тушади ва асабага айланади.
Ота бир ака–укалар ҳам асабалар ҳисобланади, улар асабалар рўйҳатида ўғиллар, ота, туғишган акадан кейинги ўринда туради. Яъни улар бўлмагандагина асаба сифатида мерос олишади. Агар ота бир ака-ука билан бирга ота бир опа-сингиллар ҳам бўлса, ота бир опа сингиллар ака-укалари сабабидан асаба сифатида мерос олади.
Мисол 1. Бир инсон вафот этди. Ортидан хотини, ота бир синглиси ва акаси қолди. Мерос тақсимоти қуйидагича бўлади: хотин мероснинг тўртдан бир (1/4) қисмини фарз эгаси сифатида олади. Қолган мерос асабаларга – ота бир ака ва сингилга тегишли бўлади. Бу ҳолатда ҳам мерос 2:1 нисбатда тақсимланади. Шундай қилиб мероснинг ¼ қисми хотинга, ½ қисми ота бир акасига, ¼ қисми ота бир синглисига тегишли бўлади.
Мисол 2. Бир инсон вафот этди. Ортидан онаси, 2 нафар ота бир синглиси ва 3 нафар ота бир акаси қолди. Мерос тақсимоти қуйидагича бўлади: она фарз эгаси сифатида мероснинг олтидан бир (1/6) қисмини олади. Қолган олтидан беш (5/6) қисм меросни ота бир ака-ука ва опа-сингиллар 2:1 нисбатда бўлиб олишади.
е) “бошқа билан бирга асаба бўлиш” қоидасига кўра мерос олади
Ота бир опа-сингиллар ҳам туғишган опа-сингиллар каби “бошқа билан бирга асаба бўлиш” қоидасига кўра фарз эгаларидан ортган маблағни олишади. “Бошқа билан бирга асаба бўлиш” қоидасига кўра марҳумнинг ортидан қизи (1) ёки ўғлининг қизи (2) ёки қизи ва ўғлининг қизи(3) қолса ва улар билан бирга марҳумнинг битта ёки бир неча опа-сингиллари қолган бўлса, улар (опа-сингиллар) асабаларга айланишади ва фарз эгаси бўлган қиздан қолган меросни тақсимлаб олишади. Албатта бунда ота, ўғил фарзандлар ва ака-укалар бўлмаслиги шарт қилинади.
Мисол 1. Бир инсон вафот этди. Ортидан қизи, онаси, ота бир синглиси қолди. Мерос тақсимоти қуйидагича бўлади: Она мероснинг олтидан бир (1/6) қисмини, қиз эса ½ қисмини (ярмини) фарз эгаси сифатида олишади. Қолган мерос (1-1/6-1/2=1/3 қисм)ни ота бир сингил олади. Чунки марҳумнинг қизи марҳумнинг ота бир синглисини асаба айлантиради.
Мисол 2. Бир инсон вафот этди. Ортидан 2 та қизи, онаси, ота бир синглиси қолди. Мерос тақсимоти қуйидагича бўлади: Она мероснинг олтидан бир (1/6) қисмини, икки қиз эса 2/3 қисмини фарз эгаси сифатида олишади. Қолган мерос (1-1/6-2/3=1/6 қисм)ни ота бир сингил олади. Чунки марҳумнинг қизлари марҳумнинг ота бир синглисини асабага айлантиради.
Мисол 3. Бир инсон вафот этди. Ортидан ўғлининг қизи, хотини, ота бир синглиси қолди. Мерос тақсимоти қуйидагича бўлади: хотин мероснинг саккиздан бир (1/8) қисмини, ўғилнинг қизи эса қиз ўрнида бўлиб мероснинг 1/2 қисмини фарз эгаси сифатида олишади. Қолган мерос (1-1/8-1/2=3/8 қисм)ни ота бир сингил олади. Чунки марҳумнинг ўғлининг қизлари ҳам марҳумнинг ота бир синглисини асабага айлантиради.