“Мерос илми”нинг аввалги (9) қисмида айтиб ўтилганидек “ҳавоший” атамаси арабча “ҳошия” (чет, охир, ҳошия) сўзидан олинган бўлиб, вафот этган инсоннинг ака-ука, опа-сингилларини англатади.
Умумий ҳолда, ҳавошийларга қуйидагилар киради: туғишган ака-ука ва опа-сингиллар; ота бир ака-ука ва опа-сингиллар; она бир ака-ука ва опа-сингиллар.
Ҳавошийлардан фарз эгаси сифатида мерос олишга қуйидагилар ҳақли: туғишган опа-сингиллар, ота бир опа-сингиллар, она бир ака-ука ва опа сингиллар.
Қуйида она бир ака-ука, опа-сингилларнинг меросдаги ҳолатларига тўхталиб ўтамиз.
Она бир ака-ука ва опа-сингиллар мероси
Она бир ака-ука ва опа-сингиллар вафот этган инсон билан бир томондан, яъни фақат она томондан боғланган бўлиб, ота томондан турли насабларга тегишли ҳисобланади. Масалан, бир аёлнинг биринчи турмушидан бир ўғли ва бир қизи, иккинчи турмушидан эса икки ўғли, бир қизи бўлса, биринчи ва иккинчи турмушдан бўлган фарзандлар бир-бирига ўзаро она бир биродарлар саналалади, бунда уларнинг жинсининг аҳамияти йўқ.
Она бир биродарларнинг мерос олишида 3 хил ҳолат мавжуд:
а) Мероснинг олтидан бир қисмини оладиган ҳолат
Марҳумнинг фарзандлари, отаси, отасининг отаси (яъни бобоси) бўлмаса ва она бир биродари битта бўлса (она бир ака ёки ука ёинки она бир опа ёки сингил), у ҳолда ушбу меросхўр фарз эгаси сифатида мероснинг олтидан бир қисмини олади. Бунга далил: “Агар бир эркак ёки аёл калола ҳолида мерос қолдирса, унинг биродари ёки синглиси бўлса, улардан ҳар бирига олтидан бир тегур.” (“Нисо” сураси, 12-оят).
Ояти каримадаги “калола” сўзи ҳақида сўралганларида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу қуйидагича жавоб берган эканлар: “У ҳақда ўз фикримни айтаман. Тўғри бўлса, Аллоҳдан, хато бўлса, мендан ва шайтондан, яъни Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг бунга алоқалари йўқ. Калола зурриёти ва аждоди йўқ одамдир”.
Яъни ўлган пайтида орқасидан бола-чақаси ҳам, невара-чеваралари ҳам, ота-она, бобо-момолари ҳам қолмаган одам калола ҳолида ўлган ҳисобланади.
Демак, оятнинг ҳукмига кўра, “калола” ҳолида вафот этган одамнинг ортидан она бир ака-ука ёки она бир опа-сингил қолса, улар ёлғиз бўлса, мероснинг олтидан бирини олади.
Мисол 1. Бир инсон вафот этди. Ортидан туғишган акаси ва она бир синглиси қолди. Мерос тақсимоти қуйидагича бўлади: она бир сингил мероснинг олтидан бир (1/6) қисмини фарз эгаси сифатида олади. Қолган 5/6 қисм меросни туғишган ака асаба (марҳумга энг яқин эркак қариндош) сифатида олади.
Мисол 2. Бир инсон вафот этди. Ортидан хотини, она бир укаси ва амакиси қолди. Мерос тақсимоти қуйидагича бўлади: хотин – фарзанд мавжуд бўлмагани сабабли мероснинг тўртдан бир (1/4) қисмини; она бир ука мероснинг олтидан бир (1/6) қисмини фарз эгаси сифатида олади. Қолган (7/12) қисм меросни амаки асаба (марҳумга энг яқин эркак қариндош) сифатида олади.
Эслатма! Марҳумнинг ортидан ягона меросхўр қолса, у мероснинг барчасини олади. Дейлик, бир инсон вафот этди, ортидан фақат она бир синглиси меросхўр сифатида қолди. Она бир сингил бошқа меросхўрлар бўлмагани учун барча меросни бир ўзи олади.
б) Мероснинг учдан бир қисмини оладиган ҳолат
Юқоридаги шартлар топилса ҳамда она бир биродарлар сони икки ёки ундан ортиқ бўлса, улар мероснинг учдан бир (1/3) қисмини ўзаро тенг тақсимлаб олади. Бунга далил: “Агар улар (она бир биродарлар) бундан (биттадан) кўп бўлсалар, учдан бирига шерикдирлар. Зарар қилмайдиган васиятни ёки қарзни адо этгандан сўнг. Булар Аллоҳнинг васиятидир. Ва Аллоҳ билувчи ҳамда Ҳалийм Зотдир.” (“Нисо” сураси, 12-оят).
Агар она бир ака-ука ва опа-сингиллар иккита ва ундан кўп бўлсалар, улар мероснинг учдан бирида шерик бўладилар. Ушбу ҳолатда эркак-аёл тенг насиба оладилар.
Мисол 1. Бир киши вафот этди. Ортидан ота бир синглиси, она бир укаси ва она бир опаси, амакисининг ўғли қолди. Мерос тақсимоти қуйидагича бўлади: ота бир сингил – фарзанд бўлмагани учун мероснинг ярмини; она бир сингил ва ука мероснинг учдан бир (1/3) қисмини фарз эгаси сифатида (ўзаро тенг бўлиб) олишади. Улардан қолган 1/6 қисмни асаба (марҳумга энг яқин эркак қариндош) сифатида амакининг ўғли олади.
Мисол 2. Бир инсон вафот этди. Ортидан ота бир укаси ва она бир 3 опаси қолди. Мерос тақсимоти қуйидагича бўлади: она бир опалар мероснинг учдан бир (1/3) қисмини фарз эгаси сифатида олишади ва уни ўзаро тенг тақсимлашади. Улардан қолган 2/3 қисм меросни ота бир ука асаба (марҳумга энг яқин эркак қариндош) сифатида олади.
в) Меросдан ҳеч нарса олмайдиган ҳолат
Марҳумнинг фарзандлари ёки (қанча юқориласа ҳам) отаси бўлса, она бир биродарлар меросдан тўсилиб қолишади, яъни меросдан ҳеч қандай улуш олишмайди.
Мисол 1. Бир инсон вафот этди. Ортидан 2 нафар ўғли, она бир синглиси ва амакиси қолди. Мерос тақсимоти қуйидагича бўлади: 2 нафар ўғил асаба сифатида барча меросни олишади. Она бир сингил ва амаки эса ўғил фарзандлар туфайли меросдан тўсилиб қолади.
Мисол 2. Бир инсон вафот этди. Ортидан қизи, туғишган синглиси, она бир акаси ва укаси қолди. Мерос тақсимоти қуйидагича бўлади: қиз – ёлғиз фарзанд бўлгани учун мероснинг ярмини фарз эгаси сифатида олади. Қолган ярмини эса туғишган сингил “бошқа туфайли асаба бўлиш” қоидасига кўра асаба сифатида олади, она бир биродарлар эса марҳумнинг фарзанди борлиги учун меросдан қуруқ қоладилар.
Мисол 3. Бир инсон вафот этди. Ортидан отаси, хотини, 2 нафар она бир синглиси ва амакиси қолди. Мерос тақсимоти қуйидагича бўлади: хотин мероснинг тўртдан бир (1/4) қисмини фарз эгаси сифатида олади. Ота эса мероснинг олтидан бир (1/6) қисмини фарз эгаси сифатида, қолган ўн иккидан етти (7/12) қисмини эса асаба (марҳумга энг яқин эркак қариндош) сифатида олади. Она бир биродарлар ота туфайли меросдан тўсилиб қолади.