Бундай ҳуқуқларга қуйидагилар киради:
- муаллифнинг ўз асарига бўлган ҳуқуқи;
- тижорий номга бўлган ҳуқуқ;
- кашфиётчининг ўз кашфиётига нисбатан ҳуқуқи.
Савол: Хуқуқ эгаси унинг ҳуқуқидан (масалан унинг кашфиёти бўйича) бошқалар фойдаланганлиги учун улардан тўлов олишга ҳақлими ёки бошқалар хуқуқ эгасининг розилигисиз ундан фойдаланишлари мумкинми (масалан муаллифнинг китобидан нусха олиш ва уни тарқатиш)?
Муаллифнинг ўз асарига бўлган ҳуқуқи
Бу саволга аксарият олимлар муаллиф/ҳуқуқ эгаси (бошқалар унинг ҳуқуқидан фойдаланганлиги учун) ҳақ олиши, шунингдек, у тўловсиз унинг ҳуқуқидан фойдаланишни тақиқлаши ҳам мумкин дейишади. Бунга асос тариқасида муаллифнинг шундай интеллектуал мулк яратиш учун ақлий, жисмоний ва моддий хатти-ҳаракатлар сарф қилганлигини келтиришади. Бирор манфаат келтирувчи нарса устидан хақ олиш мумкинлиги эса азалдан маълум. Шунингдек, бундай хақ/тўловнинг мавжудлиги муаллифнинг меҳнатини муҳофаза қилишга ёрдам беради ва муаллифга жиддий муносабатда бўлишга ўргатади.
Патент
Патент – бу кашфиёт ёки бирор янгилик, ишлаб чиқариш ускунаси намунаси каби бирор-бир нарсага бўлган муаллифнинг мутлоқ хуқуқини тасдиқловчи ҳужжат бўлиб, унинг асосий вазифаси муаллифнинг интеллектуал ҳуқуқини химоя қилишдир. Патент ҳуқуқи ислом ҳуқуқшунослигида ҳам тан олинади ва ҳимоя қилинади.
Тижорий номга бўлган ҳуқуқ
Бундай ҳуқуқ бугунги кунда жуда кенг қўлланади. Бунда бирор-бир корхона ўз маҳсулоти ёки хизмати билан машҳур бўлиб кетади ва шу сабаб ушбу корхонанинг номи ўзига яраша қийматга эга бўлишни бошлайди. Шундан кейин ўша корхона бошқа корхоналарга унинг номидан фойдаланганлик учун хақ олишни бошлайди (McDonald’s, Burger King, KFC каби). Бу ҳам ислом хуқуқшунослигида тан олинади ва ҳимоя қилинади.