Ота-оналар ва қариндошлар қолдирган нарсада эркакларнинг насибаси бор. Ота-оналар ва қариндошлар қолдирган нарсада аёлларнинг насибаси бор. У оз бўлсин, кўп бўлсин–фарз қилинган насибадир.
Исломдан олдинги тузумларда, жумладан, Арабистон ярим оролидаги жоҳилий тузумда ёш болалар ва аёллар мерос олиш ҳаққидан маҳрум эдилар. Жоҳилий араблар ҳукми бўйича, меросга фақат қурол олиб, душманга қарши уруша оладиган, яъни, вояга етган эр кишилар ҳақли эди, холос. Қолганлар, жумладан, ёш болалар ва аёллар бунга лойиқ эмасди. Ислом меросни эркак бўлсин, аёл бўлсин, катта бўлсин, кичик бўлсин, қариндошлик ҳаққи, деб эълон қилди. Улар меросни қариндошлик мартабаларига қараб, шариат ҳукми бўйича, кимга қанча кўрсатилган бўлса, ўшанчадан бўлиб олишади. Бу хол оилани ва қариндош-уруғчилик ришталарини мустаҳкамлашнинг бир йўлидир. Чунки қариндошлар, Ислом ҳукмига кўра, бир-бирларига қийин ҳолатларда ёрдам беришга мажбурлар.
Шу эътибордан қариндошлар мерос олиши адолатдандир. Фарзандлар эса, ўша ота ёки она сабабидан дунёга келганлар. Уларни боқиш, тарбия қилиш ота-онанинг бурчидир. Мабодо, улар вафот этсалар, болалари мерос олишади. Ушбу оятда эркаклар билан бир қаторда аёллар ҳам ота-оналар ва кариндошлар қолдирган меросдан насибадор эканликлари таъкидланмокда.
«Ота-оналар ва қариндошлар қолдирган нарсада эркакларнинг насибаси бор. Ота-оналар ва қариндошлар қолдирган нарсада аёлларнинг насибаси бор».
Бу, Исломнинг аёлларга бундан ўн тўрт аср илгари берган катта хуқуқидир. Бунда аёл кишининг ҳам эркак киши каби инсон эканлигини англатувчи аниқ маъно бор.
Ибн Мурдавайҳи Жобир розияллоху анхудан ривоят қилишича, Умму Каҳҳа исмли саҳобия аёл Пайғамбаримиз соллаллоху алайхи ва салламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, менинг саккизта кизим бор, оталари улиб колди. Уларнинг хеч нарсаси йўқ. Оталарининг қариндошлари меросни қизларимга беришмаяпти», деганида, Аллох таоло юқоридаги ояти каримани нозил қилган экан. Мана шу ҳадиснинг ўзи ҳам бу хукм канчалик адолатли эканлигини кўрсатиб турибди.
«У оз булсин, кўп бўлсин-фарз қилинган насибадир».
Яъни, меросга озгина нарса қолибди, ҳеч нарсага арзимайди, фалончи олиб қўяверсин, дейилмайди. Озми, кўпми, барибир, Аллох буюрганидек бўлиш керак. Бу, Аллох таоло фарз қилган нарсадир.
Манба: “Тафсири Ҳилол” китоби