Бугунги кунда Ўзбекистон банк тизимида 30 та анъанавий тижорат банки ҳамда 5 та рақамли (онлайн) банк фаолият олиб бормоқда[1]. Ушбу банклар кичик ва йирик бизнеснинг қисқа, ўрта ва узоқ муддатли тадбиркорлик лойиҳаларини (жумладан инвестицион лойиҳаларни) молиялаштириши мумкин.
Шунингдек, мамлакатда 34 лизинг компанияси ҳамда 14 тижорат банки лизинг фаолияти олиб бормоқда.
Оммавий ахборот воситалари, Ўзбекистон банклар ассоциацияси, Ўзбекистон савдо-саноат палатаси ва бошқа турли ташкилотлар томонидан тадбиркорлик муаммолари юзасидан берилаётган турли таҳлилий материалларда бирор марта ҳам мамлакатимизда банклар ёки лизинг компанияларининг етишмовчилиги кузатилаётганлиги қайд этилмаганлигидан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, ҳозирча мамлакатимизда банкларнинг ёки лизинг компанияларининг миқдори бўйича муаммо йўқ.
Бироқ, Европа Тараққиёт ва Тикланиш банки томонидан 2021 йилда ўтказилган тадқиқотлари маълумотларига кўра, турли омиллар сабаб, кичик ва ўрта бизнеснинг тахминан 70 фоизи ўз жамғармалари ҳисобига ёки оила аъзолари, дўстларидан қарз олиб, ўзини-ўзи молиялаштиришга ҳаракат қилади[2].
Шунингдек, биз 2020 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури лойиҳаси доирасида аҳоли, бизнес вакиллари ва тижорат банклари ўртасида ўтказган сўровнома давомида 27 та тижoрaт бaнки, 2235 нафар тадбиркор ҳамда 4938 жисмoний шaxс иштирок этган. Ушбу сўровнома натижаларига кўра бизнес вакилларининг 38%, ҳамда жисмоний шахсларнинг 55% диний қарашлари сабабли анъанавий кредитлардан фойдаланмасликларини айтишган.
61% бизнес вакиллари ва 75% жисмоний шахслар агар ислом банк-молия муассасалари Ўзбекистонда фаолият бошлашса, ўз молиявий амалиётларини ислом молия муассасаларида олиб бориш истагини билдиришган. 47% бизнес вакиллари ва 55% жисмоний шахс ислом банклари хизмат ҳақи юқори бўлса ҳам улар билан ишлайверишларини айтишган, чунки бу уларнинг диний дунёқарашлари билан боғлиқ эканлигини айтиб ўтишган.
Бу эса нафақат Ўзбекистон банк тизимининг кичик ва ўрта бизнес корхоналарининг молиявий эҳтиёжларини қондиришда етарли даражада самарали эмаслигидан далолат беради, балки пул маблағларини расмий банк-молия тизимидан ташқарида айланишига ва шу орқали хуфиёна иқтисодиётни ривожланишига ҳам ҳисса қўшади.
Албатта, биз ушбу маърузамиз давомида мамлакатимиз банк-молия тармоғидаги барча муаммоларни кўриб чиқа олмаймиз, балки диний қарашлари туфайли анъанавий банк-молия муассасаларининг фоизли кредитларидан фойдаланмайдиган тадбиркорлар ва аҳолининг молиявий маблағларга бўлган эҳтиёжини қондириш муаммосини кўриб чиқамиз.
Демак, маърузамизни асосий қисмини Ўзбекистон каби, аҳолисининг тахминан 90% мусулмон бўлган Бангладешда ислом банк-молия тизимини татбиқ этиш тажрибасига кўз югуртириб чиқишдан бошлаймиз.
Бугунги кунда ислом банклари Бангладеш банк тизимида тахминан 30% улушга эга[3]. Ислом банк-молия тизимининг умумий ҳажми 48,1 млрд.долларга тенг. Мамлакатдаги жами омонатларнинг 27 фоизи ислом банклари ҳиссасига тўғри келади. Ислом молия хизматлари кенгаши (Islamic Financial Services Board) маълумотига кўра Бангладешнинг жаҳон ислом банк тизимидаги улуши 2,3%га тенг, бу кўрсаткич бўйича Бангладеш Индонезиядан (2,1%) ҳам олдинга ўтиб кетган. Ваҳоланки Индонезия мусулмон аҳолиси сони бўйича Бангладешдан анча олдинда (Бангладешда тахминан 150 млн. аҳоли мусулмон бўлса, Индонезияда 250 млн. атрофида)[4].
Юқорида биз ўтказган сўровнома доирасида жавоб берган респондентлар, агар Ўзбекистонда ислом банк-молия тизими жорий қилинса 44% корхоналар (бизнес) ва 42% жисмоний шахслар ўз бўш маблағларини ислом банклари омонатлари ва шерикчилик лойиҳаларига киритишларини айтишган.
“Ислом тамойилларига асосланган даромад келтирувчи омонат ёки шериклик битимларига қанча маблағ йўналтирган бўлардингиз?” деган саволга 26,3% жисмоний шахслар 1 млн.дан – 5 млн. сўмгача бўлган, 23,7 фоизи эса 20 млн.сўмдан кўп бўлган (бўш) маблағларини ислом банкларига омонат сифатида қўйишга тайёр эканликларини билдиришган.
Биз бошқа мутахассислар билан ўтказганҳисоб-китоблар бўйича Ислом молияси тамойилларига мувофиқ бўлган банк депозитлари ташкил этилиши таҳминан 50 триллион сўмдан (4,4 млрд. АҚШ доллари) зиёд пул маблағларини аҳолидан депозит сифатида жалб қилиш имкониятини беради.
Хўш, Ўзбекистонда ислом молияси восита ва маҳсулотларини татбиқ қилиш учун биринчи навбатда нима қилиш керак?
Бирламчи шарт – тегишли қонунлар қабул қилиш ва лозим бўлган ҳолларда амалдаги баъзи қонунлар ва қонуности ҳужжатларини ислом молияси восита ва маҳсулотларини татбиқ қилишга мослаштиришдир. Бу ишни амалга оширмасдан туриб ислом молиясини амалга татбиқ қилиш иложсиз.
Бугунги кунда ислом молия муассасаларида энг кўп қўлланадиган амалиёт, савдо амалиётидир. Хусусан, савдо битимлари қаторига кирувчи муробаҳа, энг кўп қўлланиладиган молия маҳсулотидир. Ушбу молия маҳсулоти қўллаганда, банк мижоз томонидан сўралган маълум бир маҳсулот (мол)ни сотиб олади, банк балансига кирим қилади ва ушбу мол қийматига ўз устама (фойда)сини қўшган ҳолда мижозга муддатли тўлов асосида сотади. Бироқ Ўзбекистон шароитида ислом молия тизимининг ушбу маҳсулотларини қўллаш хозирча қонун нуқтаи назаридан иложсиз, чунки:
- “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ банклар бевосита ишлаб чиқариш, савдо, ва суғурта фаолияти билан шуғулланишга ҳақли эмасликлари (4-модда)[5];
- Қонуннинг 5 моддасида Банклар кредитларни уларнинг қайтарилиши ва фоизлилиги шарти билан бериши (5 модда);
- Солиқ кодексининг X-бўлимида маҳсулотларни олди-сотди қилиш (айланма савдо) қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) солиш объекти ҳисобланиши, яъни бирор бир мол олиб сотилса бу амалиёт айланма савдо ҳисобланиши ва ундан ҚҚС олиниши белгилаб қўйилган.
Шундай қилиб, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунга кўра бугунги кунда Ўзбекистон тижорий банклари бирор мижознинг бизнес лойиҳасини молиялаштиришни истаса фақат кредит бериш йўли билан, яъни фоиз асосида амалга ошириши мумкин, бу эса ислом молияси талабларига зид. Маҳсулотларни олди-сотди қилиш (айланма савдо)нинг қўшимча қиймат солиғи объекти ҳисобланиши эса ислом банклари молиялаштириш восита ва маҳсулотларини молия бозорида рақобатбардош бўлмаслигини таъминлайди.
Ислом молиясида қўлланувчи яна бир молиялаштириш воситаси мушорака ҳисобланади. Бироқ, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 7-модасига кўра банкларнинг молиявий бозор инфратузилмасини айрим ташкилотларини истисно қилганда, юридик шахсларни ташкил этиши ёки уларнинг устав капиталида қатнашишига йўл қўйилмайди.
Ислом молиясида ажратилган ёки жалб қилинган (депозит) маблағларга фоиз ҳисобланмайди, чунки маълум муддатга берилган пуллар (депозит, қарз) эвазига фоиз тўлаш ман қилинган, чунки бу ислом динида қатъиян тақиқланган рибо ҳисобланади. Бироқ, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида банк омонати ва кредит шартномаси бўйича маблағларни жалб қилган тараф томонидан маълум бир фоиз тўланиши белгиланган.
Хусусан, Фуқаролик кодексининг 744-моддасига мувофиқ кредит шартномаси бўйича бир тараф – банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.
Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 759-моддасига кўра банк омонати шартномаси бўйича биринчи тарафдан (омонатчидан) қабул қилиб олган ёки унинг номига келган пул суммасини (омонатни) қабул қилиб олган иккинчи тараф (банк) шартномада назарда тутилган шартлар асосида ва тартибда омонат суммасини қайтариш ва унга фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.
Ислом банкларида омонатнинг бир нечта турлари мавжуд бўлиб, улардан фақатгина талаб қилингунга қадар сақланадиган омонат тури қайтарилиши кафолатланади, чунки мижознинг омонатидан банк фойдаланиши мумкин эмас. Бошқа турдаги омонатлар эса анъанавий омонат-депозит эмас, балки сармоя ҳисобланади ва шунга кўра, ислом банкларига бундай сармоя киритган мижозлар банк фойда кўрса фойдадан ўз улушларини (келишилган миқдорда) оладилар, зарар кўрса улар ҳам зарар кўрадилар, яъни киритилган маблағнинг қайтиши кафолатланмаган бўлади.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистонда банклар томонидан ислом молияси тамойиллари асосида молиялаштиришни йўлга қўйиш учун ислом молияси ва банк фаолиятига оид махсус қонун ишлаб чиқилиши ҳамда бир қатор қонун ҳужжатларига, шу жумладан: Фуқаролик кодекси, Солиқ кодекси, “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”ги, “Лизинг тўғрисида”ги, “Ипотека тўғрисида”ги, “Гаров тўғрисида”ги ва бошқа қонунларга халқаро тажриба ва Ислом молияси хизматлари кенгаши (IFSB) стандартлари асосида тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек зарур қонуности ҳужжатларни ислом молияси бўйича зарур билим ва тажрибага эга бўлган маҳаллий ва халқаро мутахассислар иштирокида ишлаб чиқиш талаб этилади.
Бироқ, ислом молиясига тадбиркорлар ва аҳоли томонидан кучайиб бораётган талабни ҳамда тегишли қонунлар ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёни узоқ давом этишини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг ислом молияси ва банк фаолияти бўйича махсус фармонини чиқариш ва шу фармон (ва/ёки қарор) асосида иш бошлаш мумкин. Албатта бу вақтинчалик ечим бўлади, лекин шу билан бирга ушбу ечим 9 та маҳаллий тижорат банки ва Хусусий тармоқни ривожлантириш ислом корпорацияси ўртасида ушбу банкларда ислом дарчалари очилиши бўйича имзоланган шартномаларни амалга ошириш имконини беради. Ислом дарчаларининг очилиши эса нафақат ислом молия маҳсулотларига бўлган талабни қондиришга, балки соҳа мутахассисларни тайёрлашга ҳам ёрдам беради, чунки янги молия маҳсулотларини амалиётда қўллаш ушбу восита ва маҳсулотларни ўзига хос жиҳатларини ўрганишга ёрдам беради. Ислом молия восита ва маҳсулотларининг татбиқ қилиниши инвестиция муҳитини ҳам яхшилашга, молия тармоғини янги маҳсулотлар ва иштирокчилар ҳисобига кенгайтиришга ва янги сармоялар жалб қилишга ёрдам беради.
Шу ерда, ислом банк-молия тизимини татбиқ этиш имконини берувчи меъёрий-ҳуқуқий асосни яратиш бўйича ишлар 2022 йилнинг биринчи чорагида Ислом тараққиёт банкининг 265 минг АҚШ долларига тенг бўлган техник кўмаги доирасида амалга оширилиши бошланганлигини қайд этиш лозим[6].
Бундан ташқари, Ўзбекистонда ислом молияси восита ва маҳсулотларини ислом банк-молия тизими бўйича тегишли қонунлар ишлаб чиқилиши ва қабул қилинишини кутмасдан инвестиция компаниялари ташкил қилиб ислом молиясининг асосий восита/маҳсулотлари бўлган молиявий ижара, муробаҳа (муддатли тўлов асосида олди-сотди амалиёти) ҳамда мушорака (бизнес ҳамкорлик/шерикчилик)ни қўллаган ҳолда ислом молияси тамойилларига мувофиқ бўлган фаолиятни бошлаш мумкин. Бундай фаолиятни бошлашга ҳуқуқий асос сифатида “Тадбиркорлик ва инновациялар соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5583 рақамли Президент фармони хизмат қилиши мумкин.
Бу йўл билан бирданига учта муҳим натижага эришиш мумкин, биринчидан ўз фаолиятларини ислом молияси тамойилларига мувофиқ тарзда олиб боришни истайдиган жисмоний ва юридик шахсларга хизмат кўрсатишни бошлаш, иккинчидан молия бозорининг бошқа иштирокчиларига бу борадаги имкониятларни кўрсатиб бериш ва шу орқали молиявий маҳсулот ва хизмат турларининг кўпайишига ва молия бозорида рақобатнинг кучайишига туртки бериш, учинчидан соҳа мутахассисларини амалий жиҳатдан тайёрлаш, чунки бугунги кунда Ўзбекистонда бу йўналишда амалий тажрибага эга бўлган мутахассислар деярли йўқ (чунки шу пайтгача бундай мутахассислар тайёрланмаган).
Шундай қилиб, Ўзбекистонда ислом банк-молия тизимини татбиқ қилиш қуйидаги иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий мақсадларга эришиш имкониятини беради:
- ўз диний эътиқоди туфайли анъанавий банк-молия муассасалари фоизли кредитларидан фойдаланмайдиган аҳоли ва бизнес вакилларини банк-молия тизимига жалб қилиш ва шу орқали уларнинг иқтисодий-ижтимоий фаоллигини ошириш;
- иқтисодиётга ички ва ташқи инвестициялар жалб қилиш кўламини кенгайтириш орқали мамлакат иқтисодиёти ривожига сезиларли ҳисса қўшиш;
- аҳоли ва тадбиркорлардан омонатлар жалб қилиш орқали банкларнинг ресурс базасини ошириш;
- янги йўналишда фаолият юритувчи молия муассасаларини кўпайтириш ва шу орқали янги иш ўринлари яратиш;
- хорижий ислом молия муассасалари, халқаро ислом молия ташкилотлари ва ИҲТга аъзо давлатлардан инвестициялар ва маҳаллий тижорий/инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун молия маблағлари (линиялар) жалб қилиш;
- ислом иқтисодиёти ва молияси тармоғини ривожлантириш орқали “ҳалол” маҳсулотлар бозорини (биринчи навбатда шундай маҳсулотлар экспортини) ривожлантириш;
- сукуклар чиқаришни йўлга қўйиш орқали қимматбаҳо қоғозлар бозори ва капитал бозорини ривожлантириш;
- такафул тизимини ривожлантириш орқали суғурта бозорига ривожига ҳисса қўшиш;
- ислом ижтимоий молия тизими (биринчи навбатда вақф ва закот)ни ривожлантириш орқали аҳоли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш;
- фуқароларнинг ҳукуматга бўлган ҳурмати/садоқати (лояльность) ва ватанпарварлик туйғусини кучайтириш;
- фуқароларнинг диний (виждон) эркинлигини таъминлаш орқали ҳукуматнинг халқаро ҳуқуқ ташкилотлари ва дунё ҳамжамияти олдида сиёсий обрўсини ошириш;
- янги йўналишда мутахассислар етиштиришни йўлга қўйиш ва шу орқали ислом иқтисодиёти ва молияси ҳамда ислом молия фиқҳи йўналишларида илмий фаолиятни кучайтириш (чунки илмий фаолиятсиз амалий фаолиятни ривожлантириш ижобий натижа бериши қийин);
- янги йўналишда мутахассислар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш орқали Ўзбекистон манфаатларини халқаро майдонда ҳимоя қилиши мумкин бўлган мутахассислар “экспортини” йўлга қўйиш;
- азалдан исломшунослик (яъни Қуръон ва ҳадис илмлари, фиқҳ) ва шарқшунослик кучли ривожланган мамлакат сифатида МДҲ давлатлари орасида ислом молияси йўналишида етакчи давлатга айланиш ва шу орқали иқтисодий ва сиёсий манфаатларга эга бўлиш.
Муаллиф: Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
[1] https://bank.uz/orgs/banks
[2] Downloads/law-in-transition-2021-english-small-and-medium-sized-enterprise-growth.pdf
[3] https://www.fitchratings.com/research/islamic-finance/bangladesh-policy-steps-may-spur-islamic-finance-development-10-11-2021
[4] https://countrymeters.info/ru/Indonesia
[5] https://www.lex.uz/docs/4581969
[6] Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги назорати остида ўтказилган халқаро тендер натижасида Islamic Finance Advisory and Assurance Services (IFAAS) номли Буюк Британия компанияси ғолиб бўлди ва 2022 йилнинг февраль ойидан ислом банк-молия тизимини татбиқ этишни назарда тутувчи меъёрий-ҳуқуқий асос ишлаб чиқиш устида (маҳаллий юридик компания билан ҳамкорликда) иш бошлади;