Ушбу оят муайян мол-мулки бор етимлар ва уларни қарамоғига олган инсонлар ҳақида бўлиб, унда Аллоҳ таоло:
«У молларни исроф қилиб ва (эгалари) катта бўлиб қолмасин, деб шошилиб еб қўйманглар. (Етимни ўз қарамоғига олган) киши агар бой бўлса, (етимнинг молидан) парҳез қилсин, камбағал бўлса, яхшилик билан (яъни, қилган хизматига яраша) олиб есин», демоқда.
Етимни қарамоғига олиш дегани уни тарбиялаш, едириб-ичириш, кийдириш ва агар мол-мулки бўлса, уни кўпайтиришдир. Борди-ю, мол-мулки бўлмаса, унга Аллоҳ таолонинг розилигини истаб инфоқ-эҳсон қилиш тушунилади.
Муфассирлар (хусусан, Ибн Касир) ушбу оятни қуйидагича тафсир қилишади:
Етимларни балоғатга етгунларича (оила қуришга тайёр бўлгунларича мустақил ҳаётга тайёрланглар) имтиҳон қилинглар. Агар улар ўсиб улғайганлари (моддий бойликларни бошқариш кўникмаларига эга бўлганликлари) сизга аён бўлса, ўз мулкларини уларга беринг. Улар ўсиб улғайгунча уларнинг молларини шошқалоқлик билан исроф қилманг. Ким бой бўлса етимларнинг молига тегмасин, ким камбағал бўлса, фақат зарур бўлганини (озгина озиқ-овқат ва кийим-кечак учун) олсин ва бу олгани унинг васийлиги учун тўлов бўлсин.
Етимлар вояга етиб, уларнинг вақтинчалик сизда сақланган мол-мулкини ўзларига топшираётган пайтингизда (яъни бу жараёнда) гувоҳлар ҳозир бўлсин (яъни буни гувоҳлар ҳузурида расмийлаштиринг].
Уламолар етимни қарамоғига олган одам, агар камбағал бўлса, етимни молидан яхшилик билан (яъни, қилган хизматига яраша) олиб еса бўлади, яхшиликдан ортиқчасини ейиш эса ҳаром бўлади, дейишган. Ибн Жавзий ўз тафсирларида яхшилик билан ейиш ҳақидаги тўрт хил қарашни келтирган:
1. Қарз ҳисобида олиш;
2. Исроф қилмасдан эҳтиёжига яраша олиб ейиш;
3. Етим учун қилган хизматига яраша олиш;
4. Зарур бўлиб қолганда олиб, имкони бўлганда қайтариш.
Манба: Тафсири Ҳилол ҳамда машҳур муфассир Ибн Касирнинг тафсири таржимаси асосида тайёрланди.