“Сизлардан ким ҳур мўминаларни никоҳига олишга имкон топмаса, қўлингизда мулк бўлган мўмина қизларингиздан (уйлансин). Аллоҳ иймонингизни билувчи Зотдир. Ҳаммаларингиз бирсиз. Уларни никоҳингизга аҳлларининг изни ила олинг. Ва яхшилик билан маҳрларини беринг.“
Ушбу оятда ҳур аёлга уйланишни имконини топа олмаган одам чўри аёлларга уйланиши мумкинлиги, лекин чўри аёллар билан бўладиган алоқаси (ҳам) ҳалол-пок никоҳ алоқаси бўлиши кераклиги айтилмоқда.
«Сизлардан ким ҳур мўминаларни никохига олишга имкон топмаса, қўлингизда мулк бўлган мўмина қизларингиздан (уйлансин)».
Қуръони Карим «мўмина қизларингиздан» деган иборани «чўриларингиздан», деган иборанинг ўрнига ишлатган. Бу билан уларнинг шаъни кўтарилмоқда, улар ҳам Ислом назарида бошқалардан фарқ қилмасликлари таъкидланмоқда. Худди шу олий маънони яна ҳам мустаҳкамлаш учун оят давомида:
«Аллоҳ иймонларингизни билувчи Зотдир. Ҳаммангиз бирсиз», дейилмоқда.
Демак, инсон турли ўлчовлар, жумладан, ҳур ёки қуллиги билан эмас, иймони билан қимматлидир. Келгуси жумла ҳам чўриларга нисбатан одобли ва юксак рухдаги эътиборни давом эттириб:
«Уларни никоҳингизга аҳлларининг изни ила олинг», дейди.
Эгалари, хожалари, хўжайинлари каби сўзларнинг ўрнига «ахлларининг дейилиши катта маънони англатади. Шу билан бирга, аёлларнинг чўри бўлгани маҳрни бекор қилишга ёки махрини хужайинига беришга олиб келмайди. Чўри аёлга маҳр бериш хам фарз. Бу иш муҳимлигидан оятда:
«Ва яхшилик билан маҳрларини беринг», дейилмокда.
Жўнгина, маҳрларини беринг, деб қўймасдан, «яхшилик билан»нинг қўшиб айтилиши ҳам ҳикматлидир. Чўри келиннинг чўрилигини юзига солмасдан, камситмасдан, яхшилик билан маҳрини беринг, деган маънони англатади.
Исломда ирқи, миллати, ижтимоий-иқтисодий мавқеидан қатъий назар инсонга, хусусан аёл кишига иззат-ҳурмат билан муносабатда бўлиш кераклигини Аллоҳ таоло ушбу оят орқали ҳам бизга таълим бермоқда. Демак, чўри/қул бўлса ҳам никоҳига олаётган аёл кишига унинг ҳақи бўлган маҳрни бериш шартлиги уқтирилмоқда. Бугунги ҳурлик, кенгчилик замонида ҳам ўзи уйланаётган ҳур қиз/аёлга маҳрни бермаслик ёки имкон қадар камроқ бериш мақсадида турли баҳоналар ўйлаб топишга уринаётган йигитлар, Аллоҳ таоло (қулдорлик ҳукм сурган замонларда) хатто қул/чўри аёлларга ҳам маҳрни яхшилик / мамнунлик билан беришга буюрганлигини шу оятдан ҳам тушуниб, ўзларига керакли хулосалар чиқариб олишлари керак экан.
Манба: “Тафсири ҳилол” асосида тайёрланди.