“Қўлингизга мулк бўлиб тушганлар (жориялар)дан бошқа эрли аёллар ҳам (ҳаром қилинди). Бу сизларга Аллоҳнинг ёзганидир. Ана ўшалардан бошқаларни зино аралаштирмаган ҳолда молларингиз (маҳр) ила талаб қилмоғингиз (никоҳланишингиз) ҳалол қилинди. Улардан ҳузурланишингиз сабабидан маҳрларини беринг. Бу фарздир. Фарз маҳрдан кейин ўзаро розилик ила келишганингиз (яъни хотин маҳридан кечса) гуноҳ бўлмас. Албатта, Аллоҳ билувчи ва ҳикматли Зотдир.”
Бу ояти кариманинг аввалида никоҳи ҳаром қилинган аёлларнинг зикри давом этмоқда. Уларнинг охирги тоифаси ўлароқ эрли аёллар келтирилди.
«Қўлингизга мулк бўлиб тушганлардан бошқа эрли аёллар ҳам (ҳаром қилинди)».
Демак, эри бор аёлга уйланиш ҳаром. Эри ўлиб ёки эридан ажрашиб идда ўтирган аёллар ҳам идда муддати орасида эрлик аёллар қаторига киради. Буларнинг никоҳи ҳам вақтинча (яъни иддалари ўтгунча) ҳаромдир.
Оятда эрли аёллардан «қўлингизга мулк бўлиб тушганлар» истисно қилинмоқда. Урушда душман томондан мусулмонлар қўлига тушган аёллар, эрлари бўлса ҳам, ҳайз кўрганларидан кейин, уларга молик (эга) бўлган мусулмонларга ҳалол бўлаверади.
Сўнгра оятда:
«Бу сизларга Аллоҳнинг ёзганидир», дейилади.
Яъни мазкур ҳукмлар Аллоҳнинг амридир. Бошқа бировники эмас. Шунинг учун ҳам унга амал қилиш барчанинг бурчи. Бурчни адо этмаганлар жазога лойиқдир.
Никоҳи ҳаром қилинган аёлларни бирма-бир санаб ўтилгандан сўнг, никоҳи ҳалолларнинг умумий баёни келган:
«Ана ўшалардан бошқаларни зино аралаштирмаган ҳолда молларингиз ила талаб қилмоғингиз ҳалол қилинди».
Бу жумладаги, «молларингиз ила талаб қилмоғингиз», дегани маҳрини бериб уйланмоғингиз маъносини англатади. Демак, никоҳи ҳалол бўлган аёлларга уйланаётган вақтида ҳар бир киши амал қилиши лозим бўлган бир неча шарт бор экан. Оятда улардан зино аралаштирмаслик ва маҳр бериш шартлари таъкидланмоқда. Кейинги жумлада эса маҳр беришнинг муайян сабаби зикр қилинмоқда:
«Улардан ҳузурланганингиз сабабидан маҳрларини беринг».
Маҳр келин турмуш қуришга рози бўлганини, хотин бўлиб бир ёстиққа бош қўяётганини тақдирлаш сифатида берилади.
«Бу фарздир».
Яъни келинга куёв томонидан маҳр берилиши фарздир.
«Фарз маҳрдан кейин ўзаро розилик ила келишганингиз гуноҳ эмас».
«Фарз маҳр», дегани никоҳ ақди пайтида икки томон келишган маълум миқдор маҳрдир. Демак, аввал бир миқдор маҳрга келишилган бўлса-ю, кейин баъзи ўзгаришлар пайдо бўлиб, Яна келишилган ҳолда маҳрнинг миқдори ўзгартирилса, гуноҳ бўлмайди. Аммо албатта келишилган маҳрни бериш керак. Хиёнат қилмаслик лозим. Агар зикр этилган ҳукмларга итоат этмайдиганлар бўлса, билиб қўйсинлар:
«Албатта, Аллоҳ билувчи, ҳикматли зотдир».
Манба: “Тафсири ҳилол”