21-22 июнь кунлари Тошкент шаҳрида “Финтех, банклар, ритейл” ПЛАС–форуми бўлиб ўтди. Ундаги сессиялардан бири Марказий Осиёда ислом молияси ва унинг истиқболларига бағишланди.
Ислом молияси саҳифаси аъзолари ва ҳамкорларимиз ушбу форум ҳақида, жумладан, унда айтиб ўтилган баъзи фикрларга, хусусан, форум давомида ислом молия тизими мамлакатимизда татбиқ этилса қанча инвестиция жалб қилиш мумкинлиги, аҳолининг қанча қисми ўз диний қарашлари туфайли анъанавий кредитлардан фойдаланмаслиги юзасидан айтилган фикрларга ўз муносабатингизни билдирсангиз, деб илтимос қилишди. Ушбу илтимосларни инобатга олиб шу бўйича ўз фикрларимизни сизлар билан ўртоқлашишга қарор қилдик.
Форумда иштирок этган Apex bank Бошқаруви Раиси Баҳром Нўмоновнинг фикрича, ислом молиясининг татбиқ этилиши орқали Ўзбекистонга ҳар йили 10 миллиард долларгача инвестиция жалб қилиниши мумкин.
Хўш, бу фикр хусусида нима дейиш мумкин, албатта, бу рақамларнинг барчаси қайсидир ҳисоб-китоблар асосидаги тахминий рақамлар бўлиб, ушбу рақамлар улар айтилаётган пайтда тўғри бўлиши, лекин қисқа муддат ичида ўзгариши мумкин. Чунки сармоядорларнинг кайфияти доим бир хил эмас, балки сармоя киритилиши мўлжал қилинаётган мамлакатдаги сиёсий-иқтисодий ҳолат, иқтисодиёт тармоғи ва бошқа алоқадор соҳаларнинг ривожланиш суръатлари, қонун устуворлигининг таъминланганлиги, ҳукумат томонидан қабул қилинаётган иқтисодий қарорларнинг шаффофлиги, бошқа сармоядорлар кайфияти каби турли омиллар таъсирида ўзгариб туради. Масалан, бизнинг ҳисоб-китобларга кўра ҳам бугунги кунда ислом банк-молия тизимини жорий қилиш Ўзбекистонга 10 млрд. АҚШ доллари миқдорида сармоя жалб қилиш имкониятини беради. Лекин бизнинг ҳисоб-китоблар ҳам барибир таҳминий. Лекин асосийси миқдори қанча бўлишидан қатъи назар, яъни 5 млрд. АҚШ долларими ёки 10 млрд. АҚШ долларими, барибир мамлакатда ислом банк-молия тизимини жорий қилиш ички ва ташқи инвестициялар ўсишини таъминлайди, дейиш мумкин.
Ўзбекистонда фуқароларнинг қарийб 20 фоизи диний сабабларга кўра анъанавий кредит тизимидан фойдаланмайди.
Ушбу рақамлар ҳам тахминий, чунки 2020 йилда биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури ҳамда Ўзбекистон савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда амалга оширган тадқиқот ва унинг доирасида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра аҳолининг 38 фоизи ўз диний қарашларига кўра анъанавий кредитлардан фойдаланмайди. Албатта, бу рақамларни ҳам мутлақ ҳақиқат деб бўлмайди, чунки бу жавобни бизнинг сўровномада иштирок этган 4938 жисмоний шахс берган, мамлакатимиз аҳолисининг мехнатга лаёқатли қисми эса тахминан 20 млн. кишини ташкил этади. Лекин ҳеч қайси сўровнома доирасида 20 миллион уёқда турсин, 1 млн. кишини қамраб олишнинг ҳам амалий жиҳатдан иложи йўқ. Демак, бу рақамлар муайян ҳисоб-китоблар ёки сўровнома асосида ҳосил бўлган тахминий рақамлар, дейиш мумкин.
У (яъни Apex bank Бошқаруви Раиси Баҳром Нўмонов) айни пайтда мамлакатда исломий молиявий маҳсулотларини синовдан ўтказиш учун тартибга солувчи қумдон ишлаётганини қўшимча қилди.
Дарҳақиқат, 2022 йил 9 ноябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига асосан 2023 йил 1 январдан “тартибга солиш қумдони” ишга тушди. Ўзбекистонда молиявий хизматлар қумдонини, яъни янги молиявий хизматларни жорий қилиш учун аввал синовдан ўтказишни тартибга солувчи ҳуқуқий режимни биринчи бўлиб Марказий банк қўллади. Биз ислом банк-молия тизими ушбу ташаббус доирасида амалий жиҳатдан синовдан ўтказилади, деб кутгандик, чунки бирор янги молиявий хизмат/маҳсулот йўлга қўйилмоқчи бўлса ва қонунчиликда унга оид меъёр бўлмаса, ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмаган бўлса, ташаббускорлар шу тизимдан фойдаланган ҳолда, янги хизмат/маҳсулотларни синовдан ўтказиши, синовдан муваффақиятли ўтган хизматларга эса меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши мумкин бўлади, аслида. Аммо, афсуски, бундай бўлмади, яъни амалда “қумдон” ислом молияси учун ишламади.
“Вазирликлар ва Марказий банк исломий молия фаолияти учун қонунчилик базасини яратиш устида ишламоқда”, деди Apex bank Бошқаруви Раиси.
Аввал ҳам хабар берганимиздек, 2021 йил Ўзбекистон ҳукумати Ислом тараққиёт банкидан мамлакатимизда ислом банк-молия тизимини жорий қилиш ва ривожлантириш учун техник кўмак жалб қилган. Техник кўмак доирасида халқаро тендер ўтказилган ва тендер натижаларига кўра Буюк Британиянинг IFAAS компанияси билан шартнома имзоланган. Ушбу компания раҳбарлари билан биз ҳам кўришганмиз ва уларнинг ўз касбини яхши биладиган халқаро даражадаги мутахассислар эканлигига амин бўлганмиз. Бу йил IFAAS томонидан (махаллий юридик компания ёрдамида) тайёрлаган ҳужжат тегишли вазирликларга тақдим қилинди ва биринчи муҳокамалар бўлиб ўтди. Ушбу муҳокамаларга бизни ҳам таклиф қилишди ва хозирда ушбу ҳужжат устида ишлашни бошлаяпмиз. Ушбу ҳужжат сайқалланилганидан кейин уни тегишли вазирликлар билан муҳокама қилиш ва мувофиқлаштириш лозим бўлади. Ушбу жараёнлар якунига етганидан кейингина тайёр ҳужжатларни бевосита қонунчиликка ўзгартириш киритиш мақсадида тегишли босқичлардан ўтказиш ишлари бошланади (Марказий банк, Адлия вазирлиги, Қонунчилик палатаси…).
Ҳаёт банк бошқаруви раиси Зоҳид Алимов ҳам Ўзбекистонда исломий молияга бўлган талаб юқори эканини айтди.
“36 миллион аҳолига эга Ўзбекистонда исломий молиялаштиришнинг катта истиқболи бор, чунки аҳолининг 90 фоизи Ислом динига эътиқод қилади…”, – деди у.
Албатта, мамлакатда ислом молияси ривожланишининг асосий кафолати – айнан шундай молия турига катта эхтиёж сезаётган аҳоли ва тадбиркорларимиздир. Бироқ, шу ўринда қуйидаги баъзи мулоҳазаларимизни айтиб ўтишни лозим деб билдик:
Биринчидан, аҳолининг 90 фоизи мусулмон, деган рақам ҳам тахминий рақам, чунки бизнинг фуқаролик паспортимизда кишининг динини билдирувчи бирор ёзув йўқ, шу сабабли ким мусулмон, ким эса мусулмон эмас, буни аниқ айтиш деярли иложсиз. Биз мусулмонлар деганда асосан миллатига қараб хулоса чиқарамиз, аслида эса бу унчалик тўғри эмас.
Иккинчидан, диний қарашлари туфайли анъанавий кредитдан фойдаланмайдиган мусулмонлар, юқорида айтиб ўтганимиздек, 20-40%ни ташкил қилиши мумкин.
Учинчидан эса, ислом банклари фақат мусулмонларга эмас, балки дини ёки миллатидан қатъи назар, мамлакатизнинг ҳар қандай фуқаросига хизмат кўрсатади (ташкил этилганидан кейин, албатта).
Форумда, шунингдек, Ўзбекистонда ислом молияси ривожига бағишланган баъзи фактлар ҳам келтирилди, шулардан баъзиларига ўз муносабатимизни билдирмоқчимиз.
Ислом тараққиёт корпорацияси Ўзбекистондаги 6 та институт: Капиталбанк, Асакабанк, Туронбанк, Ҳамкорбанк, Ўзсаноатқурилишбанк, Asia Alliance bank билан шаръий-молиявий масалалар бўйича шартнома имзолади.
Биринчидан, номи тилга олинган халқаро молия ташкилотининг номи Ислом тараққиёт корпорацияси эмас, балки Хусусий тармоқни ривожлантириш ислом корпорациясидир. Иккинчидан, 6 та эмас, балки 9 та маҳаллий банк билан шартнома имзоланган (Kapitalbank, OFB, Ipak Yuli, Asia Alliance Bank, Xalq bank, Turonbank, Trastbank, Qishloq Qurilish bank, Agrobank). Учинчидан, шартномани шаръий-молиявий масалалар бўйича эмас, балки Ислом дарчалари очиш бўйича деб аташ тўғри бўлади.
2021 йилда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов банкларда ислом дарчаларини очиш режалаштирилаётганини маълум қилганди.
Барчангизга маълум, юқорида кўрсатиб ўтилган шартнома доирасида ҳали бирорта тўлақонли ислом дарчаси очилгани йўқ ва бунинг асосий сабаби сифатида (хозирча) қонунчиликка ўзгартириш киритилмагани кўрсатилади.
Шунингдек, 2022 йил 20 апрель куни имзоланган “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги қонунда, жумладан, микромолия ташкилотлари ислом молияси тамойиллари асосида қарзлар бериши мумкинлиги белгиланди.
Ушбу қонун амалда ишлаётгани йўқ, чунки унга кўра Марказий банк томонидан алоҳида тартиб ишлаб чиқилиши кўзда тутилган, тартиб эса ҳали ишлаб чиқилмаган, бундай тартиб мавжуд бўлмаса молия муассасалари фаолият олиб боришининг имкони йўқ.
Хулоса қилиб айтганда, ислом банк-молия тизими Ўзбекистонда жорий қилиниши учун юқорида кўрсатиб ўтилган ишлар амалга оширилиши керак ва бу йўналишда муайян ишлар қилинмоқда. Ўз навбатида, ислом молияси экспертлари, ушбу йўналишда даромад олмоқчи бўлаётган тижорат банклари раҳбарлари, ўз бизнесларини ҳалол йўл билан ривожлантиришни истаётган тадбиркорлар, сармоядорлар, ушбу соҳа ривожланишини чин дилдан истаётган ватандошларимиз, шу жумладан биз, яъни Ислом молияси лойиҳаси ва IsBF компанияси жамоаси ҳам имкон қадар ҳаракат қиляпмиз.
Дуолар ижобат бўладиган дақиқаларда турибмиз, дуо қилайлик, тез орада мамлакатимизда ҳам ислом банк-молия тизими татбиқ қилинсин ва барчамиз бунга ҳисса қўшиш имкониятига эга бўлайлик.
Жаҳонгир Имамназаров
Ислом молияси лойиҳаси ва Islamic Business and Finance компанияси ҳаммуассисларидан бири ва директори. Иқтисодиёт фанлари бўйича (ислом иқтисодиёти йўналиши) фалсафа доктори (PhD)