“Сендан фатво сўрарлар. «Аллоҳ сизга калола ҳақида фатво берур», деб айт. Агар бир одам ўлса-ю, унинг боласи бўлмаса, синглиси бўлса, унга марҳумдан қолганнинг ярми берилур. Агар сингилнинг боласи бўлмаса, у ҳамма меросни олур. Агар сингил иккита бўлса, улар марҳумдан қолганнинг учдан иккисини олурлар. Агар (меросхўрлар) эркак-аёл биродарлар бўлсалар, бир эркак икки аёл ҳиссаси асосида олурлар. Адашмаслигингиз учун Аллоҳ баён қилмоқда. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи Зотдир.”
«Калола» нима эканлиги хусусида ушбу «Нисо» сураси аввалида (12 оят) айтиб ўтилган.*
«Агар бир одам ўлса-ю, унинг боласи бўлмаса, синглиси бўлса, унга марҳумдан қолганнинг ярми берилур».
Калола ҳолда бир эркак ўлиб, мерос қолдирса-ю, унинг боласи бўлмай, синглиси бўлса, ўша сингил ака ёки укасидан қолган мероснинг ярмини олади.
«Агар сингилнинг боласи бўлмаса, у ҳамма меросни олур.Агар аёл киши калола ҳолда ўлиб, мерос қолдирса-ю, боласи бўлмаса, ака ёки укасигина бўлса, у синглисидан қолган мероснинг ҳаммасини олади.Агар сингил иккита бўлса, улар марҳумдан қолганнинг учдан иккисини олурлар».
Агар эр киши калола ҳолда ўлса-ю, ортида икки синглиси қолса, улар мероснинг учдан иккисини бўлиб оладилар.
«Агар (меросхўрлар) эркак-аёл биродарлар бўлсалар, бир эркак икки аёл ҳиссаси асосида олурлар»
Агар бир эркак калола ҳолда ўлса, ортида ака-ука, опа-сингиллари қолса, улар бир эркакка икки аёл ҳиссаси қоидаси асосида меросни бўлиб оладилар. Ушбу ҳолда она бир биродарлар, опа-сингиллар истисно қилинадилар. Суранинг аввалида келган оятда айтилганидек, агар калола ҳолида вафот этган одамнинг ортидан фақат она бир ака-ука ва опа-сингиллари қолсалар, меросни эркак-аёл тенг ҳисса ила бўлиб оладилар.
«Адашмаслигингиз учун Аллоҳ баён қилмоқда. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи Зотдир».
Буларни, бандалар адашиб қолмасин деб, Аллоҳнинг Ўзи баён килиб бермоқда.
______________________________
*Калола – зурриёди ва аждоди йўқ, яъни, вафот этган пайтида бола-чақаси, набира-чеваралари ҳам, ота-онаси, бобо-момоси ҳам йўқ бўлган одам, демакдир.
Маньа: “Тафсири ҳилол” китобидан