Муштарак ходим (ишчи) билан одатда муайян ишни бажариш бўйича келишилади, масалан, кийим тикиш, бинога ғишт териш ёки бирор нарсани маълум жойга элтиб бериш каби ишлар бунга мисол бўла олади. Шунингдек муштарак ходимни муайян муддат давомида бир ишни бажаришга ҳам ёллаш мумкин, фақат бунда ўша вақт оралиғида олинадиган барча манфаатни ўзига бўлишини шарт қилмаслик керак. Бунга шифокорларни мисол қилиб келтириш мумкин. Шифокор бемор тузалгунга қадар муолажа ишларини олиб боради, шу билан бирга бу вақт давомида бошқа беморларни ҳам даволаши мумкин бўлади.
Демак, бир вақтнинг ўзида бир неча алоҳида-алоҳида шахслар унинг манфаатидан фойдаланиши мумкин бўлган ишчи ёки ижарага олинган шахс муштарак ажир (ишчи, ходим) деб аталар экан.
Муштарак ишчи омма инсонлар учун ишлаши мумкин, уни ижарага олган/ ёллаган шахс бошқалар учун ишлашдан тўсиши жоиз эмас. Фақатгина уни ўзи ёки ўз корхонаси учун муддатли ижарага олса, у ҳолда бу ёлланган шахс муштарак ишчи эмас, балки хос ишчига айланади. Бунга мактаб шифокорини мисол қилиб келтириш мумкин, агар мактаб маъмурияти шифокорни фақат ўша мактаб ўқувчиларининг соғлигига жавоб бериш ва кун давомида маълум соатни мактаб биносида ўтказиш шарти эвазига ишга ёлласа, шифокор энди муштарак ишчи эмас, балки хос ишчига айланади.
Муштарак ишчининг мажбуриятлари:
- Муштарак ишчи келишилган ишни бажаришни ўз зиммасига олади;
- Агар ижарага олувчи ишни айнан ўша ишчи бажаришни шарт қилса, бу нарса шу ишчига лозим бўлади;
- Агар ижарага олувчи буни шарт қилмаган бўлса, муштарак ишчи бошқа ишчини ёллаши мумкин;
- Муштарак ишчи ишни белгиланган ишни тугатгач ҳақни талаб қилиши мумкин (ҳақни олдиндан бериш шарт қилинган ёки тўлов қилиб бўлинган ҳолат бундан мустасно).
Фақиҳ олимлар муштарак ишчи ҳузуридаги муайян нарса унинг айби (масалан, бепарволиги) сабабли талофатга учраса, ижарага ёлланган шахс тўлаб беришига иттифоқ қилганлар.