Фаолият юритиб турган корхона учун айланма маблағлар жалб қилиш зарурати пайдо бўлса, у ҳолда Мушорака молия маҳсулотидан фойдаланиш мумкин.
Айланма маблағларни шакллантириш учун молия ажратиш
Корхона сармояси (капитали) ўзаро келишув асосида баҳоланади. Имом Молик (раҳматуллоҳи алайҳ) фикрига кўра шерикчилик битимида сармоя пул кўринишида киритилиши шарт эмас. Балки ноликвид активлар (яъни тез муддат ичида пулга айлантириш қийин бўлган мол-мулк) ҳам баҳоланиб, шерикчилик сармоясига қўшилиши мумкин. Имом Моликнинг ушбу фикрини айнан шу ерда қўллаш мумкин. Яъни, ишлаб турган корхонанинг қиймати молиялаштиришга зарурати бор корхонанинг капиталдаги улуши деб ҳисобланади. Шерикчилик битими муайян муддатга, яъни бир йил, олти ой ёки бошқа бир муддатга тузилиши мумкин. Молия муассасасининг фойдадаги улуши икки тарафнинг ўзаро келишуви асосида белгиланади, аммо фойдадаги улуш унинг сармоядадаги улуши нисбатидан ошиб кетмаслиги лозим, чунки у корхона фаолиятини юргизмайди ва бошқарувда фаол иштирок этмайди. Шерикчилик муддати якунланганда корхонанинг барча ликвид ва ноликвид мол-мулклари қайта баҳоланиб, фойда ана шу баҳо асосида тақсимланиши мумкин.
Анъанавий нуқтаи назарга кўра, мушорака доирасида пайдо бўлган (ўртадаги) барча мол-мулк сотиб бўлингандан кейингина фойда тақсимланиши мумкин дейилишига қарамасдан, томонлар ўзаро келишув асосида активларни баҳолаб, яъни уларни “назарий жиҳатдан сотилган” деб ҳисоблашларига шариатда монелик йўқ. Шунингдек бу, бизнесда фаол шерик молиялаштирувчи шерикнинг мол-мулкдаги улушини шу тарзда баҳолаб, ва албатта мушорака шартномасида келишилган фойда тақсимоти нисбатини эътиборга олган ҳолда сотиб олганлигини англатади.
Масалан, А томон бизнесининг баҳоси 30 бирликка тенг деб ҳисобланади. Б томон ушбу бизнесга 20 бирлик миқдорида сармоя киритади ва бизнеснинг умумий қиймати 50 бирликка етади. Шунда, Б томоннинг бизнесдаги улуши 40%ни, А томоннинг улуши эса 60%ни ташкил қилади. Томонлар кўрилган фойданинг 20% Б га тегиши ҳақида келишиб оладилар. Келишув муддати сўнгида бизнеснинг умумий қиймати 100 бирликни ташкил қилди дейлик. Мана энди, А томон Б томонинг улушини сотиб олмоқчи бўлса 40 бирликка тенг бўлган нарх тўлаши керак бўлади, чунки бошидаги келишувга асосан Б нинг улуши 40% га тенг деб белгиланган. Аммо фойданинг келишилган нисбатини унинг (яъни Б нинг) улуши нархида акс эттириш учун бошқа тенглама (формула) қўлланилади. Бизнес баҳосининг кўтарилиши натижасида хосил бўлган фойда 20% ва 80% нисбатда тақсимланади, чунки шерикчилик битимида шундай фойда тақсимотига келишилган. Бизнес капиталининг баҳоси 50 бирликка қимматлашгани сабабли, ушбу 50 бирлик 20-80 нисбатда тақсимланади, ва бунда 10 бирлик (яъни, 50 х 20%) Б томонга тегадиган фойда ҳисобланади. Ушбу 10 бирлик Б нинг дастлабки улуши бўлган 20 бирликка қўшилади ва Б улушининг умумий баҳоси 30 бирликни ташкил қилади.
Лекин зарар кўриладиган бўлса, активларнинг қиймати камайишидаги зарар қатъий равишда сармоядаги улушга кўра тақсимланади, яъни 40/60 нисбатда. Юқоридаги мисолдаги ҳолатда, бизнеснинг умумий баҳоси 10 бирликка камайиб 40 бирликка тенг бўлиб қолди дейлик. Бу ҳолда 4 бирликка тенг бўлган зарар Б томон зиммасига (зарарнинг 40% и) тушади ва шу зарар унинг дастлабки 20 бирликка тенг бўлган сармоясидан айриб ташланади ва шундай қилиб Б томон улушининг нархи эндиликда 16 бирликка тенг бўлиб қолади.