Муробаҳа жамғармаси
Муробаҳа шундай савдо турики, унда таннарх ва устама/фойда ҳар икки тарафга ҳам аниқ бўлади. Яъни “харажатлар + фойда = муробаҳа”. Бундай савдо тури ҳозирги кунда ислом банклари томонидан мижозларни молиялаштириш учун энг кўп қўлланиладиган маҳсулотлардан бирига айланган. Бунда банклар маҳсулотни мижоз учун харид қилади ва уни мижозга қимматроққа насияга муддатли тўлов (тақсит) кўринишида сотади.
Агар жамғарма муробаҳа фаолияти билан шуғулланиш учун тузилган бўлса, у албатта ёпиқ (сlosed-end fund) жамғарма бўлиши керак ҳамда унинг қимматли қоғозлари иккиламчи бозорда сотилиши мумкин эмас. Сабаби, муробаҳа савдосига кўра, банк мижознинг буюртмаси асосида маҳсулотни сотувчидан харид қилганидан сўнг уни дарров насияга қайта сотиб юборади. Мижоз ва банк ўртасида тузилган муробаҳа битими оқибатида юзага келган ва бўлиб тўланадиган нарх мижоз уни тўлиқ қопламагунига қадар унинг зиммасидаги қарзга айланади. Демак, жамғарманинг улушлари замирида ҳам қарзлар ва пул бўлади. Шаръий қоидалардан маълумки қарзлар ўз қийматидан баланд ёки паст баҳога сотилса рибо ҳисобланади.
Аралаш жамғарма
Ислом жамғармаларининг яна бир тури “аралаш жамғарма” бўлиб, у аввал санаб ўтилган жамғарма фаолиятларининг барчаси билан шуғулланади: акция савдоси, ижара, маҳсулот савдоси ва ҳоказо. Бундай жамғарманинг қимматли қоғозларини сотиш жоиз бўлиши учун, жамғарма активларининг камида 51 фоизи моддий (ноликвид) активлар бўлиши, қарзлар ва ликвид (пул) активлари эса 50 фоиздан кам бўлиши керак. Агар ликвид активлар (яъни активларнинг пул қисми) ва қарзларнинг умумий улуши 50 фоиздан ортиб кетса, аксарият олимларнинг фикрига кўра, бундай жамғарманинг қимматли қоғозлари билан савдо қилиб бўлмайди. Бу ҳолатда жамғарма ёпиқ шаклда фаолият юритиши керак (яъни таъсисчиларнинг ўзидан иборат бўлиши керак).
Манба: Муфтий Муҳаммад Тақий Усмонийнинг “Ислом молиясига кириш” китоблари асосида рус тилида тайёрланган ва 2021 йилда чоп этилган “Исламские финансы” китобидан олинди.