Ислом банклари ҳам анъанавий банк хизматларига муқобил равишда ўз хизмат ва маҳсулотларини мижозларга тақдим этиб келади. Банк сифатида улар мижозлардан маблағларни жалб этиб, бу маблағларни бирор лойиҳага инвестиция қилиш орқали фойда олишга ҳаракат қилишади. Фақат бу ўринда Ислом банки ислом молияси тамойилларига мувофиқ фаолият юритиши билан анъанавий банкдан фарқ қилади.
Ислом банклари учун молиявий манбалар сирасига қуйидагилар киради:
- Жорий ҳисобрақамлар (яъни мижозларнинг банк ҳисобрақамларидаги қолдиқлар);
- Жамғарма ҳисбварақлар (яъни муддатли омонат (депозит)лардаги пул маблағлари);
- Инвестиция ҳисобварақлари (яъни мижозларнинг даромад олиш мақсадида инвестиция қилган пул маблағлари).
Барча ислом банклари жисмоний шахслар ва тадбиркорлардан иборат бўлган ўз мижозларининг жорий ҳисобрақамларини бошқаради. Ушбу ҳисобрақамлар мижознинг ҳисобидаги маблағларни ишончли сақлаш ва мижозларга хизмат қилиш мақсадида (масалан уларнинг топшириғи билан пул ўтказиш, турли хизматлар учун тўлаш ва ҳ.к.з) очилади.
Мазкур ҳисобрақамларнинг асосий хусусиятлари қуйида келтирилган:
- Жорий ҳисобрақамлар, одатда, банк тилида «талаб қилиб олинадиган депозитлар» деб ҳам номланади. Ушбу ҳисобрақамлар жисмоний шахслар ёки ташкилотлар/компаниялар томонидан маҳаллий ёки хорижий валютада очилиши мумкин;
- Банк ушбу ҳисобрақамлардаги пул маблағларини мижоз талаб қилган вақтда тўлиқ қайтарилишини кафолатлайди ва мижозга банк бу пуллардан фойдаланиб топган фойдасидан ҳеч қандай улуш, фоизлар ёки бошқа шаклда даромад тўламайди;
- Мижозлар ушбу маблағларни банкка улардан фойдаланиш ваколатини беришади. Демак, агар ушбу маблағларни муайян лойиҳага йўналтириш натижасида бирон бир фойда кўриладиган бўлса ҳам, бу фойда фақат банкка тегишли ҳисобланади. Мабодо, зарар кўрилса, зарар ҳам фақат банк томонидан қопланади;
- Депозит ва пул маблағларини жалб қилиш бўйича ҳеч қандай шартлар мавжуд эмас;
- Одатда, ҳисобрақам эгалари ўзларининг ҳисобрақамларидан истаган вақтларида пул ечиб олиш ҳуқуқига эга бўлишади.
Ислом банклари ҳамжамиятида жорий ҳисобрақамлар юзасидан иккита асосий тушунча мавжуд. Улардан бири – талаб қилиб олинадиган депозитларни Омонат (ишонч) ҳисобварағи сифатида кўриш. Ушбу қараш Иордания Ислом банки томонидан қабул қилинган бўлиб, бундай депозитлар жорий ҳисобрақам эмас, балки «ишонч ҳисобварақлари» деб номланади.
Иордания Ислом банки ишонч ҳисобварақларини «банк томонидан қабул қилиб олинадиган нақд пул депозитлари бўлиб, банкка ушбу маблағлардан хатар/таваккалчилик, яъни фойда ёки зарарни ўз зиммасига олган ҳолда фойдаланиш ваколати берилади ҳамда депозит қабул қилиб олиш учун ҳеч қандай шартлар қўйилмайди», дея таърифлайди. Ушбу нуқтаи назарга кўра мазкур ҳисобварақлардаги пул маблағлари банкка мижозлар томонидан ишонч асосида топширилади ва банк маблағ эгаларининг аниқ рухсатисиз улардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмайди.
Иккинчи нуқтаи назар, талаб қилиб олинадиган депозитларни Қарз ҳасан (фоизсиз/беғараз қарз) деб ҳисоблашдир. Ушбу қараш Эрон Ислом банклари томонидан қабул қилинган бўлиб, улар жорий ҳисобрақамларни “Қарз ҳасан жорий ҳисобрақамлари” деб аташади. Ушбу қарашга кўра, бундай ҳисобрақамларга қўйилган пул омонатчи томонидан банкка берилган қарздир. Банк ушбу маблағларни омонатчига ҳеч қандай фойда бермасдан ва унинг рухсатисиз, хавф-хатарларни ўз зиммасига олган ҳолда ишлатиши мумкин.
Қарзи ҳасан олувчи қарз маблағларидан фойдаланиш учун қарз берувчидан махсус рухсатнома олиши шарт эмас. Қарздор фақат қарз миқдорини тўлиғича қайтарса бўлди.
(давоми бор)
Манба: “Case Studies in Islamic Banking and Finance” – Brian Kettell