Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳузурида васият қилинадиган моли бор киши учун икки кечани ўтказмасдан васиятини ёзиб қўйиши лозим” деганлар. Хўш, бу ҳадисни қандай тушунамиз? Мол-мулки бор ҳар қандай мусулмон ҳаётлик даврида васият ёзиб қўйиши керак деб тушунамизми? Унда Аллоҳ томонидан белгилаб қўйилган мерос тақсимоти нима бўлади?
Келинг, мерос ва васият ўртасидаги фарқни яна бир бор эслаб оламиз.
Мерос
Манбаларда мерос масаласи илмнинг учдан бири ёки ярмига тенг эканлиги, у фароиз деб ҳам аталиши келтирилади. «Фароиз» сўзи фарз сўзидан бўлиб, луғатда, ўлчов, кесиш ва баён қилиш маъноларини билдиради. Меросни «фарз» деб айтилиши эса, мерос шариат томонидан ўлчанган, кесилган ва баён қилиниб, ҳар бир меросхўрнинг ҳақи аниқ кўрсатилгани учундир.
Фиқҳий тушунча бўйича маййитнинг ортидан шаръий ворисга қолган мол ва ҳуқуқларга мерос дейилади.
Нисо суранинг 11-оятида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Ота-оналарингиз ва фарзандларингиздан қайси бирлари сизлар учун манфаатлироқ эканини билмайсизлар. Шунинг учун мерос тақсимоти Аллоҳнинг (Ўзи) томонидан (белгиланди ва) фарз қилиб қўйилди. Албатта, Аллоҳ билимдон ва ҳаким зотдир».
Демак, мерос тақсимоти фақат Аллоҳ томонидан белгиланган тоифаларга (кимсаларга) унинг Ўзи белгилаган тартибда амалга оширилади. Шариатга кўра, меросхўрларнинг меросдаги ҳақлари мерос қолдирувчининг васияти туфайли бутунлай йўқ бўлиб қолмайди.
Васият
Васият – кишининг зиммасида бировларнинг (адо этилмаган) ҳақлари бўлса, ўшалардан меросхўрларини огоҳ қилиш ёки мол-мулкининг бир қисмини ўзининг вафотидан кейин ҳам бирор хайрли ишга сарфлаш мақсадида амалга оширадиган тадбир-тадориги дейиш мумкин.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, мулкдор одамнинг ўз молидан васият қилиши меросхўрларидан бошқа одамларнинг номига адо қилинади. Чунки меросхўрларга мерос молидан белгиланган улуш бордир. Улар ўша мерос улушига эга бўладилар. Бунинг асоси қуйидаги ҳадиси шарифдир:
“Албатта, Аллоҳ таоло (мерос борасида) барча ҳақдорларнинг ҳаққини белгилаб бергандир. Меросхўрлар учун васият қилинмайди”. (Абу Довуд, Термизий, ибни Можа, Аҳмад ва Байҳақийлар ривояти).
Васият қилинган мулк миқдори марҳум қолдирган мулкнинг 1/3 қисмидан ошмаслиги керак.
Васиятнинг ижроси марҳумнинг дафн харажатлари амалга оширилиб, унинг бўйнидаги қарзлари ўз эгаларига етказилганидан кейин бажарилади. Шу билан бирга, агар васият қилувчи мулкини ношаръий, ножоиз жойларга васият қилса, унинг васияти эътиборга олинмайди ва бажарилмайди.