Мерос масаласи азал азалдан мўмин-мусулмонлар орасида муҳим мавзулардан бири бўлиб келган. Бошқа мавзуларда бўлгани каби мерос масаласида ҳам одамларнинг турли қарашлари мавжуд. Биламизки, мерос дейилганида марҳумлардан қолган мол-мулк ва унга тегишли бошқа ашёлар тушунилади. Энди бу мавзуга ҳам шаръий асослар билан ёндашамиз. Мерос ҳукмлари асосан “Нисо” сурасининг 11–12-оятларида ҳамда, 176-оятида баён қилинади. Бу ҳақда пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам бир қанча муборак ҳадислари ворид бўлган. Жумладан:
“Эй Абу Ҳурайра, Фароиз (мерос) илмини ўрганинглар ва одамларга ўргатинглар. Чунки у илмнинг ярмидир. У энг биринчи унутиладиган илмдир. Умматим орасидан энг биринчи кўтариладиган илм ҳам шудир”.
Ушбу ҳадиси шарифни Ибни Можжа, Байҳақий ва Ҳокимлар Абу Ҳурайрадан ривоят қиладилар.
Бугунги воқеликга қарасак, ушбу ҳадиси шарифларни исботини айнан кўриб турибмиз. Мерос масаласида меросхўрлар кимлар, мерос деб нималар тушунилади, маййитга тегишли қарзлар қандай тўланади каби муҳим мавзуларга деярли эътибор берилмайди.
Гоҳида аҳли илм кишилар марҳумнинг меросини бўлиб бериш тартибини тушунтириб берсалар, айрим одамлар ҳали ҳақдорларнинг ҳақи меросхўрлар орасида бўлинмай туриб, “Биз розимиз. Ўз ҳақимизни фалончига ҳадя қиламиз”, дейдилар. Тўғри, динимизда ўз мулкини бировга ҳадя қилиш жоиз. Аммо бу иш барча ҳақдорларнинг мерос устидаги ҳақи белгиланиб, аниқ бўлганидан кейингина амалга оширилади.
Мерос мулкини бўлишдан аввал қуйидаги ишларни амалга ошириш зарур:
1. Такфийн. Маййитни дафн қилиш тадбирлари (маййитни ювиш, кафанлаш, кўмиш) унинг ўз мулки ҳисобидан амалга оширилади.
2. Маййитнинг қарзлари бўлса, мерос моли бўлинмасидан аввал унинг қарзлари тўланади.
3. Маййитнинг қарзлари тўланганидан кейин, уни бировларга қилган васияти бўлса, марҳумнинг мулкидан берилади. Аммо бу масалада марҳум ўз молининг ярмини ёки ҳаммасини меросхўрларидан бошқага васият қилган бўлса ҳам, молининг 1/3 (учдан бир) миқдорида васиятига амал қилинади холос.
4. Ушбу ишлар бажарилиб бўлганидан кейингина марҳумнинг қолган мулки меросхўрлар ўртасида ояти карималар ва ҳадиси шарифларда белгиланган тартибда тақсимланади.
Кўриниб турибдики, мерос масаласи молиявий ҳақлардан биридир. Мерос бўлинганда қариндошлик даражасига қараб бировнинг улуши кўпроқ, бошқасиники камроқ бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам бу масала ўта нозикдир. Аммо кимнинг улуши қанча экани ҳам одамларниниг ўлчами билан эмас, балки Аллоҳ таолонинг кўрсатмаси асосида ечилади. Мўмин-мусулмонлар бу масалада ҳам Аллоҳ таолони кўрсатмасига амал қилсалар бугун кузатилаётган кўпгина кўнгилсиз муаммолар бартараф бўлар эди.
Тоҳир Воҳид,
Тошкент шаҳридаги “Умар Ибни Хаттоб” жоме масжиди имоми ноиби
Манба: https://azon.uz/content/views/ohirzamonda-ummatdan-ilk-kutariladigan-i