Салам шартномаси каби маҳсулот пайдо бўлишидан олдин унинг олди-сотдиси амалга ошириладиган яна бир шартнома/тижорат тури Истисна деб аталади. Бунда буюртмачи мижоз/харидор ишлаб чиқарувчи (ёки қурувчи) ташкилотга муайян маҳсулотни ишлаб чиқариш (ёки бирор иншоотни қуриб бериш) буюртмасини беради. Агар ишлаб чиқарувчи буюртма берилган маҳсулотни ўз хом ашёсидан ишлаб чиқариш мажбуриятини олса Истисна битими юзага келади. Истисна жоиз бўлиши учун ишлаб чиқарилиши кутилаётган маҳсулот нархи томонларнинг розилиги билан белгиланиши, ҳамда маҳсулотнинг барча хусусиятлари бўйича бир келишувга эришишлари лозим.
Истисна шартномаси ишлаб чиқарувчига маҳсулотни ишлаб чиқариш масъулиятни юклайди, аммо, у ишлаб чиқаришни бошламасдан олдин томонлардан бири иккинчи томонга огоҳлантириш берган ҳолда, шартномани бекор қилиши мумкин. Бироқ, ишлаб чиқарувчи маҳсулотни ишлаб чиқаришни бошлагандан кейин шартномани бир томонлама бекор қилиб бўлмайди.
Истисна ва Саламнинг фарқлари
Истиснанинг ўзига хос жиҳатларини инобатга олиб, Истисна ва салам ўртасидаги бир неча фарқларни қуйида ёритиб ўтамиз:
а) Истисна шартномасининг мавзуси (субъекти) доимо ишлаб чиқариш талаб этадиган нарса бўлади. Салам битимида эса ишлаб чиқариш талаб этиладиган ёки талаб этилмайдиган нарса ҳам бўлиши мумкин.
б) Салам савдосида маҳсулот нархи тўлиқ равишда олдиндан тўланиши шарт, Истиснада эса шарт эмас.
в) Салам шартномаси кучга киргандан сўнг бир томонлама бекор қилиниши мумкин эмас, лекин Истисна шартномаси ишлаб чиқарувчи ишни бошламасдан олдин бир томонлама бекор қилиниши мумкин.
г) Салам савдосида етказиб бериш муддати шартноманинг энг муҳим қисми саналади, аммо Истисно шартномасида етказиб бериш муддатининг кўрсатилиши шарт эмас.
Истисна ва Ижаранинг фарқлари
Юқорида айтиб ўтганимиздек Истисна шартномасида ишлаб чиқарувчи талаб этилган маҳсулотларни ўз хом-ашёсидан ишлаб чиқаради. Шунинг учун ҳам, Истисна бўйича ишлаб чиқарувчи, агар унда керакли хом-ашё мавжуд бўлмаса, ишлаб чиқарувчи керакли нарсаларни сотиб олади ва маҳсулотни тайёрлаш учун зарур ишларни амалга оширади. Агар керакли хом-ашё мижоз томонидан етказиб берилса, ишлаб чиқарувчи фақат меҳнат қилади (маҳоратини ишга солади), ва бу битим Истисна эмас, балки ижара дейилади. Чунки бунда мижоз ишлаб чиқарувчининг меҳнати / хизматини маълум ҳақ эвазига ижарага олаяпти.
Талаб этилган маҳсулотлар сотувчи томонидан ишлаб чиқарилса, у уларни харидорга етказиб бериши керак. Харидор битимнинг мана шу босқичида маҳсулотларни рад қилиши мумкинми, деган савол туғилиши мумкин. Бу масалада Абу Ҳанифанинг энг машҳур шогирди Имом Абу Юсуфга кўра, агар маҳсулот шартнома бошида томонлар келишиб олган сифат ва хусусиятларга мувофиқ ишлаб чиқарилган бўлса, харидор маҳсулотни сотиб олишга мажбур. Ҳанафий мазҳаби қонунлари ҳам мана шу нуқтаи назар асосида шакллантирилган. Чунки ҳозирги замон савдо ва тадбиркорлик муҳитида ишлаб чиқарувчи ўз ҳисобидан маҳсулот ишлаб чиқарса-ю, аммо харидор у шартномани бирор жиддий сабабсиз, маҳсулот келишилган барча сифат белгилари ва хусусиятларга мувофиқ ишлаб чиқарилганига қарамасдан бекор қилса, ишлаб чиқарувчига катта зарар етади.
Етказиб бериш вақти
Юқорида айтиб ўтилдики, Истисна шартномасида етказиб бериш вақтининг ўрнатилиши мажбурий эмас. Аммо, харидор етказиб беришнинг энг сўнгги муддатини белгилаши мумкин; агар ишлаб чиқарувчи бу муддатдан кечиктирса, маҳсулотни олиш ва унинг нархини тўлаш мажбурияти харидорнинг бўйнидан соқит бўлади.
Багунги кунда, маҳсулотнинг белгиланган муддатда етказиб берилишини таъминлаш мақсадида айрим шунга ўхшаш шартномаларга жарима банди киритилмоқда. Агар ишлаб чиқарувчи белгиланган муддатда маҳсулотни тайёрлаб бермаса, ҳар бир кечиктирилган кун учун ҳисобланадиган жарима тўлашга мажбур бўлади. Истисна шартномасига ҳам шариат бўйича шундай жарима бандини киритиш мумкинми? Истисно шартномаси ҳақидаги бобларда мумтоз фақиҳларнинг асарларида бундай маълумот учрамайди, аммо, улар шунга ўхшаш жаримани ижара шартномалари учун жоиз дейишган. Улар айтишадики, мисол учун, бир киши тикувчига буюртма берса, унга бериладиган хизмат ҳақи етказиб бериш муддатига қараб фарқланиши мумкин. Тикувчини ёллаган киши “агар кийимни бир кунда тикиб берсанг, 1 млн.сўм тўлайман, агар икки кундан ўтиб кетса, 800 минг сўм оласан” деса, жоиз бўлади.
Шунга қиёсан айтиш мумкинки, Истисна шартномасида маҳсулот нархи етказиб бериш муддатига боғланиши мумкин. Шунингдек, томонлар ўзаро келишган ҳолда ҳар бир етказиб бериш кечиктириладиган муддат (кун/ҳафта/ой) учун нархни маълум миқдорга пасайтиришни келишиб олишлари мумкин.