Сўнгги пайтларда блокчейн, криптовалюта, биткоин, токенлар ҳақида обуначиларимиздан кўплаб саволлар келиб тушмоқда. Шу доирадаги саволларга жавоб ўлароқ, Баҳрайн марказий банки томонидан лицензияланган шариат маслаҳатчилари кенгаши томонидан тайёрланган бир тадқиқотнинг хулоса қисмини ўзбек тилига таржима қилиб, сизларнинг эътиборингизга ҳавола қилишга қарор қилдик (Бекзод исмли обуначимиз ушбу тадқиқотни таржима қилишни бошлаган).
Хулоса
Криптовалюталар бутун дунё бўйлаб шов-шувли масалага айланди. Криптовалюталардан олиниши мумкин бўлган молиявий даромадлар мусулмон сармоядорларининг ҳам эътиборини жалб қилди, шу билан бирга токенларни чиқариш орқали мусулмон тадбиркорлар ва ишлаб чиқувчилар маблағларини жалб қилиш имконияти пайдо бўлди. Шу сабабли, криптовалюталар ва токен савдоси шариатга мувофиқми ёки йўқми, деган савол, доимий равишда бериладиган асосий саволга айланди. Ушбу тадқиқотда криптовалюталар ва токенларнинг табиати шариат нуқтаи назаридан таҳлил қилинган. Тадқиқот шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда турли-туман криптовалюта ва токенлар мавжуд. Токенлар савдоси ва блокчейн асосидаги лойиҳалар турли тузилмаларга эга бўлиши мумкин бўлганлиги сабабли, барча криптовалюталар учун ягона хулоса бериш тўғри бўлмайди. Чиқарилган токенлар дизайни ва вазифалари жиҳатидан турлича бўлиши мумкин. Токенларнинг кенг тарқалган турларидан баъзилари қуйидагилардир (ўзбек тилида қисқа қилиб аниқ маъносини берадиган сўз ва иборалар тополмаганимиз учун инглиз тилидаги номларини беряпмиз): work tokens, utility tokens, asset-backed tokens, revenue tokens, equity tokens, buy-back tokens. Назарий жиҳатдан, токен эгаси капиталдаги улушга эга бўлиши, токен чиқарган томон хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиши, мулкка ёки пул оқимига даъвогарлик қилиши мумкин. Баъзи токенлар ҳуқуқлар савдосига, бошқалари эса қимматли қоғозлар савдосига ўхшайди. Активлар билан таъминланган токенлар эса Сукук тузилмаларига ўхшайди ва актив (ёки активнинг маълум бир қисми/улуши) билан савдо қилишни ўз ичига олади. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, токенлар капитални жалб қилишнинг янгича усули дейиш мумкин. Агар улар тўғри тизимлаштирилса, шариат талабларига жавоб бериши мумкин.
Манба: The-Shariah-factor-in-Cryptocurrencies-and-Tokens.pdf (shariyah.net)