Каффорат луғатда – гуноҳни кечириш ва яшириш маъносидадир. У тавбанинг тамомига етиши ҳисобланади.
Шариатдаги маъноси эса, қул озод қилиш, ё рўза тутиш ва ёки таом беришдан иборат махсус ишларни ният билан қилишдир. Сифатига келсак, у вожиб бўлиш жиҳатидан жазо ва адо этилиш жиҳатидан ибодатдир. Уни тезлик билан бажариш вожиб, чунки у тавбанинг батамом бўлишидир.
Каффорат Рамазоннинг ҳурматини оёқости қилингани учун вожиб бўлади. Рамазоннинг фарз рўзасини адо қилишни ният қилиб рўза тутган одам уни ўз ихтиёри билан, мажбурлашсиз ва шаръий узрсиз қасддан очиб юборса, ҳам қазосини тутади, ҳам каффоратни адо этади. Лекин Рамазоннинг қазосини ёки бошқа рўзаларни қасддан бузса каффорат вожиб бўлмайди.
– Каффорат қилиш дегани нима?
Бир қул озод қилиш, агар бунга қодир бўлмаса, рамазондан кейин орада бирор кун қолдирмай, муттасил (яъни узлуксиз) олтмиш кун рўза тутиш, агар заифлик ва нотавонлик сабабидан олтмиш кун рўза тутишга қодир бўлмаса, олтмиш мискинга таом бериш – каффорат қилишдир.
Масалан, бир киши Рамазон рўзасини қазо қилса, бузилган рўзасининг ўрнига рамазондан кейин бир кунига бир кун рўза тутади, яъни неча кун рўзаси бузилган бўлса, ўшанча кун рўза тутади. Аммо Рамазон рўзасини қасддан бузган бўлса, унга каффорат ҳам лозим бўлади.
– Олтмиш кун рўза муттасил бўлмаса, каффоратга кифоя қиладими?
Кифоя қилмайди, каффоратга олтмиш кун муттасил бўлиши лозим.
– Бир киши каффорат учун рўза тута бошласа, олтмиш кунга етмасдан бирор кун рўза тутмай қолса, нима қилади?
Каффорат учун янгидан бошлаб олтмиш кун муттасил рўза тутади, аввалги тутган рўзаси каффоратга кирмайди.
– Бир киши бир ё бир неча кун рўза тутишни ният қилмасдан фосиқлик ила кундуз кун таом еб юрса, у киши нима қилмоғи лозим?
У киши рўза тутмай қолган кунлари учун қазо рўза тутади, ушбу қилган фисқ ишига пушаймон бўлиб, тавба ва истиғфор қилади. Aммо у кишига каффорат лозим эмас, чунки унинг гуноҳи ғоятда оғир ва катта гуноҳдирки, каффорат билан авф қилинадиган эмас, балки тавба ва истиғфор лозимдир.
– Қазо ва каффорат учун тутиладиган рўзаларга қай вақт ният қилиш лозим бўлади?
Кечаси ният қилиш лозим бўлади.
Манба: muslim.uz