Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси ташаббуси билан “Ўзбекистонда ислом молия тизимини татбиқ этиш истиқболлари ва ҳуқуқий асосларни яратиш” масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Қуйи палата депутатлари, тегишли вазирлик ва қўмита аъзолари, иқтисодчи олимлар, экспертлар, соҳа мутахассислари иштирокида ўтган тадбирда Ислом молияси тарихи ва бугунги ҳолати, Ўзбекистонда ислом молиявий хизматларига бўлган эҳтиёж, унинг қонунчилик ва ҳуқуқий асосини яратиш зарурати билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Ўзбекистонда ислом молияси бўйича ўтказилган сўровнома натижалари билан таништирилди.
Маълумки, исломий молия фойда ва зарарни бўлишиш ҳамда реал активларга асосланган молиялаштиришни кўзда тутади. Яъни, у шерикчиликка асосланади. Улар мижоз талаби билан объектни қуриши, асбоб-ускуналар, товар, хом ашёлар олиб бериши ёки уларни ижарага бериши мумкин. Шериклик асосидаги молиялаш тизими эса дахлсизлик, шартнома мажбуриятларига риоя қилиш, таваккалчиликлар, фойда ва даромадларни адолатли тақсимлаш, иқтисодий фаровонлик ва ижтимоий адолатнинг мувофиқлик тамойилларига асосланади. Ахлоқий меъёрларга риоя қилиш, ижтимоий адолат, қонун доирасида ҳаракат қилиш, маблағларни меъёрида сарфлаш ва монополияга қарши курашиш мазкур тизимнинг фундаментал асоси ҳисобланади.
Cўнгги йилларда жадал ривожланиб бораётган ва жаҳон молиявий маконини ишончли забт этаётган Исломий молия тизимига бўлган қизиқиш тобора кучаймоқда. Янги исломий банклар, суғурта ташкилотлари, инвестиция жамғармалари ташкил қилиниб, ҳатто ушбу тизим мусулмон бўлмаган мамлакатларда ҳам кенг ривожланаётгани эътиборга молик. Дунёвий давлат бўлса-да, аксарият фуқаролари насроний бўлган Буюк Британиянинг 20 дан ортиқ банкларида мижозларга ислом молияси маҳсулотлари ва хизматлари таклиф қилинмоқда.
Маълумотларга кўра, Бангладешнинг иқтисодий ўсиш суръати 5,57 фоиздан (2010 йил) 7,9 фоизга (2018 йил) етди. Тадқиқотларга кўра, ислом банклари кичик ва ўрта бизнес субъектларининг молиявий маблағларга бўлган талабини қондириш орқали Бангладешнинг иқтисодий ривожига катта ҳисса қўшди. Бугун ислом банклари ушбу давлат банк тизимида 24 фоиз улушига эга.
2012 йил Омон давлатида ислом молияси тамойиллари татбиқ этилган бўлиб, ўтган йиллар мобайнида ислом молияси активлари ҳажми 12,6 млрд. АҚШ долларга, банк тармоғидаги улуши эса 13,7 фоизга етган. Бу давлат ҳозирда ислом молияси бозори кўлами жиҳатдан дунёда 15 ўринда туради.
Умуман, бугунги кунга келиб, 300 дан зиёд ислом банки ва молия муассасаларининг ялпи активлари 2,5 триллион АҚШ долларидан ошиб, йилига 15-20 фоизга ўсмоқда. Шу маънода, мусулмон давлатлардаги фаолияти исломий молиялаштиришга асосланган ташкилотлар маблағини Ўзбекистон иқтисодиётига, хусусий секторини қўллаб-қувватлашга жалб этиш айни муддаодир.
Ушбу тадбирнинг “Миллий тикланиш” демократик партияси ташаббуси билан ўтказилгани бежиз эмас. Партиянинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида дунёда жадал ривожланаётган анъанавий молия тизимига муқобил равишда банк ва тадбиркорнинг шерикчилигига асосланган кредитлаш механизмини жорий этишга қаратилган қонунчилик ташаббусларини амалга ошириш устувор вазифа сифатида белгиланган.
“Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодировга кўра, Ўзбекистонда аллақачон жорий этилиши керак бўлган бу тизимни амалиётга татбиқ этилиши афсуски қийин бўляпти. Ваҳоланки, бугунги кунда Ислом молиялаштириш тизими дунёнинг энг ривожланган давлатларида ҳам жорий этилмоқда. Ўзбекистон марказий Осиёда энг кўп мусулмон аҳолига эга давлат бўлишига қарамасдан бу масалаларда Қозиғистон, Қирғизистон ва Туркманистондан сезиларли орқада қолган.
Мамлакатимизда Исломий молиялаштириш ишлари 2004 йилда бошланган бўлиб, бу Ўзбекистоннинг Ислом тараққиёт банки (ИТБ) аъзолигига қўшилгани билан боғлиқ. Юртимиз учун янги йўналишга бугун бизнес вакилларида ҳам, аҳолида катта эҳтиёж мавжуд. Чунки мамлакатимиз аҳолисининг 90 фоизидан юқори қисми Ислом динига эътиқод қилади ва эътиқоди туфайли 15-20 фоизга яқин аҳоли анъанавий кредитлаш тизимидан фойдаланмаяпти. Муқобил кредитлаш тизими орқали эса мазкур қатлам ҳам тўлиқ қамраб олиниши мумкин. Бу ана шу қатлам омонатларини иқтисодиётга жалб этиш, улардан эса оқилона фойдаланиш учун катта имконият яратади. Яъни, бу орқали “заҳирадаги” ички инвестицияларни иқтисодиётимизнинг ўсишига жалб қилиш, хуфиёна иқтисодиёт салмоғини камайтириш, энг муҳими, тадбиркорликни ривожлантиришимиз мумкин бўлади.
Изланишларга кўра, Ўзбекистондаги бизнес субъектларининг 80 фоизи ички манбалар ҳисобидан молиялаштирилади ва уларнинг чорак қисмигина кредит хизматидан фойдаланди. Банк активларининг 85 фоизи эса давлат банкларига тегишли ва уларда кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш учун саноқли маҳсулотлар мавжуд. Шу боис, аксарият корхоналар банкларни молиялаштиришнинг афзал манбаи ҳисобламайди. Бу эса бизнес субъектларининг молиявий ҳисоботларга етарли даражада эътибор бермаслиги, солиқ идораларига тақдим этадиган расмий ҳисоботларида эса аксарият ҳолатда ҳақиқий молиявий ҳолатни кўрсатмаслигига сабаб бўлмоқда. Тижорат банклари ҳам ўз навбатида бундай ҳисоботларга ишонч билдирмайди ва бу кўплаб субъектларни кредитлаш имкониятидан маҳрум қилади
Давра суҳбатида Ўзбекистонда ислом молияси бўйича бизнес вакиллари ҳамда аҳоли иштирокида ўтказилган сўровнома натижалари ҳам эълон қилинди. Тўғридан-тўғри ва онлайн шаклда ўтказилган сўровда 2 235 нафар бизнес вакиллари, қарийб 5000 нафар жисмоний шахслар иштирок этган. Натижаларга кўра, бизнес субъектларининг 38 фоизи, жисмоний шахсларнинг эса 56 фоизи диний қарашлари сабаб анъанавий банк кредит хизматидан фойдаланмайди. Мос равишда иштирокчиларнинг 61 ва 75 фоизи Ўзбекистонда ислом молия муассасалари иш бошласа ёки ислом молия хизматлари таклиф этилса, танлашга тайёр эканлигини билдирган.
Сўровда банклар ҳам иштирок этган ва улардан Ўзбекистонда ислом молия тизимини жорий этишдаги энг катта тўсиқлар ва муаммолар ҳақида сўралган. Маълум бўлишича, ислом молия маҳсулотлари ва хизматларини, жумладан, ислом суғуртаси бўлган “такофул”ни тартибга солувчи қонунлар йўқ, шунингдек, амалдаги банк фаолияти ва солиқ бўйича қонунчилик ислом ҳуқуқи тамойиллари асосида ишлайдиган банклар учун мослаштирилмаган. Банклардаги мавжуд дастурий таъминот тизимлари ислом молия битимлари бўйича амалиёт ўтказишга мослаштирилмаган. Ҳозирча ислом молияси ва банки бўйича мутахассислар олий таълим тизимида тайёрланмайди. Шу боис, мутахассислар кам, амалий тажриба эса йўқ. Шунингдек, аҳолининг ислом молияси ҳақида билим ва тушунчалари ҳам етарли эмас.
Тадбирда таъкидланганидек, Ислом молияси маҳсулотларидан фойдаланиш учун амалдаги банк қонунчилиги, солиқ ва фуқаролик кодекслари ҳамда бошқа қонуности ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш ёки алоҳида қонун қабул қилиниши лозим. Шунингдек, бу соҳада кадрларни тайёрлаш ва аҳолининг саводхонлигини ошириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, айнан исломий молиялаш тизими аҳоли қўлидаги бўш маблағларни реал иқтисодиётга жалб қилиш орқали ҳам иқтисодиёт, тижорат ва аҳоли фаровонлигини сезиларли даражада фаоллаштиришга қўшимча имкон яратади.
Манба: Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати