Ислом банклари ўз мижозлари маблағларини Инвестиция ҳисобварақларига Музораба битими асосида қабул қилади.
Маълумки, Музораба икки томон ўртасида имзоланадиган битим бўлиб, унга кўра сармоя эгаси (робб ул-мол) ўз маблағини иккинчи томон – музориб, яъни ишончли бошқарувчига тақдим этади. Музориб ушбу маблағларни муайян лойиҳага киритишни ўз зиммасига олади. Келишилган муддат якунида музориб дастлабки сармояни ҳамда кўрилган фойданинг бир қисмини сармоя эгасига беради, фойданинг қолган қисмини эса ўзи олади.
Ислом банкига молиявий манба бўлиб хизмат қилиши учун Музораба битими қуйидаги хусусиятларга эга:
– фойда тақсимоти томонлар ўртасида аниқ нисбат (масалан, 80/20 ёки 30/70 каби)да келишиб олинади, киритилган сармояга нисбатан муайян маблағ ёки кафолатланган даромад берилиши мумкин эмас;
– сармоядор киритган сармоясидан ташқари зарарлар учун жавобгар бўлмайди;
– музориб зарарларда иштирок этмайди. Аммо унинг бефарқлиги ёки лоқайдлиги туфайли кўрилган зарарлар бундан мустасно;
– музораба умумий мақсадда ёки маълум бир мақсадда тузилиши мумкин.
Инвестиция депозитлари – бу анъанавий банк тизимидаги муддатли банк депозитлари ёки муддатли депозитларга нисбатан ислом банклари томонидан тақдим этиладиган муқобил танловдир. Мазкур депозитлар, шунингдек, фойда ва зарарни тақсимлаш (Profit-loss sharing) ҳисобварақлари, инвестиция ҳисобварақлари ёки баъзида иштирок этишга асосланган ҳисобварақлар (participatory accounts) деб номланади.
Бундай ҳисобварақларни анъанавий банклардаги муддатли депозитлардан қуйидагича ажратиш мумкин:
1. Анъанавий банк тизимдаги муддатли депозитлар фоиз асосида ишлайди (яъни қанча даромад олиниши депозит миқдорига нисбатан фоизда аниқ кўрсатилган бўлади). Ислом банкларидаги инвестиция ҳисобварақлари эса фойда тақсимоти асосида ишлайди. Омонатчиларга улар киритаётган маблағнинг қатъий белгиланган даражасини ваъда қилиш ўрнига, Ислом банки уларга олинадиган фойданинг қанча қисмини улар билан бўлишишини айтади. Ҳар бир омонатчи қанча фойда олиши Ислом банкининг якуний молиявий натижасига боғлиқ.
2. Аънанавий банклардаги муддатли депозитлар, одатда, бир-биридан муддатлари бўйича ажралиб туради, Ислом банкларидаги инвестиция депозитлари муддатлари ҳамда бошқа мезонлари бўйича фарқланиши мумкин. Масалан, омонатчи ўз маблағларини маълум бир лойиҳага ёки савдо-сотиқ соҳасига сармоя қилиш тўғрисида Ислом банкига махсус кўрсатмалар бериши мумкин. Бу турдаги депозитлар “чекланган инвестиция ҳисобварақлари” деб номланади.
Инвестиция депозитларининг асосий хусусиятларини қуйидагича умумлаштириш мумкин:
- Инвестиция ҳисобварақлари жисмоний шахслар ёки компаниялар томонидан миллий ёки чет эл валютасида очилиши мумкин, фақат бунда Ислом банки чет эл валютаси билан амалиёт ўтказиш ваколатига эга бўлиши керак.
- Депозит эгалари киритган маблағларининг муайян фоизини олмайдилар. Бунинг ўрнига, улар Музораба асосида фойда ёки зарарлар тақсимотида қатнашадилар.
- Одатда, ушбу ҳисобварақлар белгиланган муддатга, масалан, уч ой, олти ой, бир йил ёки ундан кўп муддатга очилади.
Инвестиция депозитларининг даромадлилиги (рентабеллиги) Ислом банкининг инвестиция операцияларидан оладиган ҳақиқий фойдасига қараб белгиланади ва депозитлари миқдори ва улар сақланадиган муддатига кўра омонатчилар билан келишилган нисбатда тақсимланади. Бухгалтерия амалиёти сифатида ҳисобварақдаги маблағ ундан фойдаланилган даврга кўпайтирилади ва фойда мутаносиб равишда тақсимланади.
Умуман олганда, омонатчилар анъанавий банклардаги депозитларларда бўлгани каби келишилган муддат якунига етмасдан ушбу ҳисобварақлардан пул олиш ҳуқуқига эга эмаслар; аммо, пул олиш махсус шароитларда амалга оширилиши мумкин.
Чекланган муддатли инвестиция депозитлари (чекланмаган инвестиция ҳисобварақлари)
Ушбу депозитлар, хусусан, Баҳрайн Ислом банки ва Кувайт молия уйи томонидан амалиётга жорий этилган.
Ушбу схема бўйича инвестиция депозитлари белгиланган муддатга қабул қилинади, мазкур муддат омонатчилар ва Ислом банки томонидан ўзаро белгиланади. Шартнома белгиланган муддат тугагандан сўнг якунига етган ҳисобланади.
Чекланмаган муддатли инвестиция депозитлари (чекланмаган инвестиция ҳисобварақлари)
Ушбу инвестиция депозитлари чекланган муддатли депозитлардан фарқли ўлароқ, муддати белгиланмаганлиги билан ажралиб туради. Агар шартномани бекор қилиш тўғрисида уч ой олдин огоҳлантириш берилмаган бўлса, омонатлар автоматик равишда янгиланиб бораверади. Ушбу турдаги шартномада пул маблағларини қайтариб олишга ёки қўшимча депозитлар киритилишига йўл қўйилмайди, аммо мижозларга бир нечта ҳисобварақ очиш ҳуқуқи берилади.
Махсус инвестиция депозитлари (чекланмаган инвестиция ҳисобварақлари)
Баъзи ислом банклари маълум бир лойиҳага ёки бизнесгагина маблағ киритиш учун махсус ваколатга эга бўлган инвестиция депозитлари схемасини ишлаб чиқадилар. Мазкур ҳолатда, ушбу лойиҳанинг фойдаси банк ва унинг мижозлари ўртасида ўзаро келишилган шартлар асосида тақсимланади.
Махсус инвестиция ҳисобварақларида Ислом банклари омонатчилар номидан вакил (агент) сифатида ишлайди. Бунга мисол қилиб Иордания Ислом банкини келтириш мумкин. Иордания Ислом банки нақд пул депозитларини жисмоний ёки юридик шахслардан махсус инвестиция ҳисобварағига қабул қилади ҳамда ушбу депозитларни муайян лойиҳага, муайян шартлар асосида инвестиция қилишда омонатчиларнинг вакили сифатида ҳаракат қилади. Ислом банки олинган соф фойданинг маълум бир қисмини ўзига олиб қолади ва қолганини инвестор-омонатчиларга тақсимлаб беради. Лекин банкка боғлиқ бўлмаган сабаблар туфайли вужудга келган зарарлар омонатчилар зиммасида бўлади.
Манба: “Case Studies in Islamic Banking and Finance” – Brian Kettell