Москва биржаси 19 октябр куни Россияда биринчи Ислом инвестиция индекси (Islamic Investment index) йўлга қўйилганини маълум қилди.
Мамлакатнинг энг йирик банки – Сбербанк билан биргаликда Москва биржаси томонидан 2 та индекс: MOEX Shariah Index (қисқартмаси MXSHAR) ҳамда MOEX Shariah Total Return Index (MXSHARTR) фойдаланишга топширилди.
Баёнотда айтилишича, ушбу индекслар шариат қоидаларига риоя қилувчи сармоядорларга ислом молияси тамойиллари асосидаги молиявий воситаларга сармоя киритиш имконини бериш учун ишлаб чиқилган.
MOEX Shariah Index ислом тамойилларига мувофиқлигини текшириш тартибидан ўтган компанияларнинг қимматли қоғозлари/ акцияларини танлаш имконини беради, компаниялар эса Шариат Кузатув кенгаши томонидан танланади.
Кенгаш Бирлашган Араб Амирликларидаги Sberinvest Middle East Limited компанияси томонидан ташкил этилади ва у қимматли қоғозлар/ акцияларнинг шариатга мувофиқлиги текширилишини таъминлайди.
“Москва биржасининг мақсади барча тоифадаги сармоядорлар учун Россия молия бозорига киришни таъминлаш ва уларга кенг инвестиция имкониятларини тақдим этишдир”, дейди Москва биржасининг савдо ва бизнесни ривожлантириш бўйича бошқарувчи директори ва Ижроия кенгаши аъзоси Игор Марич.
Сбербанк вице-президенти Олег Ганиев “ҳалол индекслар” сармоядорлар орасида машҳур бўлишига ишончи комил эканлигини айтди.
Ислом инвестиция индекси шариат тамойилларига мувофиқлиги текширилган, шунингдек, Москва биржаси методологиясида белгиланган мезонларга жавоб берадиган қимматли қоғозлар/ акцияларни ўз ичига олади.
Индексга фаолияти алкогол ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва сотиш, қимор ўйинлари, чайқовчилик ва шариатда ман этилган бир қатор молиявий хизматлар билан боғлиқ бўлган компанияларнинг қимматли қоғозлари киритилиши мумкин эмас. Бизнес фаолиятига доир чекловлардан ташқари, компанияларнинг қарздорлик даражаси ва уларнинг молиявий аҳволи ҳам индексга киришдан тўсиши мумкин.
MOEX Total Return Index (Умумий даромад индекси) дивидендларни кўриб чиқиш бўйича шариат талабларини ҳам ўзида мужассам этади. Хусусан, шариат тамойилларига зид бўлган фаолиятдан олинган даромаднинг муайян қисми хайрия жамғармасига ўтказилиши ва шу тариқа “тозаланиши” мумкин. Дивидендни “тозалаш” жараёнида даромаддан чегириб ташланган суммани ҳисоблаш учун махсус коеффициентдан фойдаланилади ва сармоядор шу миқдордан қолган дивидендни олиши мумкин бўлади.
Нархлар индекси Москва биржасининг асосий савдо сессиясида ҳар 5 дақиқада янгиланиб турилади. Умумий даромад индекси кунига бир марта асосий савдо сессияси охирида ҳисобланади.
Индексларни ҳисоблаш методологияси Москва биржасининг веб-саҳифасида мавжуд:
https://www.moex.com/s2574