Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, биз шу кунларда Мадинаи мунавварада бўлиш бахтига сазовор бўлиб турибмиз. Бу ернинг маҳаллий аҳолисини, тақдир тақозоси билан аждодлари бизнинг юртлардан келиб шу нурли шаҳарда яшаб қолган ватандошларимизни ҳамда бу ерга келиб меҳнат қилаётган тожирларнинг чиройли муомаласи ва ҳалимликларини кўриб, ушбу шаҳарда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида яшаб “Ансорлар” (ўзбек тилида “ёрдам берувчилар”) деб ном олган инсонлар Аллоҳ ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан нима сабабли бунчалик эҳтиромга сазовор бўлганликларини яна бир бор ҳис қилдик. Бунинг асосий сабаби ҳақида Аллоҳ таоло “Ҳашр” сурасининг 9 оятида шундай марҳамат қилади:
“У (муҳожир)лардан аввал бу жой (Мадина)да яшаган ва иймонга (ихлос қилганлар). Улар юртларига ҳижрат қилиб келганларни севарлар ва уларга берилган нарсаларга қалбларида ҳасад қилмаслар. Ва гар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўярлар. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундоқ кишилар, ҳа, ўшалар ютувчилардир.”
Мадиналик мусулмонлар Пайғамбар алайҳиссаломга ва муҳожирларга ёрдам берганлари учун “Ансорлар” деб номланганлар. Ушбу оят ансорларнинг инсоният тарихида мисли кўрилмаган саховатларию одамгарчиликларини васф қилмоқда.
“У (муҳожир)лардан аввал бу жой (Мадина)да яшаган ва иймонга (ихлос қилганлар)”.
Ансорлар Мадинада, яъни биринчи Ислом жамоаси ташкил топган диёрда муҳожирлар келгунча ҳам яшаганлар ва Исломга, иймонга ихлос қўйганлар. Уларнинг ихлос-у эътиқодлари бутун бўлгани учун Макка мушрикларидан азоб-уқубат чекаётган ўз диндошларини Ясрибга (Мадинага) кўчишга чорлаганлар. Шу билан бирга, ансорлар ўз шаҳарларига кўчиб келган муҳожир биродарларига доимо яхши муомалада бўлишган.
“Улар юртларига ҳижрат қилиб келганларни севарлар ва уларга берилган нарсаларга қалбларида ҳасад қилмаслар. Ва гар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўярлар”.
Агар Пайғамбар алайҳиссалом “қайтарилган мол”дан муҳожирларга бериб, уларга бермасалар ҳам, ансорлар заррача гина қилмаганлар. Ҳасад нималигини билишмаган.
Ансорлар муҳожир биродарларини устун қўйиб, ўзларига жуда керак бўлиб турган нарсаларини ҳам уларга берганлар. Масалан, уйларининг ярмини, асбоб-анжомларини, мол-мулкларини ва бошқа ҳамма керакли нарсаларини. Ҳатто муҳожирлар Расулуллоҳга: “Ё Расулуллоҳ, буларга ўхшаганларни ҳеч кўрмаганмиз, оз бўлса, бизга берадилар, кўп бўлса, сероб қиладилар. Етарли маишатнинг кифоясини қилишяпти, фароғатта бизни шерик қилишяпти. Ҳатто ажрнинг ҳаммасини булар эгаллаб олмасалар”, дея арз қилишган. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Йўғ-э, уларга ташаккур айтиб, ҳақларига дуо қилиб турсангиз, ундай бўлмайди, иншааллоҳ”, деганлар.
Ансорийлар ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Пайғамбар алайҳиссалом ансорларни чақириб, уларга Баҳрайнни (шу номдаги ҳозирги диёрни) бермоқчи эканликларини айтганларида, ансорлар, муҳожир биродарларимизга ҳам худди шунга ўхшаш жойни бермасангиз, бизга бунинг кераги йўқ дедилар. Аллоҳ таоло, ҳасадгўй эмаслар, деб ансорларни мадҳ этяпти. Аллоҳ бировга берган неъматга ҳасад қилмаслик ҳам улкан фазилат эканини билиб қўймоқ лозим. Ансорлар ана шундай улкан фазилатга эга эдилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал улуғ саҳобий Анас ибн Молик розияллоху анҳудан ривоят қиладилар: “Пайғамбар алайҳиссалом билан ўтирган эдик. У киши: “Ҳозир ҳузурингизга жаннатий киши келади”, дедилар. Таҳорат суви соқолларидан оқиб турган бир ансорий киши кириб келдилар. Кавушларини чап қўлларига ушлаб олган эканлар. Эртасига Пайғамбар алайҳиссалом худди шу гапни яна қайтардилар. Яна кечаги киши ўша ҳолатида кириб келди. Учинчи куни яна худди шу ҳолат такрорланди. (Мажлис тугаб) Пайғамбар алайҳиссалом туриб кетганларидан сўнг, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс ҳалиги ансорийга эргашди ва “Отам билан айтишиб қолиб, уйга уч кун кирмасликка қасам ичган эдим, уч кун сизникида турсам, майлими?» деди. Ҳалиги киши розилик билдирдилар. Кейинчалик Абдуллоҳ ўша уч кун қандай кечганини бундай ҳикоя қилиб берган.
“Уникида уч кун ётдим. Кечаси ҳеч ортиқча ибодат қилганини кўрмадим. Фақат у ёнбошдан-бу ёнбошга ағдарилганда Аллоҳнинг зикрини қилар ва такбир айтар эди, холос. Сўнг бомдод намозига турарди. Уч кун давомида ундан фақат яхши сўз эшитдим. Лекин ҳайрон бўлдим, жаннатий бўлишга шу амалларнинг ўзи наҳот етса, деб юборишимга сал қолди. Унга қараб:
“Эй Аллоҳнинг бандаси, отам иккимизнинг ўртамизда ҳеч қандай гап ўтгани йўқ. Лекин Расулуллоҳнинг уч маротаба, ҳозир ҳузурингизга жаннатий киши келади, деганларини эшитдим. Уч марта хам сен кириб келдинг. Сен билан яшаб, амалингни ўрганиб, сенга эргашмоқчи бўлган эдим. Ҳеч бир катта амал қилганингни кўрмадим. Расулуллоҳ, айтган мартабага сени нима эриштирди?» дедим. У:
“Ўзинг кўргандан ўзга ҳеч бир амалим йўқ”, деб жавоб қилди. Жўнаб кетаётганимда мени ёнига чорлаб, яна такрорлади:
“Ўзинг кўргандан ўзга бир амалим йўқ. Лекин менинг қалбимда бирорта мусулмонга нисбатан алдамчилик йўқ. Бирор кишига Аллоҳ яхшилик берса, ҳасад ҳам қилмайман”, деди.
Мен: “Сени олий мартабага эриштирган нарса шу экан, унга тоқат ила амал қилиш ҳам қийин”, дедим. Аллоҳ таоло юқоридаги ояти каримада бахилликдан сақланиш хам олий Исломий фазилат эканлигини таъкидлаяпти. Чунки бахиллик мўмин кишига ҳеч тўғри келмайди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўз ҳадисларида: “Бахиллик ва иймон банданинг қалбида абадулабад жам бўлмайди”, деганлар.