«Уларга ер юзида имкон берсак, намозни тўкис адо этурлар, закотни берурлар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарурлар. Ишларнинг оқибати Аллоҳга оиддир».
Ояти каримадаги “Уларга ер юзида имкон берсак” жумласидан “макон берсак” маъноси ҳам тушунилади. Бунга қўшимча “ер юзида нусрат, ғалаба берсак” маънолари ҳам чиқади. Диёрларидан “Роббимиз Аллоҳ” деганлари учун чиқарилган мусулмонларга ер юзида макон, нусрат, ғалаба — имкон берсак:
“…намозни тўкис адо этурлар…»
Ҳовлиқиб кетмайдилар, балки Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат қиладилар, у билан боғланишни кучайтирадилар.
“…закотни берурлар…»
Ер юзида имкон топганларидан кейин, мол-у дунёга ўч бўлмайдилар. Балки бахиллик дардидан устун келиб, молиявий ибодатларини ҳам ўз ўрнида адо этадилар. Закотларини бериб, жамиятларидаги бева-бечора, камбағалларга енгиллик яратадилар.
“…яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарурлар.»
Кишиларни динда яхши билинган барча ишларга даъват қиладилар. Ёмон билинган барча ишлардан қайтарадилар.
Шу ишлари Аллоҳга ёрдам беришларидир, шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло уларга ёрдам, нусрат беради.
“Ишларнинг оқибати Аллоҳга оиддир.»
Аллоҳ хоҳлаган оқибатини келтириб чиқаради. Хоҳласа, мағлубиятни ҳам ғалабага айлантириб юборади.
Манба: “Тафсири ҳилол” асосида тайёрланди.