Заруратлар таъқиқланганларни мубоҳ қилади (الضرورات تبيح المحظورات)
Фақиҳлар мазкур фиқҳий қоидага Қуръондан бир нечта оятларни далил қилиб келтирганлар, улардан бири:
إِلَّا مَا اضْطُرِرْتُمْ إِلَيْهِ
“Магар музтар бўлганингизда майли” (“Анъом” сураси, 119-оят).
Мазкур оятда келган “музтар” ёки “изтирор” сўзлари жуда қаттиқ ҳожат, деган маънони англатади. Қоиданинг маъноси шундаки, кучли зарурат пайдо бўлганида шаръий тақиқлар мубоҳ, яъни бажариш ё бажармаслик ихтиёри бандага берилган амал ҳукмини олади. Аммо, тақиқларни бажаришни тақазо қиладиган заруратлар ҳақиқатда зарарни кетказиш учун ёки ўша ҳолатдаги охирги чора бўлиши шарт. Хусусан, бу қоида тиббиётда ёки инсонлар ўртасидаги муомалотларда қўлланиши учун тегишли соҳа мутахассиси ушбу шаръий жиҳатдан тақиқланган амалиётдан бошқа чора йўқлигини тасдиқлаши керак.
Ушбу қоидага мисоллар:
• Ейишга бошқа нарса топилмай қолиб соғлик учун жиддий хавф туғилса, чўчқа гўштини зарурат даражасида (яъни энг кам миқдорда) ейиш мумкин бўлади;
• Маййит кафансиз кўмилган бўлса, қабрдан кавлаб олинмайди;
• Мажбур қилинганда, бировнинг молини зоеъ (нобуд) қилиш мумкин бўлади.
Замон ўзгариши билан ҳукмлар ҳам ўзгариши инкор қилинмайди (لا ينكر تغيّر الأحكام بتغيّر الأزمان)
Мисол: Сиёсат учун ҳар хил жарима турлари ишлаб чиқилиши мумкин.*
Бугунги кунда авваллари бўлмаган ҳолатлар кўп, масалан, пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида автомашиналар тўхташи, тезликни ошириши, бурилиши мумкин бўлмаган жойлар белгиланган ва шу қоидаларни бузганлик учун жарималар ишлаб чиқилган. Албатта, бу каби жарималарнинг шариатга зид жойи йўқ.
Боғлиқ бўлган суратдаги ваъдалар лозим бўлади (المواعد بصور التعليق تكون لازمة)
Бунинг маъноси, бирор нарсага боғлиқ ҳолда қилинган ваъдаларга вафо қилиш лозим бўлади.
Мисоллар:
1) «Мана бу нарсани фалончига сотавер, агар у пулини бермаса, мен бераман» дейилса, ушбу гапга ишониб, нарса сотилганидан сўнг ўша фалончи пулини бермаса, ваъда қилган кимса пулини бериши лозим бўлади;
2) «Фалончи қарзини бермаса, мен бераман», деган ваъда берилса, агар ўша фалончи қарзини бермаса, ваъдага мувофиқ қарз тўланиши керак.
Бошқанинг мулкидаги тасарруф қилинган иш ботил-пучдир (الأمر بالتصرّف فى ملك الغير باطل)
Бошқанинг мулкини тасарруф қилиш ботил бўлиб, ҳеч қандай ҳукм амалга оширилмайди. Яъни, масалан, бировнинг молини унинг рухсатисиз сотиб юборилса, ўша мол сотилмаган, деб ҳисобланади.
Бошқа бировнинг мулкини унинг ижозатисиз тасарруф қилиш ҳеч кимга жоиз бўлмайди (لا يجوز لاحد ان يتصرف فى ملك الغير بلا إذنه)
Бу қоида юқоридаги қоиданинг кенгайтирилган шакли. Ижозат аниқ сўз билан ёки далолат / ишора билан бўлиши мумкин. Бундай ижозат берилган бўлса, товон тўланмайди. Акс ҳолда, ижозатсиз бирор иш амалга оширилса, ўшанга жавобгар бўлинади.
Бировнинг молини шаръий сабабсиз олиш ҳеч кимга жоиз бўлмайди (لا يجوز لاحد ان يأخذ مال احد بلا سبب شرعى)
Бировнинг молини, хоҳ бегона бўлсин, хоҳ ўз қариндоши (ота-онаси, фарзанди, эри) бўлсин, унинг рухсатисиз ёки шаръий сабабсиз жиддий ёки ҳазиллашиб ҳам олиш жоиз эмас.