Умумий мулкка эгалик қилувчи шериклардан бири ўз улушини сотмоқчи бўлса, мулкнинг бошқа эгалари уни (яъни сотилаётган улушни) сотиб олиш учун бошқалардан кўра кўпроқ, тўғрироғи бирламчи ҳуқуққа эгалар. Бундан мақсад, мулкдорларнинг манфаатини ҳимоя қилиш ва зарарнинг олдини олиш ҳисобланади. Ушбу ҳуқуқ араб тилида «шуфъа» деб аталади ва «жуфтлик» маъносидаги «шафъ» сўзидан олинган.
Шерикчиликдаги мулкни аввал бошқа шерикларга таклиф қилиш лозимлигига қуйидаги ҳадис далил ҳисобланади. Жобир розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлинмаган ҳар бир нарсада шафеъликни ҳукм қилдилар. Агар чегаралар тушган ва йўллар ажралган бўлса, шуфъа йўқдир» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар). Шунингдек, бошқа бир ҳадисда «Қўшнинг сенинг уйингни сотиб олишга ҳақлироқдир» дейилган (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоятлари).
Шундай қилиб, шерикчилик асосида эгалик қилинаётган мулкдаги улушни сотишда қуйидаги талаблар мавжуд:
1. Шериклардан бири бошқа шерикларига ўз улушини сотиши ҳақида огоҳлантирмай ва уларга сотиб олишни таклиф қилмай туриб бошқаларга сотиб юбориши мумкин эмас. Агар шерикларини огоҳлантирмай бошқаларга сотиб юборса, у ҳолда шерикларнинг ушбу улушни қайтиб сотиб олишга ҳақлари бор.
2. Биринчи навбатда сотиб олиш ҳуқуқи фақат кўчмас мулк (ер, уй-жой, бино ва иншоотлар ва ҳоказо) учундир ва бошқа турдаги мулкларга (жиҳозлар, ҳайвонлар ва ҳоказо) тегишли эмасдир.
3. Биринчи навбатда сотиб олиш ҳуқуқи шариат томонидан шерикларнинг манфаатини ҳимоя қилиш ва зарарнинг олдини олиш мақсадида жорий қилинган. Турли ҳуқуқий ҳийлалардан фойдаланиб ушбу талабни бажармаслик ножоиздир.
4. Биринчи навбатда сотиб олиш ҳуқуқи ҳар бир шерик учун унинг мулкдаги улушига мос равишда амал қилади. Қолган шериклар ушбу улуш қайси нархда сотилаётган бўлса, ўша нархда ва қайси шакл/усулда (яъни нақд ёки насия) сотилаётган бўлса ўша шакл / усулда сотиб олишлари мумкин.
5. Биринчи навбатда сотиб олиш ҳуқуқи фақат олди-сотди учун амал қилади ва ҳадя, мерос ва васият орқали мулкнинг ўтишига таъсир қилмайди.
6. Биринчи навбатда сотиб олиш ҳуқуқи бўлиниши ва тақсимланиши мумкин бўлган мулк учун амал қилади. Агар мулкни бўлиш имкони бўлмаса (масалан қудуқ каби), у ҳолда бу қоида амал қилмайди.
7. Шерикларда улуш сотилиши тўғрисида маълумот пайдо бўлиши биланоқ уларда биринчи навбатда сотиб олиш ҳуқуқи пайдо бўлади. Агар улуш сотилгунча шериклар сотиб олиш ниятини билдирмасалар, ушбу ҳуқуқ ўз-ўзидан бекор бўлади. Фақатгина улушни сотиш тўғрисида маълумот берилмагани (эълон қилинмагани) ёки шариатнинг ушбу талабини билмаслик ҳолати бундан мустасно бўлади.
8. Биринчи навбатда сотиб олиш ҳуқуқи чегаралар билан ажратилмаган ер ва ундаги бино, иншоот ва ўсимликларга нисбатан татбиқ қилинади.
9. Агар шериклардан бири улушни сотиб олган бошқа шахсдан биринчи навбатда сотиб олиш ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда улушни (қайтариб) сотиб олмоқчи бўлса ушбу одамнинг ҳақ-ҳуқуқлари таъминланиши учун улушни қисман эмас, тўлалигича сотиб олиши лозим бўлади.