Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
“Эй, иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда, уни ёзиб қўйинг. Орангизда бир ёзувчи адолат билан ёзсин. Ҳеч бир ёзувчи Аллоҳ билдирганидек қилиб ёзишдан бош тортмасин. Бас, ёзсин ва ҳақ зиммасига тушган киши айтиб турсин, Роббига тақво қилсин ва ундан ҳеч нарсани камайтирмасин. Агар ҳақ зиммасига тушган киши эси паст, заиф ёки айтиб тура олмайдиган бўлса, унинг валийи адолат билан айтиб турсин. Эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинг. Агар икки эр киши бўлмаса, ўзингиз рози бўладиган гувоҳлардан бир эр киши ва икки аёл киши бўлсин. Иккови(аёл)дан бирорталари адашса, бирлари бошқаларининг эсига солади. Ва чақирилган вақтда гувоҳлар бош тортмасинлар. Кичик бўлса ҳам, катта бўлса ҳам, муддатигача ёзишингизни малол олманг. Шундоқ қилмоғингиз, Аллоҳнинг ҳузурида адолатлироқ, гувоҳликка кучлироқ ва шубҳаланмаслигингиз учун яқинроқдир. Магар ораларингизда юриб турган нақд савдо бўлса, ёзмасангиз ҳам, сизга гуноҳ бўлмас. Олди-сотди қилганингизда, гувоҳ келтиринг ва ёзувчи ҳам, гувоҳ ҳам зарар тортмасин. Агар (аксини) қилсангиз, албатта, бу фосиқлигингиздир. Аллоҳга тақво қилинг. Ва Аллоҳ сизга илм берадир. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи зотдир”. (“Бақара” сураси, 282 оят)
Инсон ҳаётини иқтисодий муносабатларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Қарз олди-бердиси эса ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг бир қисмидир. Бақара сурасининг 282-ояти Қуръони каримдаги энг узун ояти карима бўлиб, айнан шу масалага бағишланган. Бу эса, иқтисодий-молиявий муносабатларнинг қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади.
Баъзилар динимизда мол-дунё, бойликка бўлган муносабат салбий деб ўйлашади. Аммо бу ундай эмас, динимизда мол-дунёнинг ўзи эмас, балки унга ружуъ қўйиш, бойликка эришишни ҳаётнинг асосий мақсадига айлантириш қораланади. Чунки бунда фикр-ҳаёл ризқ берувчи Раззоқда эмас, балки ўткинчи дунёда вақтинча берилган мол-дунёда бўлиб қолади. Агар динимизда мол-дунё қоралаган бўлганда, закот, фитр, ҳаж каби мажбурий молиявий ибодатлар буюрилмаган, садақа ва хайр-эҳсон каби иҳтиёрий амаллар тарғиб қилинмаган бўларди.
«Қарз» сўзи араб тилида «узиб олиш», деган маънони билдиради. Масалан, қайчи араб тилида «миқроз» дейилади. Қарз берувчи ўзининг молидан бир қисмини узиб, кесиб, қарздорга бергани учун ҳам маълум муддатга пул ёки моддий қиймат бериб туриш мана шу сўз билан аталадиган бўлиб кетган. Шунинг учун Бақара сурасининг 282-ояти «ояти мудояна», яъни «қарз олди-берди ояти» деб аталади:
Қуръоний услубга кўра, ғоятда муҳим қонун-қоидаларни баён қилишдан олдин бу илоҳий кўрсатмалар кимлар учун мўлжалланганлиги айтилмоқда:
“Эй иймон келтирганлар!”.
“Маълум муддатга қарз олди-берди қилсангиз, уни ёзиб қўйинглар”.
Маълумки, бугунги кунда молиявий муомалаларга оид барча муҳим ишлар нотариал идоралар томонидан гувоҳлар ҳузурида ёзиб, расмийлаштирилсагина қонуний кучга эга бўлади. Шундай қилинса, ҳеч ким норози бўлмайди, ҳеч кимнинг ҳақига тажовуз қилинмайди. Қуръони карим эса бундан ўн беш аср олдин бу қоидани гўзал ва мукаммал тарзда, ҳеч бир тўлдиришга ўрин қолдирмай баён қилиб берган.
“Орангизда бир котиб уни адолат билан ёзсин”.
Демак, қарз ҳақидаги тилхатни қарз бераётган одам ҳам, олаётган одам ҳам ёзмайди. Буни бетараф, холис одам – котиб ёзсин.
“Ҳеч бир котиб Аллоҳ билдирганидек қилиб ёзишдан бош тортмасин”.
Афсуски, ушбу илоҳий қонундан узоқлашилгани боис, бугунги кунда қарзни вақтида адо этмаслик биз учун одатий ҳол бўлиб қолган. Қаерга қараманг, жуда кўплаб низолар, уруш-жанжаллар, қариндош-уруғ, дўст-ёрлар орасининг бузилиши, ҳатто оғир жиноятлар қарз муаммоларидан келиб чиқмоқда. Ақл бовар қилмас даражадаги катта қарзлар бир неча йиллардан бери тўланмаган. Кимдир қарз берган, кимдир олган, аммо қуруқ сўзга ишониб, ялиниб-ёлворганига раҳми келиб, на гувоҳ чақирилмаган, на кимдир бирон нарса ёзган. Энди эса омонатга хиёнат юзага келади – қарз берувчи талаб қилади, олувчи бермайди. Мабодо кимдир ўртага тушган бўлса, қарзини қайтариб ололмаган одам жон аччиғида унинг ўзига ёпишяпти, яхшилик қиламан, деган одам балога қолиб кетяпти. Шунинг учун кўпинча одамлар бундай ғалвали масалага аралашишдан, ўртага тушишдан ўзларини олиб қочадилар. Аммо Аллоҳ таолонинг Ўзи бунга чақиряпти. Бир киши гувоҳликка чақирилса, Аллоҳ билдирганидек ёзишдан бош тортмасин, чунки бу савоб иш, Аллоҳ буюрган иш.
“У ёзсин, ҳақ зиммасига тушган киши эса айтиб турсин, Роббига тақво қилсин ва ундан ҳеч нарсани камайтирмасин”
Қарз берувчи эмас, балки ҳақ зиммасига тушган киши, яъни қарз олаётган одам «Мен, Фалончи, Фалончидан фалон миқдордаги пулни фалон муддатга фалон шартлар билан Фалончининг гувоҳлигида оляпман», деб айтиб турсин. Айтиб турган одам Аллоҳга тақво қилсин, бирон нарсани камайтирмасин, яширмасин, қарз олувчини, гувоҳларни алдамасин.
Қуръоннинг мўъжизалиги, динимизнинг адолати шундаки, айтиб туриш қарз берувчига эмас, олувчига юкланяпти. Бу айни адолатдир, чунки ёзиш қарз берувчига юкланса, у ўз фойдасини кўзлаши, шартномага ўзига манфаатли бирор ўзгариш киритиши мумкин. Қарз олувчи эса мушкул аҳволда турибди. У қарз берувчидан пулни тезроқ олиб, ишимни ҳал қилай, деган мақсадда ёлғон аралаштирмасдан, тўғрисини айтади. Қарз берувчининг талабига рози бўлган одам ёлғон гапириши, ўз фойдасини кўзлаши мумкин эмас. Шунинг учун Аллоҳ таоло айтиб туришни унинг зиммасига юкламоқда.
Аммо шу ўринда бир нарсани яхши билиб олайлик. Қарз ҳаммага ҳам берилавермайди. Олган қарзини узишга кўзи етмаса, аввал ҳам бировлардан қарз олиб, уза олмаган ёки узишни кечиктириб юрган масъулиятсиз, субутсиз одам бўлса, бундай одамга қарз берилмайди. Ваҳоланки, қарз бераётган одам ўзининг фойдасини кўзламайди, балки мушкул аҳволга тушган одамни бу ҳолатдан чиқаришга, қийналган одамга кўмак беришга ҳаракат қилади.
Қуръони Каримнинг яна бир юксак адолати шуки,
«Агар ҳақ зиммасига тушган киши эсипаст, заиф ёки айтиб тура олмайдиган бўлса, унинг валийси адолат билан айтиб турсин».
Қарз олаётган одам ҳисоб-китоб ишларини, нарх-навони яхши тушунмаса ёки заиф, яъни ёши кичик, кексайиб қолган, оғир касал бўлса ёки гапира олмаса ёхуд бошқа жиддий, узрли нуқсонлар туфайли айтиб тура олмаса, унинг валийси адолат билан айтиб турсин. Валийлар бошқа ишларда ҳам ўз қарамоғидагиларнинг масъулиятини зиммага оладилар.
“Эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинг”.
Табиийки, гувоҳликка адолатли, гувоҳлиги қабул қилинадиган, инсоф-диёнатли кишилар чақирилади.
“Агар икки эр киши бўлмаса, ўзингиз рози бўладиган гувоҳлардан бир эр киши ва икки аёл киши бўлсин, икковидан (аёллардан) бири адашса, бири бошқасининг эсига солади”.
Динимизда бир эркакнинг гувоҳлигига иккита аёлнинг гувоҳлиги тенг қилинади. Шунинг учун бу каби ўринларда иккита эркак гувоҳ топилмаса, бир эркак ва иккита аёлнинг гувоҳлиги жоиз дейилган.
Мана шу жумла динимиз душманларининг «Ислом аёл кишини тўлиқ одам ўрнида кўрмайди, шунинг учун гувоҳликка бир эркакка икки аёлни тенглаштиради», деган даъволарига сабаб бўлган. Ваҳоланки, динимизда баъзан мингта эркакнинг гувоҳлиги ўтмаса-да, биргина аёлнинг гувоҳлиги ўтадиган ўринлар ҳам бор. Эмизиш, туғиш ва идда масаласида бирорта эркакнинг гувоҳлиги ўтмайди. Бир беванинг иддаси ҳақида бир томонда мингта эркак, бир томонда эса битта аёл гувоҳлик берса, мана шу биттагина аёлнинг гувоҳлиги олинади. Динимиз душманлари эса буни эшитган бўлсалар ҳам, ўзларини эшитмаганга солишади.
Аслида гувоҳликка икки аёл шарт қилинишида бир олам ҳикматлар бор. Аввало, динимизда аёллар ниҳоятда эҳтиром қилинади, уларни фақат ўзларига мос, муносиб ишлар таклиф қилинади. Аёл онадир, латиф, назокатли, заиф бир хилқатдир. Қолаверса, Исломда иқтисодий таъминот ҳам, молиявий олди-бердилар ҳам фақат эркакларнинг зиммасига юклатилган. Ислом дини аёл киши бу ташвишлардан мутлақо озод бўлсин, моддий муаммоларни эркак ҳал қилсин, дейди. Шунингдек, аёл киши номаҳрам эркаклар билан холи қолдирилмайди, шунинг учун юқоридаги каби зарурат юзасидан, қонун тақозоси билан гувоҳлик қилиши керак бўлиб қолса, ҳеч бўлмаса бир дугонаси билан боради. Қолаверса, аёлнинг нозик кўнгли қарз олди-бердисида юзага келиши мумкин бўлган тортишувларда, жанжалларда тескари натижа бериб қўйиши, ҳаяжонланиб, аёллигига бориб, баъзи нарсаларни унутиб қўйиши ҳам мумкин, шунда бир-бирига эслатиб, далда бўлиб туриш учун ҳам гувоҳликка иккита аёл киши олинади. Шунинг учун оятда «икки эр киши бўлмаса», деб шарт қўйилмоқда.
“Чақирилган вақтда гувоҳлар бош тортмасинлар”.
Қарз масаласи ниҳоятда серғалва иш бўлиб қолгани учун кўпинча ўртага тушишдан қўрқамиз, айниқса, пул олди-бердисида гувоҳ бўлишни истамаймиз. Гувоҳликка чақиришса, баҳона топиб, ўзимизни олиб қочишга уринамиз. Лекин Аллоҳ таоло бундай қилиш дуруст эмаслигини, гувоҳликка чақирилганда бош тортмаслик лозимлигини таъкидламоқда. Келиб, гувоҳликка ўтсинлар. Имом Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар алайҳиссолату вассалом: «Сизларга энг яхши гувоҳ кимлигини айтиб берайми? Гувоҳлиги сўралмай туриб гувоҳлик берадиганлардир», деганлар. Яна бир ҳадисда «Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади», деганлар.
“Кичик бўлса ҳам, катта бўлса ҳам, муддатигача ёзишингизни малол олманг”.
«Шу арзимаган пулни ҳам ёзамизми», деб беписандлик қилиш, «Кейин ёзиб қўярман», деб масъулиятсизлик қилиш, бирор яқинимиз, дўстимиз, танишимиз қарз сўраб келса, «Шуни ёзиб қўяйлик» деса, хижолат бўлиб ёзмаслик мумкин эмас экан. Аллоҳ таоло «ёзишни малол олманг», деяпти. «Катта»дан олдин «кичик»ни зикр қиляпти. Нима учун? Аллоҳ таоло инсон табиатини яхши билади: озгина нарсани ёзиб ўтираманми, деб эриниши ёки бу нарса унга эриш туюлиши мумкин. Лекин мана шу озгина нарса сабабли эртага энг яқин дўстлар юзкўрмас бўлиб кетиши эҳтимолдан холи эмас. Бугунги кунимиз бунга ёрқин мисол. Ана шу нарсаларнинг олдини олиш учун Аллоҳ таоло қарз олди-бердисининг миқдорини ҳам, муддатини ҳам эринмай ёзиб қўйишга буюряпти.
“Мана шу Аллоҳнинг ҳузурида адолатлироқ, гувоҳликка кучлироқ ва шубҳаланмаслигингиз учун яқинроқдир”.
Оғзаки гувоҳликдан кўра ёзма гувоҳлик кучлироқ бўлади, ўртага низо тушмайди. Ислом – тинчлик динидир, орани ислоҳ қилиш, меҳр-оқибат кўрсатиш динидир. Ислом ҳар бир нарсада тичлик йўлини кўзлайди, жумладан, қарз олди-берди муносабатларида ҳам. Ака-ука арзимас пулни деб юзкўрмас бўлиб кетмасин, хиёнат бўлиб, дўстлар орасига адоват тушмасин, деган мақсадда динимиз ҳаммага баб-баробар ёзишни буюряпти. Шундай қилсак, шубҳадан йироқ бўламиз. Қалбда пайдо бўлган ҳар қандай шубҳа бора-бора адоватга айланиши, ишончсизлик келтириб чиқариши мумкин. Бунинг оқибатида одамлар қарз бермай қўяди, энг яқин кишиси қарз сўраб келса ҳам, осонгина «Йўқ» деб қайтариб юборадиган, ёки «Кел, оғайни, ўртамизга пул аралашмасин», дейдиган бўлиб қолади. У ҳам ўзича ҳақ. Сабаби – у қўрқиб қолган, жамиятда бундай нарса кўпайиб кетганидан одамлар ўртасида ишонч, субут йўқолган.
Аммо содиқ, ишончли одамлар, тижорий ҳамкорлар ўртасидаги кундалик олди-бердилар-чи? Улар ҳам тийин-тийинигача ёзиб борилса, машаққат бўлиб қолмайдими? Бу ўринли саволга кейинги оят жавоб беради.
“Аммо ораларингизда юриб турган нақд савдо бўлса, ёзмасангиз ҳам сизга гуноҳ йўқ”.
Қарз олди-бердиси муддатли бўлса, ёзиш керак. Аммо тижоратдаги, савдодаги ҳамкорингиз билан бўладиган ҳар кунги олди-бердиларни ёзмасликда гуноҳ йўқ экан. Чунки эрталабдан кечгача ҳаммасини ёзиб бориш сизни машаққатга солиб қўяди.
“Олди-сотди қилганингизда гувоҳ келтиринг, котиб ҳам, гувоҳ ҳам зарар тортмасин”.
Ушбу оят гувоҳни ҳам, котибни ҳам ҳимоя қиляпти. Сизнинг савдо-сотиқ ёки қарз олди-бердингиздан гувоҳ ҳам, котиб ҳам зарар кўрмасин. Савоб учун ёрдамга келганлар сизнинг касрингизга қолиб кетмасин. Уларни айбдор қилиб, зарар етказиб қўйманг.
“Агар (аксини) қилсангиз, албатта, бу фосиқлигингиздир. Аллоҳга тақво қилинглар, Аллоҳ сизга илм берур. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи Зотдир”.
Қуръони каримдаги энг узун суранинг ушбу энг узун оятидан сўнг қарз олди-бердиси ҳақида ҳукмлар баён қилинган яна бир кичик оят келади:
“Агар сафарда бўлсангиз ва котиб топа олмасангиз, қўлга олинадиган бирор гаров бўлсин. Бир-бирингизга ишонсангиз, ишонилган омонатни адо қилсин, Робби Аллоҳга тақво қилсин. Гувоҳликни беркитманглар! Ким уни беркитса, унинг қалби гуноҳкордир. Аллоҳ қилаётган амалларингизни билувчи Зотдир”. (“Бақара” сураси, 283 оят)
Аллоҳ таоло Ўзининг чексиз илми, бениҳоя ҳикмати билан инсон зоти дуч келиши мумкин бўлган ҳар қандай вазиятни олдиндан кўриб, билиб, тегишли ҳукмларни баён қилиб қўйган. Айтайлик, бир киши сафарда қарзга муҳтож бўлиб қолди. Нотаниш одамдан қарз олишга мажбур. У билан шартнома тузиш учун на котиб, на гувоҳ бор. Бундай ҳолатнинг ечими – олаётган қарзингиз эвазига муайян қийматга эга бўлган бир нарсани гаровга бериб қўйиш экан. Ушбу гаров эвазига котиб бўлмаса ҳам, гувоҳ бўлмаса ҳам, қарз берувчи сизга ишониб, қарз беради. Икки тараф ҳам бир-бирига ишониб, омонат қўяди. Энди бу омонатни адо қилиш учун иккови ҳам Аллоҳга – Роббларига тақво қилиши керак. Шунинг учун бу оятда ҳам нафақат моддий масалаларда, балки ҳар бир ишда асос бўлиши лозим бўлган тақво яна бир бор эслатилмоқда.
Тақво бўлса, омонат адо этилади. Омонат адо этилса, одамларда ўзаро ишонч, ҳурмат мустаҳкамланади, муносабатлар яхшиланади. Тўғрилик, ҳалоллик бор жойда эса хайр-баракот бўлади, тинчлик-тотувлик бўлади.
Бир мушкулини ҳал қилиш учун қарз олган, сўнгра оғир кунида ёрдам берган биродарининг омонатига хиёнат қилмай, уни ўз вақтида узишга ният қилган кишига Аллоҳ таолонинг Ўзи мададкор бўлар экан:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ким одамларнинг молини (қарзга) олиб, уни адо этишни ирода қилса, уни Аллоҳ (Ўз ёрдами ила) адо этади. (Бировнинг молини) йўқ қилишни ният қилиб олган одамни Аллоҳ йўқ қилади”. (Бухорий ривояти).
Демак, қарз олмоқчи бўлган одам, аввало, ниятини тўғрилаши лозим экан. Агар у «Аллоҳим, шу биродаримдан қарз оляпман, уни қайтаришга Ўзинг ёрдам бер» деса, Аллоҳ таоло қарзни қайтаришга, албатта, ёрдам беради. Лекин «Бойга бало урармиди, топганда бераман-да» деб олса, Аллоҳ таоло унинг ўзига талафот етказади.
Ҳаётда бундай ҳолатга кўп марта гувоҳ бўлганмиз. Одамларни алдаб, ишончига кириб, найранг йўли билан пул олишни касб қилганларнинг бало-офатларга йўлиқиб, йўқ бўлиб кетаётгани мазкур ҳадиси шарифнинг исботидир.
Кўриб ўтганимиздек, қарз масаласи ғоятда муҳим ва масъулиятли ишдир. Шунинг учун ҳам унга оид ҳукмларга риоя қилмаслик оғир оқибатларга олиб келганидек, уни шараф билан адо этган киши кўпдан-кўп ажру савобларга эга бўлади.
Бугунги кунда бировдан қарз олаётганлар ҳам, қарз бераётганлар ҳам мана шу қоидаларни яхши тушуниб, амал қилишса, динимизнинг катта бир ҳукми адо этилган ва кўплаб жиноятларнинг олди олинган бўларди.
Валлоҳу аълам.
Манба: http://tafsirihilol.uz ва https://kun.uz/37429648.