Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ рибони нобуд қилур ва садақаларни ўстирур. Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни суймас.
Бандалар пул-моллари зиёда бўлиши учун рибохўрлик қиладилар ва ўзларига келган фойдани санаб юрадилар. Аслини олганда, бунинг тескариси бўлади.Чунки
«Аллоҳ рибони нобуд қилур…»
Судхўрнинг пули ҳисоб жиҳатидан кўп бўлса ҳам, Аллоҳ унинг баракасини кўтариб қўяди.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи қилган ривоятда Набий алайҳиссалом:
«Рибо гарчи кўпайса ҳам, оқибати, албатта озайишга қайтади», – деганлар.
Шунингдек, сиртдан қараганда, садақа қилган кишиларнинг моллари камайганга ўхшайди. Аслида эса иш бунинг тескариси бўлади: Аллоҳ
«…садақаларни ўстирур».
Агар ҳисобда садақа қилувчининг молининг ҳажми оз бўлса ҳам, Аллоҳ унга барака ато қилади, бало-офатлардан сақлайди, ўзини тинч, хотирини жам қилади.
Имом Муслим ва имом Термизийлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом: «Ким ҳалол касбидан бир дона хурмо миқдорича садақа қилса, зотан, Аллоҳ ҳалолдан бошқани қабул ҳам қилмайди, албатта, Аллоҳ уни ўнг қўли билан қабул қилади ва сизлар тойчоқни ўстирганингиздек, ўстириб, Уҳуд тоғича қилади», – деганлар.
«Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни суймас».
Шундан кўриниб турибдики, рибохўрлар кофир ва гуноҳкор ҳисобланар эканлар.