Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
“Дунё ва охират ҳақида. Сендан етимлар ҳақида сўрарлар. Сен: «Уларга ислоҳ қилиш яхшидир», – деб айт. Агар уларнинг (молларини) аралаштириб юборсангиз, бас, биродарларингиздир. Аллоҳ бузғунчини ҳам, ислоҳчини ҳам билади. Агар хоҳласа, Аллоҳ сизларни қийинчиликка соларди. Албатта, Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир.” (“Бақара” сураси, 220-оят)
Демак, бу оятлар баён қилинишдан мақсад, одамларни бу дунё ва охират ҳақида тафаккур қилишга чорлаш экан. Инсоннинг ҳаёти ҳам бу дунёга, ҳам охиратга тегишли бўлганидан кейин иккиси ҳақида тафаккур қилиши зарур. Мусулмон инсон ўзининг барча ишларида, хусусан, мол-дунё нафақа қилиш бобида ҳам бу дунё, ҳам у дунё ҳақида тафаккур қилади.
Оятда ижтимоий-иқтисодий муносабатлар ва мол-дунё сарфи ҳақида сўз кетади. Масалан, боқувчисиз қолган етим болалар жамиятда алоҳида эътиборга сазовор аъзолардир, савол ана ўшалар ҳақида бўлмоқда.
«Сендан етимлар ҳақида сўрарлар», – деяпти Аллоҳ таоло. Ва жавобдан маълум бўладики, савол етимларга бўладиган муомала, уларнинг мерос олган молларига қандай муносабатда бўлиш ҳақида экан. Чунки оятда:
«Уларга ислоҳ қилиш яхшидир», – деб айт», – дейиляпти.
Етимларга ислоҳ (яхшилик) қилишда хайр-барака бор. Етимларга яхши қараш ҳар бир жамиятдаги ижтимоий тенгликнинг муҳим омилларидан биридир. Шунинг учун ҳам Исломда бу масалага алоҳида эътибор берилган.
Қуръони Каримда ушбу масала бўйича бир қанча оятлар келган, жумладан, Анъом сурасидаги «Етимларнинг молига яқин келманг…», Нисо сурасидаги «Албатта, етимларнинг молини зулм ила еювчилар қоринларига оловдан бошқани емайдилар ва тезда дўзахга кирадилар» деган оятлар шулар жумласидандир.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтишларича, бу икки оят нозил бўлганидан сўнг, етимларни ўз кафолатига олган кишилар, етимларнинг ҳаққини еб қўймайлик, деб, уларнинг овқатларини ҳам, ичимликларини ҳам алоҳида қилиб қўйишган экан. Ҳатто етимдан бирор овқат ортиб қолса, ўзи емаса, бузилиб кетса ҳам, биров емайдиган бўлибди. Бундай қийин ҳолни Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга зикр қилишганида, Аллоҳ таоло «Сендан етимлар ҳақида сўрарлар» оятини нозил қилган экан.
Бу оятда етимнинг тарбиясини зиммасига олган одам унинг молини ўз молига аралаштириб юборишига рухсат берилмоқда:
«Агар уларнинг (молларини) аралаштириб юборсангиз, бас, биродарларингиздир».
Яъни «Етимларнинг молларини ўз молингизга аралаштириб юборсангиз бўлаверади, чунки улар ҳам сизларнинг биродарингиз. Сизлар уларга раҳм-шафқат қилиб, ўз тарбиянгизга олдингиз. Энди уларнинг молини еб қўйиб, азобга дучор бўлмайлик, деб ўзингизни машаққатга солишингизнинг ҳожати йўқ. Сизда уларнинг молини ейиш нияти бўлмаса, бас.
«Аллоҳ бузғунчини ҳам, ислоҳчини ҳам билади».
Етимларнинг молини еб, бузғунчилик қилганларни Ўзи билиб жазолайди. Уларнинг молини ўз молига аралаштирса ҳам, емай, тақво қилганларни эса мукофотлайди.
Тушунтириш учун айтиш керакки, етим отасидан айрилган, балоғат ёшига етмаган ёш ўғил-қизлардир. Бу оятда гап ўша етимнинг отасидан ёки бошқа қариндошларидан мерос қолган мол, бошқа кишилардан ҳадя, садақа ёки бошқа мақсадда берилган моллар ҳақида кетяпти. Етимга қараб туришни ўз зиммасига олган одамга енгиллик яратиш мақсадида ўша молларни еб юбормаслик шарти билан ўз молига аралаштириб юборишига рухсат бериляпти. Бу ҳам Аллоҳнинг меҳрибончилигидир. Акс ҳолда
«Агар хоҳласа, Аллоҳ сизларни қийинчиликка соларди».
Бундай рухсатни бермаса, етимнинг молидан хавотирда қийналиб юраверар эдингиз.
«Албатта, Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир».
Ҳа, дарҳақиқат, Аллоҳ – Азиз, Ғолиб, нима қилса, қўлидан келади. Бандаларини қийинчиликка солишга, амрига хилоф қилсалар, иқоб қилишга қодир. У – ҳикмат эгасидир, бандаларига беҳикмат амр қилмайди.
Манба: https://islom.uz