Шариатда “қарз сабабидан ишонч учун тутиб қолинган молга гаров” дейилади, яъни ислом дини қарз олди бердиси/насия савдода гаров олишга/беришга изн беради.
Аллоҳ таоло: “Агар сафарда бўлсангизу котиб топа олмасангиз, (қарз эвазига) гаров берингиз”, дейди (Бақара сураси, 283 оят).
Шундай қилиб, қарз олди бердиси (масалан, қарз ҳасанда) ёки савдо битимларида (масалан, насия савдода) қарз берувчи берган қарзи эвазига, савдогар-тожир насияга сотаётган моли эвазига гаров талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Энди, гаровга алоқадор савол-жавобларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
1-Савол: Муробаҳа доирасида лойиҳани молиялаштирувчи томон мижоздан гаров сифатида кўчмас мулк олди. Молиялаштирувчи томон шу гаровдаги кўчмас мулкни ўзи бошқа сармоядордан маблағ жалб қилиш учун гаровга қўйиши мумкинми?
Жавоб: Гаров берувчидан қабул қилиб олинган гаровдан гаров олувчи ўзининг турли мақсадларида, хусусан бошқа сармоядордан маблағ жалб қилиш учун гаров сифатида фойдаланиши мумкин эмас, чунки бу ҳолатда бир нечта жиддий муаммолар чиқиб келади:
- Гаров қарзни кафолатлаш мақсадида олинган эди, агар гаров олувчи гаровдан фойдаланса, у ҳолда бу қарздан манфаат кўриш бўлади. Шариатимизнинг машҳур қоидасига кўра, ҳар қандай манфаат (фойда) келтирган қарз эса, рибодир;
- Жалб қилинган сармоя (қарз) бўйича муаммо пайдо бўлса, у ҳолда бировнинг мулки бўлган гаров сармоядор томонидан сотувга қўйилиши мумкин. Бу ҳолатда муробаҳа бўйича гаров тақдим қилган томоннинг гаровдаги мулки йўқ бўлади, ваҳоланки шартнома бўйича у муробаҳа бўйича қарзини ёпса, гаровга қўйилган мулк унга қайтарилиши керак;
- Бундай амалиёт натижасида битта реал актив устидан бир нечта таъминланмаган қарздорлик пайдо бўлади. Бугунги кунда шундай амалиётлар сабабли турли иқтисодий-молиявий инқирозлар юзага келмоқда.
2-Савол: Муробаҳа доирасида лойиҳани молиялаштирувчи томон мижоздан гаров сифатида кўчмас мулк олди. Қарздор мижоз қарзни тўлай олмаган ҳолатда молиялаштирувчи томон гаровдаги кўчмас мулкни сотиб, қарзни қоплаши мумкинми?
Жавоб: Мумкин, бунинг учун гаров шартномасига гаров олувчи ёки унинг вакили суддан ташқари тартибда гаров предметини ундириш ва сотиш ваколатига эга эканлиги ҳақидаги банд киритилган бўлиши ва томонлар уни имзолаган бўлишлари керак. Шунингдек, гаровни шаффоф замонавий усуллардан бирини қўллаб, масалан кимошди савдоси (аукцион) орқали сотувга қўйиш тўғри бўлади. Зеро, бу томонлар учун адолатли ечим бўлади (Ислом молияси тамойилларидан бири эса, шартномаларда томонлар учун адолат таъминланиши эканлигини эсдан чиқармаймиз). Валлоҳу аълам.
3-Савол: Шундай ҳолатда, молиялаштирувчи томон қарзни тезроқ ёпиш мақсадида гаровдаги мулкни арзонлаштирилган нархда сотиб қарзни ёпиши мумкинми?
Жавоб: Юқоридаги жавобда ушбу саволга ҳам жавоб бор.
4-Савол: Молиялаштирувчи томон гаровдаги кўчмас мулкни сотиб, қарзни тўлиқ ёпиб, қолган маблағни ўзига қолдириши мумкинми (қўшимча фойда сифатида)?
Жавоб: Мумкин эмас. Гаровнинг сотилишидан тушган пул қарз миқдоридан кўп бўлса, унда ортиқча пул қарздорга қайтарилади. Агар гаров берилган қарздан паст нархга сотилса, унда етмаган қисми қарздор томонидан қопланади. Гаровни сотиш давомида қилинган харажатлар ҳам гаров сотилишидан тушган пулдан қопланади, агар бу пул етарли бўлмаса, у ҳолда етмаган қисми гаров берувчи-қарздор ҳисобидан қопланади.
5-Савол: Молиялаштирувчи томон гаровдаги кўчмас мулкни сотмасдан ёпилмаган қарз ўрнига ўзида олиб қолиши мумкинми?
Жавоб: Аввало, томонлар гаровнинг бозордаги адолатли баҳосини аниқлаб олишлари керак бўлади. Зеро, гаровдаги мулкнинг баҳоси қарздан кўп бўлиши ёки кам бўлиши мумкин. Демак, агар гаровдаги мулк сотилмасдан ёпилмаган қарз ўрнига олиб қолиниши талаб қилинса, бу томонлардан бири учун адолатсизлик / ноҳақлик бўлади. Шунинг учун томонлар гаровдаги мулкни баҳолашлари ва шунга кўра иш қилишлари керак бўлади.
Асос-манба:
AAOIFI (2015), Shari’ah Standards for Islamic Financial Institutions, Accounting and Auditing Organization for Islamic Financial Institutions, Manama;
BNM (2017), Rahn Exposure Draft, Bank Negara Malaysia, Kuala Lumpur;
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Кифоя китоби