Қуръони карим ва ҳадиси шарифда ризқ ҳақида айтилганлар ҳамда ислом уламоларининг ризқ ҳақида билдирган фикр-мулоҳазалари асосида чиқарган хулосаларимизни сизлар билан ҳам бўлишишга қарор қилдик.
1. Ризқ Аллоҳнинг зиммасида, лекин унинг сабабларини адо қилиш бандаларнинг зиммасида.
Сизларни халқ қилган, сўнгра ризқлантирган, кейин ўлдирадиган ва яна тирилтирадиган зот Аллоҳдир. (Рум сураси, 40 оят);
Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки, ютуққа эришсангиз. (Жума сураси 10 оят).
Ва кундузни маош (тирикчилик) вақти қилдик. (Набаъ сураси 11 оят).
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч ким қўл меҳнати билан топиб еганидан яхши таом еган эмас. Аллоҳнинг набийси Довуд алайҳиссалом қўл меҳнати билан кун кўрар эди», дедилар». (Саҳиҳул Бухорий).
2. Ризқ тақсимотини Аллоҳ ўзининг ҳикмати ила амалга оширади. Ризқнинг сероблиги ҳам, торлиги ҳам синов-фитна ва ундан фақат тақво билан ўтиш мумкин.
Сен: «Албатта, Роббим хоҳлаган кишисига ризқни кенг қилур ва тор қилур. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар», деб айт. (Сабаъ сураси, 36 оят).
Агар Аллоҳ бандаларига ризқни кенг қилиб қўйса, албатта, улар ер юзида ҳаддан ошиб кетурлар, лекин У Ўзи хоҳлаганига ўлчов билан туширади. Албатта, у Ўз бандаларидан ўта хабардор ва уларни ўта кўрувчидир. (Шууро сураси, 27 оят).
Ўз ризқини кўтара олмайдиган қанчадан-қанча жонзотлар бор. Уларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳ ризқ берадир. Ва У ўта эшитгувчи ва ўта билгувчи зотдир. (Анкабут сураси, 60 оят).
3. Ризқ Аллоҳ тарафидан тақсимлаб қўйилган ва ҳеч бир банда ризқини тўлиқ олмагунча бу дунёдан ўтмайди. Демак, ризқни ҳалолдан ёки ҳаромдан топиш мумкин, лекин банда барибир Аллоҳ унга азалдан тақсимлаб қўйганини олади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Ҳақиқатда сизлардан ҳар бир кишининг яратилиши онасининг қорнида қирқ кун ичида томчи сув (нутфа) ҳолида амалга ошади. Сўнг шунча муддат ичида лаҳта қон (алақа) ҳолида бўлади. Сўнгра яна шунча вақт ичида бир парча гўшт (музға) ҳолида бўлади. Кейин унга бир фаришта юборилади ва ўша фаришта унга жон пуркайди. Сўнг фариштага шу инсоннинг тақдирига тааллуқли бўлган тўрт нарсани – ризқи, ажали, амали ҳамда бахтсиз ёки бахтли эканини ёзиш фармон қилинади”.
Жобир ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Эй одамлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва (ризқни) чиройли суратда талаб қилинглар! Зеро, бирон нафс токи ризқини тўла олмагунича ўлмайди. Агар у (ризқ) кечикса, бас, Аллоҳга тақво қилинглар ва уни гўзал тарзда талаб қилинглар, ҳалолни олиб, ҳаромни тарк этинглар!” (Ибн Можа ривояти).