13-сентябр 2024 йил пойтахтдаги Intercontinental Tashkent меҳмонхонасида “Ўзбекистонда ислом молия маҳсулотлари ва хизматларини татбиқ қилиш имкониятлари ва муаммолари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ушбу давра суҳбати Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг қўшма лойиҳаси томонидан, Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги билан ҳамкорликда ташкил қилинди.
Ташкил этилган давра суҳбатининг мақсади сифатида қуйидаги мавзулар кўрсатиб ўтилди:
• “Капитал бозори тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини, шу жумладан ислом (сукук) қимматли қоғозларини муомалага киритиш билан боғлиқ бандларини муҳокама қилиш.
• Ўзбекистонда сукук ва яшил сукук учун қулай шароитлар яратиш мақсадида амалдаги қонунчиликка таклиф этилаётган ўзгартиришларни тақдим этиш ва муҳокама қилиш.
• Ўзбекистонда ислом банк иши учун қулай муҳит яратиш мақсадида амалдаги қонунчиликка таклиф этилаётган ўзгартиришлар тақдимоти ва муҳокамаси.
• Ушбу масалаларда берилган тавсияларни муҳокама қилиш (масалан, экспертлар ҳамжамиятининг Ўзбекистон назорат идоралари учун берилган тавсиялари).
Давра суҳбати барча асосий манфаатдор томонларига Ўзбекистонда ислом молияси экотизимининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш жараёнида юзага келадиган имкониятлар ва эҳтимолий муаммоларни муҳокама қилиш учун яхши имконият яратди.
Тадбирда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Акико Фудзи, Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги раҳбарининг биринчи муовини Вячеслав Пак, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги, Марказий банк, Халқаро ислом академияси ва бошқа давлат идоралари ва халқаро ташкилотлар вакиллари, ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда “Islamic Business and Finance” МЧЖ таъсисчилари Жаҳонгир Имамназаров ва Музаффар Хусниддиновларга ҳам сўз берилди ва улар кўриб чиқилган мавзу юзасидан ўз фикрларини билдиришди (ушбу фикр-мулоҳазалар ва таклифлар ҳақида “Ислом молияси” обуначиларига алоҳида маълумот тақдим қилиш режалаштирилган).