Ассалому алайкум!
«Табиб табиб эмас, бошидан ўтган табиб», деган ўзбек халқ мақолини кўпчилик эшитган. Бу мақол, тажрибаси йўқ, фақат назарий билимга эга мутахассисдан кўра, “дардни” бевосита ўзининг бошидан ўтказган, муайян масалада ҳаётий тажрибаси бор одам шу ҳақида гапиргани, бошқаларга маслаҳат бергани яхши деган маънода ишлатилади. Ушбу мақолга амал қилган ҳолда, насия савдонинг назарий тарафларини билувчи мутахассис ва бундай савдо туридан харидор сифатида амалда фойдаланган инсон сифатида бундай савдо ҳақидаги фикрларимни сизлар билан ўртоқлашмоқчиман. Зеро, ақлли инсон ўз хатоларидан, доно инсон эса бошқаларнинг хатоларидан хулоса чиқаради (сизлар «ақлли» инсонларнинг тажрибасидан тўғри хулоса чиқариб олувчи донолардан бўласизлар деб умид қиламиз).
Хуллас, бир йили насияга маиший техника сотиб олишга тўғри келди. Ўша пайтда турли нақд харажатларимиз кўп бўлганлиги сабабли, уйга зарур бўлган баъзи маиший техника воситаларини ҳалол насия доирасида сотиб олиш тўғри қарор бўлиб кўринган эди. Албатта, бу қилган ишимиз кейинчалик унчалик хам тўғри бўлмаганлиги маълум бўлди.
Насияга нарса сотиб олишнинг ижобий тарафлари кўпчиликка маълум. Унда сиз ўзингизга керак деб ўйлаган нарсаларни бир тийин ҳам нақд пул сарф қилмасдан қўлга киритасиз (1), сотиб олинган нарсалар пулини эса бирданига эмас оз-оздан, бўлиб бўлиб етарли даражада узоқ муддат ичида тўлаш имкониятига эга бўласиз (2).
Мана энди, насияга нарса сотиб олишнинг кўпчилик эътибор қилмайдиган салбий тарафларини кўриб чиқамиз (насия савдонинг бу тарафларига кўпчилик эътибор қилмайди, чунки кўпинча инсоннинг нафси унинг миясига келаётган соғлом фикрларни ҳайдайди).
Хўш, бундай савдонинг нима ёмон тарафи бор?
Биринчидан, бирор нимани насияга сотиб олганда унинг пулини дарров тўламайсиз, лекин шунақа узоқ ва кўп тўлайсизки, сотиб олган нарсангиз “олтинга” айланади (яъни нақд сотиб олганингиздан кўра анча қимматга тушади). Агар буни шартли равишда йиллик фоизда айтадиган бўлсак, насияга сотиб олинган нарсанинг устамаси 50 дан 80 фоизгача чиқади (бизнинг ҳолатда насияга сотиб олинган нарсанинг устамаси йиллик 80 фоизга тенг бўлди!). Демак, биз бирор нимани насияга сотиб оладиган бўлсак, у нарса бизга нақдга олгандан салкам икки баравар қимматга тушади!
Иккинчидан, насияга сотиб олганда ҳеч қандай тўловни амалга оширмасдан турли нарсаларга эга бўлиш имконияти, сизга ҳақиқатда жуда зарур бўлмаган, йилнинг катта қисмини бир бурчакда чанг босиб ётадиган кераксиз нарсаларни сотиб олишга ундайди.
Учинчидан, насияга сотиб олаётган пайтингизда сиз хушмуомала сотувчилар билан гаплашасиз, лекин бир ойдан кейин тўловлар бошланади ва сизнинг телефонингиз турли хизматлар, чегирмалар ва турли кераксиз нарсаларнинг доимий рекламаси, тўловни ўзи вақтида қилиш зарурлигини эслатувчи хабарлар, сизнинг картангиздан тўлов доирасида ечиб олинган пуллар ҳақидаги СМС ларга тўлиб, асабингизни эговлашни бошлайди;
Тўртинчидан, агар нарсалар ислом молияси тамойилларига мувофиқ бўлган насия савдо битими доирасида сотиб олинган бўлса тўлов кечиккани учун пеня/жарима ундирилмайди, лекин шартнома фоизсиз, бироқ пеня кўзда тутилган битим асосида бўлса, у ҳолда сиз эътиборсизлик қилиб тўлов муддатини ўтказиб юборсангиз, шариат нуқтаи назаридан ҳаром ҳисобланувчи пеняни ҳам тўлашингиз керак бўлади, акс ҳолда тегишли идоралар буни мажбурий равишда амалга оширишади. Шахсан бизнинг ҳолатда эҳтиётсиз/эътиборсизлик ва бошқа сабаблар натижасида тўлов бир неча марта ўз вақтида амалга оширилмади, лекин битим ислом молияси тамойилларига мувофиқ бўлганлиги сабабли биздан жарима/пеня ундирилмади, лекин асаблар эговланди. Шу ўринда, вақтида тўлашига аниқ ишонса пеня кўзда тутилган шартномани имзолаш мумкин деган гап бугунги шиддатли равишда тез ўтаётган, турли керак ва керакмас чалғитувчи маълумотларга тўла ҳаётимизга тўғри келмаслигига амин бўлдим (мен ўзимни масъулиятсиз инсон деб билмасам ҳам, бир неча бор тўловларни ўз вақтида амалга оширилмадим. Агар шартномада пеня кўзда тутилган бўлганда биз аллақачон рибога кириб қолган бўлардик. Аллоҳ асрасин).
Мавзуга оид бизнинг тавсиялар:
1. Имкон қадар насияга нарса сотиб олманг;
2. Агар бирор нимани насияга сотиб олиш зарурати бўлса, уни дарров сотиб олманг, балки икки-уч кун кутинг, балки шу кунлар ичида ўша нарса сизга керакмаслигини тушуниб етарсиз;
3. Насияга нарса сотиб олишни тарғиб қилувчи рекламаларга учманг;
4. Агар насияга нарса сотиб оладиган бўлсангиз фақат сизга зарур бўлган нарсанигина сотиб олинг, сотувчиларнинг мана бу нарсага ҳам ҳозир чегирма бор, сотиб олсангиз бир ойда арзимаган тўлов бўлади деган ташвиқотларини эшитманг;
5. Шартнома тузишда у ким билан тузилаётганлигига эътибор қилинг, чунки анъанавий молия муассасаларининг шартномалари кўпинча ислом молияси тамойилларига тўлиқ мос келмайди;
6. Шартномани диққат билан ўқиб чиқинг, тўлов ўз вақтида амалга оширилмаса бунинг қандай оқибатлари борлигини билиш учун;
7. Йиллик устамани қанчалигини эринмасдан ҳисоблаб чиқинг, балки ўша нарсани бир икки ой пул йиғиб нақдга сотиб олганингиз сизга молиявий жиҳатдан анча манфаатли бўлар;
8. Агар насияга нарса сотиб олиш жуда зарур бўлса, у ҳолда ўша нарсани имкон қадар махсус акция давомида сотиб олинг (масалан, ҳозирги пайтда насия савдо билан шуғулланувчи баъзи дўконлар молнинг тан нархида бир йилгача муддатга бўлиб тўлаш шарти билан сотишмоқда. Бу сизга анча арзонга тушади).
Ушбу тавсияларимиз сизлар учун манфаатли бўлади деб умид қиламиз.