Қозоғистондаги Abu Dhabi Commercial Bank (ADCB)нинг шуъба банки – Al Hilal Bank ўз номини ўзгартиради ва бундан буён асосий эътиборини корпоратив мижозлар (яъни корхона ва ташкилотлар билан ишлаш)га қаратади. Бу ҳақда Kapital.kz бизнес-ахборот маркази мухбири ADCBга таяниб хабар берди.
“Банк корпоратив мижозларга ADCB бренди остида шариат талабларига жавоб берувчи маҳсулот ва хизматларни таклиф этади. Шу билан бирга, у чакана банк хизматларидан босқичма-босқич воз кечиб, асосий эътиборни корпоратив блокка қаратади”, — дейилади хабарда. Шунингдек, ADCB гуруҳи Қозоғистонда “Замонавий корпоратив банк хизматлари маркази”ни ташкил этиш орқали Марказий Осиёда ўз иштирокини кенгайтиришга ҳаракат қилиши қайд этилган. “ADCB Қозоғистондаги ушбу марказдан мижозларга кенгроқ хизмат турлари, жумладан шариатга мувофиқ корпоратив банк хизматлари, молиялаштиришнинг турли шакллари таклиф қилинади”, – дейилган ушбу хабарда.
“Al Hilal Bank”нинг колл-марказида Kapital.kz бизнес-ахборот маркази мухбирига маълум қилинишича, Банк 1 июлдан бошлаб чакана мижозлар учун карталар чиқариш ва уларга бу йўналишда хизматлар кўрсатиш тўхтатилган. “Банк юридик шахслар билан ишлашга эътибор қаратмоқчи”, деб тушунтирди оператор.
Эслатиб ўтамиз, банкнинг 2023 йил учун аудитдан ўтган молиявий ҳисоботида “банкнинг келгуси беш йилдаги стратегияси корпоратив тармоқни кенгайтиришга қаратилганлиги” қайд этилган.
“Al Hilal Bank” ОАЖ Қозоғистон ва МДҲдаги биринчи ислом банки бўлиб, 2010 йилда ташкил этилган. Банк Abu Dhabi Commercial Bank (ADCB) гуруҳига киради, БААдаги энг йирик банк гуруҳларидан бири. Унинг активлари 167 миллиард доллардан ошади. ADCB гуруҳининг асосий акциядори Абу Даби ҳукуматининг асосий суверен жамғармаларидан бири бўлган Mubadala Investment Company ҳисобланади. Шу сабабли, Абу-Даби ҳукуматини банкнинг якуний назорат қилувчиси дейиш мумкин.
Аслида, банк аввалдан корпоратив тармоққа эътибор қаратган ва фақат 2017 йилга келиб чакана мижозлар билан ишлашни йўлга қўйган эди. Қозоғистон Миллий банки маълумотларига кўра, 2024-йил 1-июль ҳолатига кўра, Қозоғистонда 21 та банк фаолият юритмоқда, улардан иккитаси исломий банк ҳисобланади. “Al Hilal Bank” ислом банки активлари бўйича йигирманчи ўринда туради. Банкнинг активлари 154,4 миллиард тенгега тенг. Жорий йилнинг январ-май ойларида банкнинг соф фойдаси 1 миллиард тенгедан ошди.
Манба: https://kapital.kz/