Бугунги кунда жаноза намози ўқиш олдидан имом-домла марҳумнинг яқинларидан бирини чақириб: “Маййитнинг қарзлари, олди-бердилари бўлса, даъвогарлар хат-ҳужжат билан келишса уларни (яъни қарзларни) зиммангизга оласизми?” – деб сўрайди. У одам марҳумнинг қарзларини зиммасига олгандан кейин жаноза ўқилади.*
- Ушбу жараён қанчалик тўғри йўлга қўйилган?
- Шу билан маййит “ҳаққул абд” (яъни банданинг ҳақи)дан халос бўладими?
- Вафот этган инсоннинг қарзларини зиммасига олган киши ўша қарзларни тўлаб бериши керакми?
Келинг, марҳум учун ҳам, унинг яқинлари учун ўта муҳим бўлган бу масалани кўриб чиқамиз.
Биринчидан, вафотидан кейин ўзидан мол-мулк қолдирган маййитнинг меросхўрлари маййитнинг қолдирган мол-мулки ҳисобидан унинг қарзларини ёпиши керак (улар омма олдида маййитнинг қарзларига кафил бўлишса ҳам, бўлишмаса ҳам).
Агар меросхўрлар бизни бу иш билан шуғулланишга вақтимиз/имконимиз/истагимиз йўқ дейишса, демак улар бу ишни амалга оширадиган бирор одамни ўз ҳисобларидан ёллаб бўлса ҳам ташкил қилишлари керак, акс ҳолда улар меросдан фойдаланиши мумкин бўлмайди ва гуноҳкор ҳам бўлишади.
Агар маййитдан қолган мол-мулк унинг қарзларини ёпишга етмаса ва меросхўрлар маййитнинг охиратига бефарқ бўлишмаса, у ҳолда улар ўз ҳисобларидан қолган қарзларни ёпишлари керак. Бироқ, уларнинг бунга имкониятлари ёки истаклари бўлмаса, ҳеч ким уларни бунга мажбур қилолмайди.
Мана энди, вафот этган инсоннинг қарзларини жаноза пайтида зиммасига олган киши (у меросхўрлардан бирими ёки йўқми бундан қатъий назар) ўша қарзларни тўлаб бериши керакми деган масалани кўриб чиқамиз. Биз бу масалада маҳаллий уламоларимиз томонидан берилган жавоб ва фатволарни ўрганиб чиқиш жараёнида икки хил фикрга дуч келдик.
- Маййитнинг қарзларини зиммасига олган киши унинг қарзларини ўша қолган мол-мулк етганича ёпади. Қолган мол-мулк қарзларни ёпишга етмаса, у савоб умидида марҳумнинг қарзларини ўз ҳисобидан ёпиши мумкин, лекин истамаса уни бунга ҳеч ким мажбур қилолмайди (қаранг: https://hidoyat.uz/21142);
- Қарзларни зиммасига олган маййитнинг эгаси ёки бошқа шахс бўлсин, маййитнинг қарзларни ундан қолган мол-мулк ҳисобидан ва етмаса, ўз ҳисобидан адо қилиб беради, чунки у шуни зиммасига олди ва энди сўзидан қайта олмайди (қаранг: http://old.muslim.uz/index.php/fiqh/item/9288; https://savollar.islom.uz/s/66290).
Қарзлар тўлиқ адо қилинсагина маййит “ҳаққул абд”дан халос бўлади, дейилади.
Демак, маййитнинг меросхўрлари, ҳақдорлар ва бошқа бунга алоқадор томонлар масалани тўғри тушунишлари ва шунга қараб қарор қабул қилишлари учун имом домлаларимиз жаноза пайтида маййитнинг қарзини зиммасига олаётган томоннинг ва ҳақдорларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини оддий тарзда аниқ тушунтириб беришлари ва уларнинг якуний қарорини оммага эълон қилишлари маййитнинг қарзи юзасидан пайдо бўлиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олади. Масалан, бу қуйидагича кўринишда бўлиши мумкин:
а вариант) марҳумнинг ўғли отасининг кимдандир қарзи бўлса ва ҳақдор хат-ҳужжат ва/ёки гувоҳлар билан келса уни (яъни қарзни) марҳумдан қолган мол-мулк етган миқдорда адо этишни зиммасига олди;
б вариант) марҳумнинг ўғли (акаси/укаси/набираси/биродари…) отасининг (укасининг/акасининг/бобосининг/биродарининг…) кимдандир қарзи бўлса ва ҳақдор хат-ҳужжат ва/ёки гувоҳлар билан келса уни тўлиқ адо этишни зиммасига олди.
* Умуман олганда, жанозадан аввал мана шундай савол-жавоблар бўлмаса-да, маййитга намоз ўқиш дуруст. Зеро, мазкур савол-жавоблар жанозанинг рукни ёки фарзи эмас.