- Қурбонлик оқил, балоғатга етган, муқим (яъни мусофир эмас), мулкида ҳожати аслиясидан ташқари (ортиқча) 85г. тилла ёки 595г. кумуш қиймати баробарида нарсаси бор кишиларга вожиб бўлади. Ҳожати аслиядан ташқариларга яшаб турган ҳовлисидан ташқари ҳовлилар, пулни банд қилиш учун сотиб олинган уйлар, ижарага бериб қўйилган уловлар, тижорат моллари, омбордаги маҳсулотлар барчаси кириб кетади.* Шунингдек, бу мол-мулкларининг қиймати нисобга** етганига бир йил тўлган бўлиши ҳам шарт эмас.
- Агар аёл кишини тақинчоқлари ва уйдаги кераксиз нарсалари (масалан, турли ишлатилмай турадиган қимматбаҳо идишлари) нисоб миқдорига етадиган бўлса, аёл кишининг зиммасига ҳам қурбонлик қилиш вожиб бўлади.
- Бир кишини учта ёки тўртта ўғиллари бўлиб, улар билан биргаликда тижорат қилсалар ва уларни еб-ичиши, турар жойлари бир жойда бўлса, лекин асл мол отаники бўлиб, фарзандлар отага ёрдамчи бўлсалар, бундай ҳолатда отанинг зиммасига қурбонлик вожиб бўлади. Фарзандларга эса, қурбонлик вожиб бўлмайди. Агар фарзандлари ҳам (алоҳида) нисоб эгалари бўлсалар, уларнинг зиммасига ҳам қурбонлик қилиш вожиб бўлади.
- Бир неча киши ўртага пул ташлаб бирор тижорат ёки ишлаб чиқариш қилса ва уларнинг барчасини ўртадаги пули нисобга етса, лекин ўртадаги пулдаги ҳар бирининг улуши нисобга етмаса, бирортасини зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлмайди.
- Мусофир киши гарчи бой бўлса-да, унинг зиммасига қурбонлик сўйиш вожиб бўлмайди (“Ал-Фатово ал-ҳиндийя” китоби). Демак, қурбонлик сўйиш вожиб бўлган кунларда бой киши мусофир бўлиб қолса, унга қурбонлик қилиш вожиб эмас. Мусофирлиги сабаб қурбонлик қилмагани учун гуноҳкор бўлмайди. Мабодо, мусофирлигига қарамасдан қурбонлик сўяверса, қурбонликнинг савобига эришади.
- Ҳанафий мазҳабимизга кўра, қурбонлик зиммасига вожиб бўлган бўлсада, унутиш, бепарволик ва бошқа сабаблар билан қурбонлик қилмаган киши, шу йилнинг ҳисобидан битта қурбонликка ярайдиган қўйнинг қийматини камбағалларга бериши вожибдир. Агар қурбонликка жонивор сотиб олган бўлса, ўша жониворни тириклигича садақа қилиши вожиб бўлади. Агар билмай (масалан, қурбонлик кунлари ўтиб кетган бўлса ҳам сўявераман деб) сўйиб қўйган бўлса, гўштини ўзи емай фақирларга садақа қилиши вожибдир.
- Зиммасига қурбонлик вожиб бўлган кишининг қурбонлик учун жонлиқ сотиб олишга нақд пули бўлмаса, лекин сотиш учун мўлжалланган мол-мулки/маҳсулотлари бўлса (ва у одам Қурбон ҳайити кунларида молини сотиб нақд пулга айлантириб ёки ўша маҳсулотини қурбонликка яроқли жонлиққа айирбошлаб улгурмайдиган бўлса), у ҳолда бу одам бировдан қарз олиб қурбонлик учун жонлиқ сотиб олиши (1) ёки қурбонлик қилинадиган жонлиқни насияга сотиб олиши мумкин (2).
- Қарзи бор, лекин қурбонлик қилмоқчи бўлган киши қўлидаги маблағдан қарзларини ажратиб ташлайди, қолган пули ва ҳожати аслиясидан ташқари мол-мулкининг қиймати нисобга етса, қурбонлик қилади, бўлмаса йўқ (демак, қурбонлик қилмоқчи бўлган киши аввало қарзини бериб қутилгани мақсадга мувофиқ экан).
- Бировнинг омонатга қўйган маблағига жонлиқ олиб қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди.
- Қурбонлик қилинадиган жониворларни сути соғилмайди, юнги олинмайди, минилмайди, ижарага берилмайди. Агар соғиб қўйилса ёки юнги олинса, сутининг ёки юнгининг қиймати садақа қилиб юборилади, чунки қурбонлик учун олинган жонлиқни миниш ва ундан фойдаланиш макруҳдир. Мабодо, ундан фойдаланиб, нуқсон етказса, етказган нуқсон миқдорича маблағ садақа қилинади. Агар уни ижарага берса, ижарадан тушган даромадни садақа қилади.
- Туя ёки буқа/сигир (қорамол)ни 7 ёки ундан камроқ одам шерик бўлиб сўйишлари мумкин. Шундай ҳолатда, яъни бир неча киши шерик бўлиб, қурбонлик қилинаётганда судхўр ва шу каби ҳаромдан мол топувчилар шерик қилинса, ҳеч бир кишининг қурбонлиги дуруст бўлмайди. Шунингдек, шериклардан бирортаси гўшт арзон тушиши мақсадида шерик бўлса ҳам бирортасининг қурбонлиги жоиз бўлмайди.
- Сигир ёки туяни шерик бўлиб сўйганлар етти ё ундан озроқ киши бўлса ҳам, улардан бирортасининг гўштдаги насибаси 1/7 (еттидан бир)дан кам бўлмаслиги керак. Акс ҳолда қурбонлик жоиз бўлмайди.
- Қурбонлик қилмоқчи бўлган киши қўйни тирик сотиб олиб, кейин қон чиқариши шарт. Чунки қурбонликда ибодат қон чиқаришга боғлаб қўйилган. Тириклайин сотиб олмоқчи бўлганда қассоблар чамалаш учун тирик қўйни тарозуда тортиб кўришларининг зарари йўқ. Чунки кейин харидор қўйни тирик ҳолда сотиб олади.
- Қурбонликнинг гўштидан ёки терисидан ёки унга тегишли бирор-бир аъзосини қурбонликни сўйган қассобга хизмат ҳаққи сифатида бериш мумкин эмас. Лекин, қурбонлик қилувчи қассобнинг ҳаққини ўз ҳисобидан бериб бўлгандан кейин, қассобга эҳсон сифатида қурбонликнинг гўшти, ёғи, териси каби нарсаларидан бериши жоиз. Бунда қассобга хизмат ҳаққидан ташқари ҳадя берилаётган бўлади.
- Қурбонлик гўштидан камбағал ва фақирлардан ташқари бойларга ва мусулмон бўлмаган кишиларга ҳам бериш мумкин.
- Қурбонлик гўшти ва терисини сотиб бўлмайди. Лекин уларни доимий фойдаланиладиган ашёларга алмаштириш мумкин.
Манба: fatvo.uz; fiqh.uz; islom.uz
_______________________________________________________________________________
* “Ҳожати аслия”га одамнинг турар жой уй/ҳовлиси, уй анжомлари, совуқ ва иссиқдан ҳимоя қилувчи турли либослари, ҳунармандларнинг асбоб-ускуналари, автомашинаси, от-уловлари, аҳли илмларнинг китоблари, деҳқончилик асбобларига ўхшаш кишининг кундалик ҳаётида зарур бўлган нарсалар киради. Ушбу нарсаларнинг қиймати қурбонликни вожиб қилувчи нисобни ҳисоблашда инобатга олинмайди.
** Динимизда бойлик нисоби 85 грамм тилло ёки унинг қийматидаги пул ва мол-мулкка эга бўлиш билан белгиланади. Демак, ҳожати аслиядан ташқари ушбу айтилган маблағга эга бўлган эркак ва аёллар қурбонлик қилишлари вожиб бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси 2024 йилда нисоб миқдорини 40 млн.сўм деб белгилаган.