Кўпчиликнинг хабари бор, Тошкентда россиялик ишбилармонлар билан халқаро Digital Uzbekistan форуми бўлиб ўтмоқда. Ушбу тадбирда финтеклар, банклар, турли давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, ҳамда молия тармоғининг бошқа иштирокчилари қатнашишмоқда. ПЛАС форум давлат тузилмалари, банк-молия тармоғи ва савдо тармоғининг ўзаро ҳамкорлиги масалаларига бағишланган.
Анжуманнинг стратегик вазифалари қаторига Ўзбекистон иқтисодиёти ривожига ҳисса қўшиш, банк ва молиявий технологиялар соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, бу соҳаларда янги истиқболли лойиҳалар, жумладан, халқаро лойиҳаларнинг кўпайишига туртки бериш киради. Шунингдек, форум доирасида онлайн ва офлайн савдонинг ривожига кўмаклашиш масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда.
Анжуман ташкилотчилари томонидан сиз билан бизни қизиқтирадиган масала – ислом молияси ривожига ҳам эътибор қаратилиб, бу мавзу муҳокамаси учун тегишли мутахассисларни таклиф қилган ҳолда алоҳида сессия ташкил қилинди.
Ушбу сессияда маъруза қилиш ва иштирокчилар саволларига жавоб бериш учун бизни ҳам таклиф қилишди.
Сессия ишида маҳаллий ва россиялик мутахассислар, давлат ташкилотлари, тижорат банклари ва вакиллари иштирок этишди.
Биз соҳада қилинаётган ишлар, муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида маъруза қилдик, иштирокчилар саволларига жавоб бердик.
Тадбирда иштирок этган экспертлар, хусусан, Россиянинг Тинькофф банк вакили ислом молияси йўналишида биз билан ҳамкорлик қилиш мақсадини маълум қилди. Шу ўринда айтиб ўтиш лозим, Тинькофф банк жорий йилда ислом молияси тамойилларига мувофиқ бўлган молиявий маҳсулот ва хизматларни таклиф қилишни бошлаши кутилмоқда.
Яна бир нарсани мамнуният билан таъкидламоқчимиз, тадбирда иштирок этган кўпчилик мутахассислар, хусусан, россиялик мутахассислар ҳам ўз маърузаларида биз 2020 йилда Ўзбекистонда ислом молияси бўйича ўтказилган кенг кўламли сўровнома асосида тайёрланган тадқиқотдан фойдаланишди (халқимиз, умматимиз учун манфаатли бўлишини ният қилиб тайёрланган тадқиқотдан кўпчилик фойдаланаётганлиги биз учун қувонарли ҳол, албатта).
Биз ўз маърузамизда қуйидаги масалаларга тўхталиб ўтдик:
Замонавий анъанавий банк-молия тизимида ўзгаришлар шитоб билан рўй бермоқда, хусусан, виртуал банклар очилмоқда, деярли ҳар ойда янгидан-янги пул ўтказиш тизимлари, финтеклар пайдо бўлмоқда. Ислом банк-молия тизимининг ҳам ўсиш суръатлари яхши, сўнгги йилларда ислом молия муассасалари активларининг ўсиш суръати йилига 10-15% ни ташкил қилмоқда. Аммо шунга қарамай, жаҳон банк-молия тизимидаги ислом молия муассасаларининг улуши жуда кам: умумий банк-молия активларининг бор-йўғи 1 фоизини ташкил этади. Ваҳоланки, бугунги кунда мусулмонлар дунё аҳолисининг чорак қисмини ташкил қилишади. Яъни ислом банк-молия тармоғининг улуши каттароқ (бизнингча камида 10%) бўлиши мумкин эди.
Хўш, бундай вазиятда нима қилиш керак?
- Ислом молияси талабларини дақиқ нуқталаригача тушуниш;
- Ушбу талаблардаги дақиқ нуқталарни барча тегишли гуруҳларга, Ислом маҳсулотлари ва хизматларини таклиф қилувчилар ва истеъмолчиларга етказиш;
- Ислом молияси талабларига жавоб берадиган янги молиявий маҳсулотлар ғояларини ишлаб чиқиш ва уларни мавжуд анъанавий молиявий маҳсулотлардан кўра соддароқ/тушунарлироқ бўлишини таъминлаш;
- Ислом молияси бўйича пайдо бўлаётган саволлар ва муаммоларни муҳокама қилиш ва улар бўйича тўғри ечимлар топиш учун мутахассислар платформасини ташкил қилиш;
- Пухта ўйланган ва ишлаб чиқилган ғоялар асосида янги маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва татбиқ қилиш учун (ва якунида улар орқали пул ишлаш учун) сармоядорлар топиш;
- Ишлаб чиқилган ва платформада муҳокама қилинган молиявий маҳсулотларни кенг тарғиб қилиш.
Жаҳонгир Имамназаров, “Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)