Кўпчилигимиз исроф нима эканлигини тасаввур қиламиз, лекин табзир нима эканлигини билмаймиз. Қуръони Каримда исроф маъносида «табзир» сўзи ҳам ишлатилади. Лекин исроф ҳам, табзир ҳам ўзбек тилига исроф деб таржима қилинган (Қуръони каримнинг мазмун-моҳиятини араб тилидан бошқа ҳеч қайси тилда тўлиқ очиб бериб бўлмаслигига яна бир бор амин бўламиз). Шундай қилиб, исроф ва табриз ўртасидаги фарқларни тушуниб олишга ҳаракат қиламиз. Зеро, биз мусулмонлар учун бу жуда муҳим ва долзарб мавзу (айниқса муборак Рамазон ойи яқинлашиб келаётганлигини инобатга оладиган бўлсак).
«Исроф» сўзи араб тилида «чегарадан чиқиш» ва «бир нарсани қасддан унутиш» деган маънони англатади. «Фалон ишда исроф бўлди», деган жумла миқдоридан ортиқча сарф бўлди, деган маънони билдиради. Ҳадиси шарифда: «Учинчи (ювиш) шарафдир, тўртинчиси исрофдир», дейилган.
Исрофга турлича таъбирлар берилган, жумладан:
«Инсон қиладиган ҳар бир ишда ҳаддидан ошиши исрофдир».
«Исроф – арзимаган нарса учун кўп мол сарфлашдир»;
«Исроф – инфоқда ҳаддан ошишдир»;
«Исроф – кишининг ўзига ҳалол бўлган нарсани ейишда мўътадилликдан ортиқча, керакли миқдордан зиёда емоғидир»;
«Исроф – ҳаддан ошишда узоққа кетишдир».
Юқорида айтиб ўтганимиздек, Қуръони Каримда исроф маъносида «табзир» сўзи ҳам ишлатилади. Табзирни ўзбек тилига “беҳуда сарф” ёки “қайтарилган нарсалар/ишларга (маблағ, вақт, диққат..) сарф қилиш” деб таржима қилиш мумкин.
Демак, исроф сарф қилиш мумкин бўлган нарсани ҳаддан ташқари кўп сарфлашдир. Табзир эса тақиқланган нарсалар, кераксиз жойларга сарфлашдир. Албатта, бу нозик фарқ уламоларнинг баҳсларида ўз ифодасини топган. Хусусан, “Ибн Обидин” номи билан танилган асл исми эса Муҳаммад Амин ибн Амр ибн Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Абдураҳмон ибн Нажмиддин ибн Муҳаммад Салоҳиддин бўлган ҳанафий мазҳабининг етук фақиҳи, ўзининг машҳур “Роддул мухтор” китобида бу ҳақда шундай деган:
“Табзир одатда исроф маъносида ишлатилади. Аслида, улар (яъни исроф ва табзир) орасида фарқ бор. Бу шуни англатадики, исроф рухсат этилган харажатда ҳаддан ошишни, табзир эса тақиқланган/қайтарилган сарф-харажатни англатади”.
Қуръони Каримда исроф қаттиқ қораланган, исрофчилар турли салбий сифатлар билан сифатланган. Уларнинг оқибати яхши бўлмаслигининг хабари берилган. Жумладан:
«Қариндошга ҳаққини бер! Мискинга ва йўқсил мусофирга ҳам. Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма!» (Исро сураси 26-оят).
Аллоҳ бой-бадавлат кишиларга ота-оналарига, қариндошларига, мискинларга ва кўчада қолган (мусофир)ларга қўлларидаги мол-мулкдан сарфлашни амр қилиш билан бирга,
«Исрофгарчиликка (табзирга) мутлақо йўл қўйма!» деб амр қилмоқда.
Ислом нуқтаи назарида табзир ноҳақ, ҳаром-хариш йўлларга мол-дунё сарфлашдир. Агар ноҳақ ишга, ҳаром-харишга арзимаган пул сарфласа ҳам, исрофгарчиликка йўл қўйган бўлади.
«Албатта, исрофчилар (мубаззир) шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса Роббига ўта ношукр бўлгандир» (Исро сураси 27-оят).
Ушбу оятларда айнан табзир (неъматларни беҳудага/ботилга сарф қилиш), ва мубаззир (неъматларни беҳудага/ботилга сарф қилувчи) сўзлари ишлатилган.
Исрофчилар неъматнинг қадрига етмайдилар, шукр қилмайдилар. Агар шукр қилганларида, ўзларига ато этилган неъматларни ботилга, ноҳаққа, ҳаром-харишга, маъсият ва ёмонликка сарф қилмаган бўлардилар. Лекин улар шайтонга биродар бўладилар. Шайтон эса ношукрлиги ва кибри туфайли кофир бўлди.
Аллоҳ таоло барчамизни исроф ва табризнинг моҳияти ва оқибатини англаб етадиган ва унга йўл қўймайдиган бандалари қаторида бўлишимизни насиб этсин!