Рўза ва маҳсулдорлик ҳақида ўйлаганимизда, бу иккиси бир-бирига қарама-қарши бўлиб туюлади! Ахир, бир вақтнинг ўзида узоқ вақт оч ва чанқоқ қолган ҳолатингизда қандай қилиб диққатни жамлашингиз ва самарали бўлишингиз мумкин?
Бироқ, рўза тутиш ва самарадорлик ўртасида сиз тушунишингиз қийин бўлган бир қанча қизиқарли боғлиқликлар мавжуд. Рўза сизга мақсад ва масъулият ҳиссини беради; бу сизни вақтингиз ва кучингизни оқилона тақсим қилиш ҳамда кераксиз ишлар ва вақтни беҳуда ўтказишга сабаб бўладиган нарсалардан қочишга ундайди.
Жиҳан Анвар хоним “Самарали мусулмон” учун икки қисмдан иборат қизиқарли маълумот тайёрлаб бердилар, унда рўза тутиш қандай қилиб унумдорликни оширишининг бешта усули кўрсатиб берилган:
1. Сиз ўзингизнинг хулқ-атворингиз ва фикрлаш тарзингизни таҳлил қилишни бошлайсиз: Рўзанинг дастлабки уч кунида сиз ўз хатти-ҳаракатларингизга кўпроқ эътибор бера бошлайсиз. Бу эса бизга Аллоҳни ва ўзимизни янада кўпроқ англаш имкониятини беради. Ҳушёрлик ва атрофингиздаги ҳолатлардан бохабарлик сизга бекорчи/бесамар нарсалардан халос бўлишга ёрдам беради, сиз бунга онгли равишда эришасиз.
2. Одатлардан воз кечиш осонлашади: Самарасиз/бекорчи одатлар – бу биз тез-тез қилиб турадиган ва шу сабабли ҳаётимизнинг бир қисмига айланиб кетган кераксиз/бесамар ишлардан бошқа нарса эмас. Овқатланиш ва ичиш каби асосий ва туғма эҳтиёжлардан маълум вақтга воз кеча олиш, биз ўзимиз учун “керак” деб ўйлаган ёмон одатларни ҳам тўхтатиш қобилиятига эга эканлигимизни тушунишимизга сабаб бўлади (кўп мусулмонлар бу ойда чекишни ташлашади). Биз Рамазон ойида ақл ва қалбнинг ҳақиқий қувватига гувоҳ бўламиз, бундан ташқари биз яхши амалларимизни кўпайтиришимиз ва ёмон амалларимизни имкон қадар камайтиришимиз кераклигини англаймиз. Нималарни ўзингизга одат қилишга ва қайсиларини тарк қилишга тайёрсиз?
3. Рўза тутиш, қаҳва ичишга, тамаки чекишга ёки тамаддига кетадиган танаффусларни камайтиради, яъни вақтимиз исроф бўлмайди: Агар ўйлаб кўрсангиз, биз овқатланиш учун жуда кўп вақт сарфлаймиз. Одатда, диққатни йўқотганимиздан кейин яна уни жамлаш учун 15 дақиқадан 30 дақиқагача вақт талаб этилади, яъни тамадди қилиш, сигарет чекиш ёки қаҳва ичиш сабабидан чалғишингиз сизга ўйлаганингиздан кўра қимматроққа тушиши мумкин. Юқоридаги каби диққатингизни чалғитувчи ишларни тарк этишингиз асосий ишингизда диққатни жамлашга ва ишларингизни тезроқ якунлашга ёрдам беради, бу эса ўз навбатида сизга кўпроқ бўш вақт тақдим этади.
4. Рўза тутиш диққатни жамлаш ва уни бир нуқтага қаратишга ёрдам беради: Фаоллик ва қувват даражангизни кўпроқ англаганингиз сари, сиз уларни онгли равишда доимгидан яхшироқ бошқара оласиз. Биз бирдан пайдо бўладиган хоҳиш-истакларимизга “йўқ” дейишни ўрганганимизда, онгимизнинг танамиз устидан назоратини яхшилаймиз ва кучайтирамиз. Биз ўзимизни маълум муддатга тартибга сола олсак, нафсимиз ва шаҳватимиз устидан назоратни тиклаймиз. Шундай қилиб, биз ўтмишда бизни тўхтатиб турган руҳий тўсиқларни бузишни бошлаймиз.
5. Рўза танангизга тузалиш ва янгиланиш жараёнини бошлаш имконини беради: Соғлиқ билан боғлиқ муаммоларни хал қилиш, яъни танангизни даволаш учун одатда очлик тавсия этилади. Касал бўлган вақтингизни эсласангиз, у вақтда иштаҳангиз ҳам яхши бўлмаганлигини эслайсиз. Очлик, танангизга даволаниш жараёнида қувватнинг кичик заррачасини ҳам (яъни овқат ҳазм қилишга сарф бўладиган қувватни ҳам) даволанишга йўналтиришга ёрдам беради. Бундан ташқари, сиз ўзингизни ёшроқ ва соғлом ҳис қиласиз (бу ўз навбатида самарадорлигингизни янада оширади).
Рўзанинг асосий афзалликларидан бири бу унинг иродамизни янада мустаҳкамланишига ёрдам беришидадир. , Флорида давлат университети психологи, ушбу мавзу бўйича бир қатор китоблар ҳаммуалифи Рой Ф. Баумейстер, ирода кучини “васвасага қарши туриш ва қисқа муддатли завқлардан кўра узоқ муддатли имтиёзларни устун қўйиш қобилияти” деб таърифлайди. Айнан шу нарса бизга рўза тутишда ёрдам беради. Бу бизни васвасага (овқат, ичимлик, жинсий алоқа) қарши туришга ва қисқа муддатли лаззатлар ўрнига узоқ муддатли (маънавий) манфаатларни афзал кўришга ундайди. Баумейстер аниқлаган қизиқ нарсалардан бири, бу ирода кучининг мушакларга ўхшашлигидир. Яъни уни машқ қилдириш,у ҳақда назарий томондан мулоҳаза юритиш ва чиниқтириш орқали иродамизни янада мустаҳкамлашимиз мумкин. Шундай қилиб, 30 кунлик рўза сизнинг иродангизга қандай ижобий таъсир қилиши ҳақида ўйлаб кўринг.
Рўза тутишнинг афзалликлари жуда кўп, аммо биз кун давомида қўшимча энергияга эга бўла олмаганимиз сабабли, биз дарров самарасиз бўлиб қоламиз, деб шошиб тахмин қиламиз. Умид қиламизки, бу бўлим рўза тутиш бизнинг самарадорлигимизни оширишини исботлайди ва бизга йил давомида фақат Рамазон ойида эмас, балки бошқа ойларда ҳам тез-тез рўза тутиб туришимизга туртки бўлади.
Манба: Муҳаммад Абдуллоҳ Фариснинг “Самарали мусулмон: иймон ва самарадорлик учрашганда” номли китоби асосида тайёрланди.