Ислом молияси бўйича халқаро стандартларни ишлаб чиқувчи AAOIFI ташкилотининг Баҳрайндан ташқаридаги илк ваколатхонаси Қозон шаҳрида ўз фаолиятини бошлади. Шу муносабат билан Татаристон пойтахтида молия сектори вакиллари, давлат ҳокимияти органлари ҳамда экспертлар жамоаси иштирокида ваколатхонанинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги консуллиги вакиллари, ўзбекистонлик мутахассислар ҳам иштирок этишди.
AAOIFI (Accounting and Auditing Organization for Islamic Financial Institutions) — ислом молияси институтлари учун бухгалтерия ҳисоби, аудит ва шариатга оид халқаро стандартларни ишлаб чиқувчи етакчи ташкилот ҳисобланади. Ташкилот 1991 йилда таъсис этилган бўлиб, штаб-квартираси Баҳрайн Қироллигининг Манама шаҳрида жойлашган.
AAOIFI стандартлари ислом молияси бўйича фаолият юритувчи банклар, такафул компаниялари, исломий инвестиция фондлари, марказий банклар ва молиявий назорат органлари ва бошқа шариатга мувофиқ молиявий институтлар фаолиятини тартибга солишга хизмат қилади. Бугунги кунда ушбу стандартлар дунёнинг 45 дан ортиқ давлатларида қўлланилиб, ислом молияси соҳасида шаффофлик, ишонч ва ягона ёндашувни таъминлашга ҳисса қўшмоқда.
Қозон шаҳрида AAOIFI вакилатхонасининг очилиши муносабати билан давра суҳбати ташкил этилди. Унда Татаристон Республикаси Президенти Рустам Минниханов, AAOIFI васийлик кенгаши раиси шайх Иброҳим бин Халифа ал-Халифа, Россия Марказий банки раисининг ўринбосари — штат-котиби Алексей Гузнов, Давлат Думаси Молия бозори қўмитаси раиси Анатолий Аксаков, Давлат Думаси Иқтисодий сиёсат қўмитаси раиси Максим Топилин, Россия ва МДҲ мамлакатларидан исломий молия бўйича экспертлар, шунингдек йирик банклар раҳбарлари иштирок этди.

Дастлаб Татаристон давлат раҳбари Рустам Минниханов AAOIFI раиси билан Россияда ҳам, хорижда ҳам бир неча бор учрашган. Хусусан, 2024 йил ноябрь ойида Минниханов иштирокида Россия Марказий банки AAOIFI билан ҳамкорлик меморандумини имзолади. Ушбу ҳужжат Марказий банкнинг мазкур ташкилот аъзолигига киришини назарда тутади. Шунингдек, ўша пайтда AAOIFIнинг Татаристон билан фаол ҳамкорлик қилиши ва республикада ислом молияси бўйича конференcиялар ўтказишига алоқадор келишувга эришилган эди.
Қозон шаҳрида халқаро ташкилотнинг вакиллик маркази очилиши МДҲ маконида иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инвестиция имкониятларини кенгайтириш ва барқарор молиявий институтларни ривожлантириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам ҳисобланади.
«Ишонаманки, мазкур Марказ МДҲ мамлакатлари ва қўшни ҳудудлар учун экспертлар ўртасидаги мулоқот, мутахассислар тайёрлаш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ҳамда энг илғор тажрибаларни алмашишга хизмат қиладиган самарали майдонга айланади», — деди Рустам Минниханов.

AAOIFI раиси шайх Иброҳим бин Халифа ал-Халифа республикада марказ очилишига қўшган ҳиссаси учун Татаристон Раисига миннатдорлик билдирди. Шунингдек, шайх бин Халифа ислом молиясининг барқарор ривожланиши ҳақида шундай дейди:
«Ислом молияси эндиликда глобал молиявий тизимда тор доирали сегмент эмас. У муҳим таркибий қисм сифатида эътироф этилмоқда. Бугунги кунда ислом молияси активларининг умумий ҳажми 6 триллион АҚШ долларидан ошган. 2029 йилга бориб улар 9,7 триллион АҚШ долларига етиши кутилмоқда. Ўртача йиллик ўсиш суръати 10–12 фоизни ташкил этади».
AAOIFI билан ҳамкорлик қилиш Татаристон учун ислом молияси соҳасидаги муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Эслатиб ўтамиз, республика 2023 йил сентябридан бери ислом молияси бўйича тажриба амалиёти олиб борилаётган Россиянинг тўрт ҳудудидан бири ҳисобланади. Дастлаб ушбу тажриба икки йилга мўлжалланган эди, кейинчалик уни амал қилиш муддати 2028 йил 1 сентябрига қадар узайтирилди.
Юртимизда фаолият юритувчи “’Mezon Kengashi” ислом молияси бўйича хизмат кўрсатувчи ташкилот мутахассислари ҳам Қозон шаҳрига бориб, AAOIFI ваколатхонаси очилишида иштирок этдилар. Давра суҳбати ва кўргазмада Ўзбекистонда ислом молиясининг ривожланиши, қонунчилик бўйича қилинаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.

Тадбир давомида “Mezon Kengashi” ва AAOIFI ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. “Mezon Kengashi” ташкилоти AAOIFI томонидан Ўзбекистонда консалтинг, таълим, AAOIFI стандартларни тарғиб қилиш, шунингдек AAOIFI тадбирларини ташкил этиш бўйича расмий ҳамкор ташкилот сифатида келишув имзоланди. Ҳамкорлик ва биродарлик рамзи сифатида “Mezon Kengashi” томонидан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг рус тилидаги 10 томлик “Тафсири Ҳилол” ва бошқа китоблар Қозон шаҳридаги AAOIFI ваколатхонасига тақдим этилди.


Бу ҳамкорлик Ўзбекистондаги ислом молияси соҳасини ривожлантириш, халқаро стандартларни жорий этиш ва мутахассисларни тайёрлашда янги имкониятларни яратади.