Ислом тараққиёт банки (IsDB) ва Қирғиз Республикаси қишлоқ хўжалиги, энергетика ва таълим соҳаларидаги учта лойиҳа учун умумий қиймати 129,11 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи молиялаштириш келишувларини имзоладилар.
Бу маблағ ичида Ислом тараққиёт банки васий сифатида ҳаракат қилаётган Таълим бўйича Глобал Ҳамкорлик (GPE) томонидан тақдим этилган 15 миллион долларлик грант ҳам мавжуд.
Келишув IsDB президенти доктор Муҳаммад ал-Жассар ва Қирғиз Республикаси Молия вазири Алмаз Бакетаев иштирокида имзоланди.
Молиялаштирилаётган учта лойиҳа мамлакатда устувор соҳаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган:
▪️ Биринчи лойиҳа қишлоқ хўжалигини механизация қилиш ва қишлоқ ҳудудларда маҳсулдорлик ҳамда аҳоли турмуш даражасини ошириш учун кредит линияси ташкил этади.
▪️ Иккинчи лойиҳа Иссиқ-Кўл вилоятидаги Тамға ва Қароқўл шаҳарларида электр узатиш линиялари ва подстанцияларни қуришни молиялаштиради.
▪️ Учинчи лойиҳа эса “Смарт таълим” (Smart Education) лойиҳасини қўллаб-қувватлаш орқали Қирғизистонда барча болалар учун инклюзив ва сифатли таълим имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
IsDB гуруҳи Қирғизистонда инфратузилмани ривожлантириш, хусусий сектор ўсиши ва халқаро савдони қўллаб-қувватлаш учун 89 та лойиҳа учун умумий 631 млн. доллар молиялаштиришни маъқуллаган.